Ўзбекистон | 15:17
3981
5 дақиқада ўқилади

“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат

Охирги пайтларда хитойликлар Ўзбекистонни эгаллаб олаётгани, ерга ҳамда бозорга даъвогарлик қилаётгани хусусида ахборот кўпайиб, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Kun.uz суҳбатлашган сиёсий таҳлилчилар фикрича, бундай информацион уруш ташкилотчилари бутунлай бошқа давлатда ўтирган бўлиши мумкин. Хитой билан орамиз бузилишини истовчи кучлар ҳам бор, дейди сиёсатшунослар.

Статистикага кўра, Ўзбекистондаги хорижий компаниялар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Масалан, 2025 йил 1 феврал ҳолатига кўра, республикада жами 3 467 та Хитой компаниялари мавжуд. Бу 2024 йил билан солиштирганда 43 фоизга кўп дегани. Бошқа давлатлар билан таққосланса, Россия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва АҚШнинг ўнлаб ташкилотлари ёпилган бир даврда Хитойники кўпайган. Бироқ Пекиннинг дунёдаги сиёсий-иқтисодий гигант роли ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг ривожланаётган статусида бу жиддий муаммо уйғотмайди, миллий манфаатларга мос келади.

Ижтимоий тармоқларда, одамлар ҳамда жамоатчилик орасида Хитой фуқаролари мамлакатимизда тубдан кўпайгани, хитойча ошхона, ресторан, хизмат кўрсатиш шохобчалари-ю, савдо нуқталари сони ошаётгани ҳақида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Айниқса, бизнес доиралар вакиллари, тадбиркорлар бозори синишини айтиб, хитойликларга қарши бирлашишга чорловчи видеоларни эълон қилмоқда. Хўш, тармоқдаги “Хитой хавфи” қанчалик реал?

Сиёсатшунос профессор Сайфиддин Жўраевга кўра, Хитой – хавф эмас. Дунёнинг энг гигант давлатларидан бири ёнимизда, Хитой билан алоқа қилмасак, ойга чиқишимиз керакми, дейди у.

“Марказий Осиё шимолдан Россия, шарқдан Хитой, жанубдан Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва шу каби катта давлатлар қуршовида. Бу мамлакатлар билан алоқалар бўлиши – табиий. Хитой эса энг катта савдо ҳамкор, дунёда иқтисоди 2-ўринда турибди, яқин орада 1-ўринга чиқади. Хитой хавф эмас, биз учун имкониятлар давлати” – Сайфиддин Жўраев, сиёсатшунос

Сиёсий таҳлилчи Анвар Миркомиловга кўра, хитойликларнинг миллий боғда ўтказган корпоратив тадбири ҳамма гап-сўзларни бошлаб берди.

“Миллий боғда Хитой компаниясининг ўтказган югуриш маршидан сўнг шу гап-сўзлар бошланди. Тармоқда улар ерларимизни эгаллаб олаётгани ҳақида ҳам муҳокама кетмоқда. Лекин Ер кодексига кўра, Ўзбекистонда ерлар чет элликларга сотилмайди. Аслида бизда ердан фойдаланиш мумкин холос. Чунки у давлатники” – Анвар Миркомилов, сиёсатшунос

Тармоқдаги ёндашувлар – “хитойлашув эффекти”га уланиб, асосий мақсад халқни хитой ёзуви ва маданиятига мослаштириш эканига урғу берилмоқда. Норасмий манбалардаги видеоларда эса юртдошларимиз “хитойликлар дўст эмас” экани, уларнинг мақсади “нархларни синдириш, ўз монополиясини ўрнатиш ҳамда миллий бозорни эгаллаш”ни айтмоқда. Сиёсий таҳлилчилар фикрича, бу масала пропагандага айланди ва ахборот уруши фонида ишлаш доимгидан-да қийин. Бу кайфиятни энди йўқотиб бўлмайди, кучайиб бораверади, дейди профессор Сайфиддин Жўраев.

“Халқаро муносабатларда ҳамма нарса тенглик ва манфаат устига қурилади. Хитой шунчалик катта бўлмасин, қийналмоқда. Ўзининг товарларини Ғарбга ва асосий бозорларга йўналтириш учун Марказий Осиё жуда муҳим” - Сайфиддин Жўраев, сиёсатшунос

Анвар Миркомил фикрича, Ўзбекистон бош вазири матбуот котибининг аҳолини ортиқча хавотир ва манипуляцияга берилмаслик чақириғи – яхши қадам бўлди. Лекин ўз вақтида шу ишни, дунё билан алоқаларни масъул идора – ТИВ ва унинг матбуот хизмати қилганида гап-сўзлар бу қадар кўп тарқалмасди. Бироқ профессор Жўраев масала ички аҳамиятга эга экани ва муаммони “регистрация қилмаслик” учун вазирлик жим турганини оқлади.

Бундан ташқари, БМТ доирасидаги Ўзбекистон-Хитой алоқалари тилга олиниб, икки давлат позициялари бир-бирига яқин экани қўшимча қилинди. Тошкент ўндан ортиқ резолюцияларга муаллифлик қилди, Пекин эса бу ташаббусларни қўллади, ижобий овоз берди, дейди суҳбатдошлар.

Хитой дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан алоқада, бироқ яқин тарих Пекинга боғланиб қолган камбағал ва ривожланаётган давлатлар тақдирини яққол кўрсатади. Ер ижараси, иқтисодий дипломатия сиёсати натижалари ва қарздорлик маълум маънода ўша давлатларни Хитойга қарам қилган. Ўзбекистон ҳам бу хавфдан холи эмас, ваҳоланки охирги йилларда Пекин Тошкентнинг бирламчи иқтисодий шеригига айланган. Аммо сиёсатшуносларга кўра, икки давлат алоқалари тенгликка асосланган. Ҳар бир келишув ортида шартномалар туради, форс-мажор ҳолатларда шу ҳужжатлар гапиради, дейди улар.

Суҳбатнинг тўлиқ вариантини Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид