«Яхши ният қилсангиз, яхши инсонларга рўпара қилиб қўяди» – бошқаларга ибрат бўлиб яшаётган ҳайдовчи билан суҳбат
Kun.uz’нинг навбатдаги меҳмони I гуруҳ ногирони, имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, ҳаётда ўз ўрнини топиб, бошқаларга ибрат бўлиб яшаётган Муроджон Туробов бўлди. Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида туғилган. У 1,5 ёшидан юролмай қолган. Бироқ имконияти чекланган бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунда ўзига мослаштирилган махсус машинада ҳайдовчилик касби билан шуғулланиб келади.
– Муроджон ака, ёшингиз нечада, нима сабаб бўлиб оёқларингиз ҳаракатланмай қолган?
– 1973 йилда туғилганман. Болалигимда қизамиқ касаллигига чалинганман. Ота-онам айтиб берардилар: 1,5 ёшимда деворларга суяниб юра бошлаганман ва қизамиқ касаллигига чалинганимдан кейин докторлар келиб, «ванна қилинг», дейишган. Онам ванна қилганларидан кейин, Аллоҳнинг иродаси билан умуман юролмай қолган эканман. Ота-онам ўтиб кетишган. Оилада 5 қиз, бир ўғилмиз, энг кичиги менман. Отамнинг кўзи ожиз бўлган. Онам савоб учун уларга турмушга чиққанлар. Онамнинг ўзи соғлом бўлганлар. Отам 20 йил мобайнида тўшакка михланиб қолгандилар ва онам уларни ана шу йиллар давомида парваришлаганлар.
– Ўзингизга иш жадвали ҳам тузиб олган бўлсангиз керак?
– Аравачада юраман, ўзим чиқиб кетаман, уйга қайтганимда эшикни очиб беришади, ўзим кираман. Масжидга ҳам ўша аравачада бораман. Иш графигим оддий, эрталаб намоздан сўнг чиқиб кетаман, тушликда соат бирда уйда бўламан. Аср намозини ўқиб бўлиб яна шомгача ишлайман, кечқурун ишга чиқмайман. Жума куни дам олиш...
Бир кунда тоза 100 минг сўм топаман, шукр, тирикчилигимга етади, кимгадир оғирлигим тушмайди. Онам ҳаётлик пайтларида ҳамма “пат-пат” дейдиган машинага [мотоколяска] навбатга ёздириб қўйгандилар. Собиқ СССР пайти эди. «Запорожец» машинасига ҳам навбатга ёздирганлар. Шу билан СССР тарқалиб кетди, машина ҳам ололмадик. Косиблик цехи бор эди, бизнинг уйимизда усталар ижарада туриб ишлашарди. Ўшалар билан бирга оёқ кийим тикиб, 2 минг доллар пул йиғиб, биринчи машинам – «Tiko»ни олганман. Уни 10 йил ҳайдадим, ундан сўнг «Nexia» ҳайдадим. Тирикчилигим асосан, мана шу киракашликдан. Ўзимни ўзим таъминлайман.
Кўриб турганингиз тўртинчи машинам. «Tiko»ни олганимда икки йил уйда турган. Чунки қўлга мослаштира олмаганман, устасини топа олмаганман. Ва ниҳоят устасини топдим ва ҳаммасини қилиб берди.
– Нега лавҳа суратга оламиз деганимизда юзингизни кўрсатишни хоҳламадингиз? Ахир биз сизни ибрат қилиб кўрсатишимиз керак. Ҳозирги кунда соғлом бўла туриб, бировга боқиманда бўлиб ўтирган инсонлар ҳам йўқ эмас орамизда. Сиз эса ҳаётга оптимистик кўз билан қарайсиз.
– Тўғри айтасиз, бир одамга бўлса ҳам ибрат бўлиш керак, албатта. Лекин юзимни кўрсатишни хоҳламаганлигимнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Аслида, мени кўпчилик танийди. Маҳаллада, бошқа жойларда... Энди ибрат оламан деган инсон олаверади. Ўзига боғлиқ. Тошкент бўйича ногирон ҳолида автомобил бошқараётган битта мен эмасман, бор бундай йигитлар. Усталар танийди, айтиб қолишади. Қолаверса, ўз ҳолатимни кўрсатишдан андиша бор эди...
– Йўлда “ГАИ” ходимлари тўхтатиши мумкин, хоҳлаймизми-йўқми, иш фаолиятингиз ноқонуний.
– 570 минг нафақа пули оламан, биринчи гуруҳ ногирониман, ишлаш мумкин эмас аслида менга. Иш стажингиз кўп бўлса, пенсия ҳам кўпроқ оласиз. Мен шу масала бўйича мурожаат қилиб борганман, менга лицензия беринг, стажим учун деб. 1-2-гуруҳ ногиронларига лицензия берилмас экан. «Унда мен нима қиламан?» деганимда «Бирортаси бошингизни қотиряптими, бемалол ишлайверинг», дейишган. “ГАИ” ходимлари ҳам неча марта тўхтатган бўлса, ҳурмат қилиб, тушуниб, яна қўйиб юборишади, ҳатто узр сўрашади.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олишим ҳам қизиқ бўлган. Бир куни таниш бир “ГАИ” ходими тўхтатди-да: «Сен бунақа юрмагин, сизларни махсус ўқитиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси берадиган жой бор, ўша ерга боргин, мен телефон қилиб айтиб қўяман», деди ва манзилни берди. Қиш эди, 2003 йил. Борганман. Улар кўрдилар-да, «Ука, машина ҳайдашни биларкансиз, бу ерга 3 йил келиб қийналиб юрманг, кассага 73 минг тўланг-да, кетаверинг, 3 ойдан кейин чақираман, ҳужжатларингизни олиб кетасиз», деганлар. Яхшилик қилганлар менга.
– Танишувимизда бир ҳолат эътиборни тортди: йўлкира учун тортишмадингиз. Бошқалар билан ҳам шунақа муомала қиласизми?
– Йўлкира борасида ҳеч қачон тортишмаганман, берганлари тўғри келса, олиб бориб қўяман. Бировнинг дилини оғритиш йўқ. Баъзан текинга ҳам элтиб қўяман, дуо қилиб, тушиб кетганлар ҳам бўлган, мўлжалдан кўпроқ берганлар ҳам бўлган. Бундай ҳолатларда мен ҳадя бўлса оламан, дейман. Бошқа ҳолатда буни қабул қила олмайман. Бугун ҳам “Кўзи ожизлар жамияти”дан бир гуруҳ кўзи ожизлар чиқишди. Бир тадбирга боришлари керак экан, автобус келиши керак бўлган, келмаган. Хафа бўлиб туришган экан. «Кўкча масжидигача, 10 минг сўм берамиз» дейишди, рози бўлдим ва манзилга етиб тушаётганларида, пул керакмас, дуо қилинглар, дедим.
– Ҳар хил йўловчилар чиқади машинангизга, турли инсонларни кўрасиз. Қизиқ воқеаларга ҳам дуч келган бўлсангиз керак?
– Албатта, бунақа воқеалар бўлган. Бир куни машинамга бир йўловчи чиқиб қолди ва манзилга яқинлашганда телефон рақамимни сўради. Мен, йўқ, манзилимиз узоқ бир-биримизга, мен боролмайман, маҳалладагилар, яқинроқда турадиганлар чақирса бораман, дедим. Шунда у «Йўқ, мен сизни ўғилларимга ибрат қилиб кўрсатмоқчиман, икки ўғлим бор, ишламасдан уйда ётади, менинг топганимга яшайди», деди. Лекин мен «Узр, боролмайман, бу ўзингиз берадиган тарбияга боғлиқ», деб қўя қолганман. Кўп бўлади бундай воқеалар.
Майли, сизга айтаман, буни оммага ошкор қилмасангиз яхши бўларди. Яқинда яна бир воқеа юз берди. Машинадан 9 миллион билан 1 минг 10 доллар пулимни ўғирлаб кетишди. Пул ҳам майли, ҳужжатларни ҳам ўша сумкачада қўшиб олиб кетган. Ҳеч бўлмаса ҳужжатларни бирор жойга ташлаб кетар, деб кутдим, афсус, ундай бўлмади. Шундай бўлиши керак бўлса, кимдир сабабчи бўлади, дейишади-ку. Ҳар хил инсон бор экан, Худодан қўрқмайдиган. Ҳаммаси инсоннинг ўзига, тушунчасига боғлиқ. Ҳали айтганимдай ибратни ҳам оладиган олади. Одамлар масжидлардан пул ўғирлашяпти-ю...
Ҳаётда инсон кўп мураккаб вазиятларга дуч келаркан. Аллоҳнинг ўзи ҳам ниятни яхши қилсангиз, яхши инсонларга рўпара қилиб қўяди. «Tiko» машинасини олганимда, ҳатто йўлларни билмас эдим, кўчага чиқмаганман-да. “Йўлни кўрсатасиз” дея ким қаёққа деса кетаверардим. Аста-секинлик билан шаҳарни ўргандим. Кейин «Nexia» олдим. Унга метан газ қўйдиришга тўғри келди, бироз иккиландим, чунки «заправка»га борганда машинадан тушиш керак. Аллоҳга таваккал, дея газ қўйдирганман. Биринчи «заправка»га дўстим билан борганман. Машинадан тушиб турганман, у кириб «заправка»дан олиб чиқиб берган машинани. Ҳар куни дўстимни олиб боролмайман-ку, деган ўйда кейинги сафар ўзим борганман. «Заправка» қилиб бўлиб чиқиб кетаётсам, бир ишчиси келиб «Ака, хўжайин айтяпти, бошқа келмас экансиз бу ерга», деб айтган. Чунки машина ичида ўзим бўлганман-ку.
Кейинги сафар бошқа бир «заправка»га борганман ва навбатда туриб, ўзимдан кейинги машина эгасига илтимос қилганман, мен тушиб тураман, машинада кириб чиқинг, деб. У бажонидил рози бўлган. Ўзим пастга тушиб ўтириб кутганман. Шунда «заправка» хўжайини бу ҳолатни кузатиб турган экан. Чиқиб кетаётсам, ёнимга келиб «Мен кўрдим сизни, энди бунақа қилманг, болаларга айтиб қўяман, бемалол кириб, навбатсиз «заправка» қилиб чиқиб кетаверинг», деган эди. Бир хил вазиятда икки одамда икки хил муносабатнинг гувоҳи бўлганман ўшанда...
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи - Муҳиддин Қурбонов.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг биринчи босқичи якунланди
Ўзбекистон | 16:16
-
Ўзбекистон Россия билан ЖСТга аъзолик йўлидаги “ҳал этилмаган масалалар”ни муҳокама қилди
Иқтисодиёт | 16:14
-
Бундесвер ўзининг биринчи ҳудудий мудофаа бўлинмасини ташкил қилди
Жаҳон | 15:32
-
Германиянинг Украинага ёрдами 3 миллиард еврога оширилади
Жаҳон | 15:27
Мавзуга оид

11:11
2024 йилда «права»си йўқ ҳайдовчилар 400 дан ортиқ ЙТҲ содир қилди – Сенат жавобгарликни кучайтирмоқчи

10:36
Қўқонда тез тиббий ёрдам машинасида кўчат ташиган ҳайдовчи ишдан олинди

12:23 / 14.03.2025
Сурхондарёда 3 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9,5 йилга қамалди

09:21 / 14.03.2025