Жаҳон | 20:18 / 14.03.2025
8687
4 дақиқада ўқилади

Трамп: «Путин билан жуда яхши ва самарали музокара ўтказдик»

Трамп Путиндан Курск областида «қуршовда қолган» «минглаб» украин ҳарбийларига раҳм қилишни сўраганини айтди. Аслида эса  Z-манбалар ҳам, кузатувчилар ҳам ҳеч қандай «қуршов» ҳақида хабар беришмаган. 

Фото: REUTERS/Leah Millis

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social  ижтимоий тармоғида Владимир Путин билан музокаралари ҳақида ёзди.

«Кеча биз Россия президенти Владимир Путин билан жуда яхши ва самарали музокаралар ўтказдик ва бу даҳшатли, қонли урушни ниҳоят тугатиш учун барча имкониятлар мавжуд. АММО ҲОЗИРГИ ПАЙТДА МИНГЛАБ УКРАИНАЛИК АСКАРЛАР РОССИЯ ҲАРБИЙЛАРИ ТОМОНИДАН ТЎЛИҚ ҚУРШОВДА ВА ЖУДА ЁМОН ҲАМДА ЗАИФ АҲВОЛДА», – деб ёзди Трамп. – Мен президент Путиндан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни қатъий сўрадим. Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери бўлмаган даҳшатли қирғин бўларди. Парвардигор уларнинг барчасини паноҳида асрасин!»

Аммо бу постдан Қўшма Штатлар етакчиси Россия президенти билан шахсан гаплашганми ёки гап Путин ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги музокаралар ҳақида кетяптими — буни англаб бўлмайди (кейинроқ Оқ уй аниқлик киритиб, Владимир Путин билан шахсан Доналд Трамп эмас, балки АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф гаплашганини билдирди).

Кремлда Путин ва Трамп ўртасидаги музокаралар ҳақида хабар берилмади, гарчи бундай суҳбат ғояси у ёки бу форматда муҳокама қилинаётган бўлса ҳам. 14 март куни журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбат санаси ҳали келишиб олинмаганини айтди.

Шунингдек, амалда Украинанинг қандайдир бўлинмалари қуршовда қолгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Ҳафта давомида Россия мудофаа вазирлиги Курск областидаги Суджа шаҳри озод этилганини эълон қилганди. Шу билан бирга, россиялик «ҳарбий мухбирлар» ҳам, украиналик кузатувчилар ҳам Украина қуролли кучлари қисмлари жиддий тўқнашувларсиз ва зирҳли техникалар бой берилмаган ҳолда чегара ортига олиб кетилгани ҳақида айтишган.

Украина қуролли кучлари бош штаби эса Трампни ёлғончиликда ва Россия пропагандаси учун ишлашда айблаб, украин қўшини Курск областида «қуршаб олингани» ҳақидаги маълумотни фейк деб атади: «Украина бўлинмалари қуршаб олингани ҳақидаги маълумотлар Россия пропагандасининг бир қисмидир. Украина мудофаа кучлари муваффақиятли қайта гуруҳланди, қулайроқ позицияларни эгаллади ва жанговар топшириқларни бажаришда давом этмоқда».

  • Владимир Путин ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги музокаралар 13 март куни ёпиқ тарзда бўлиб ўтган. Улар, жумладан, АҚШнинг Украина фронтидаги 30 кунлик сулҳ бўйича таклифини муҳокама қилиши кутилганди. Аввалроқ Киев бу ғояни қўллаб-қувватлаган эди.
  • Оқ уй учрашувда нималар муҳокама қилингани ҳақида хабар бермади, бироқ Уиткоффнинг ташрифи натижасини «эҳтиёткорона оптимизм» билан баҳолаш мумкинлигини билдирди. Кремлдагилар айтишича, учрашувда  «Россия томонига қўшимча маълумотлар тақдим этилган», Путин эса ўз навбатида Уиткофф орқали Трампга маълумот ва «қўшимча сигналлар» юборган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, учрашувдан сўнг вақтинча сулҳ бўйича музокараларга нисбатан «эҳтиёткорона оптимизмни ҳис қилишга асос бор».
  • Шу куни Путин Россия АҚШнинг Украинада 30 кунлик сулҳ эълон қилиш бўйича илгари сурган таклифига рози эканини, бироқ «нозик жиҳатлар» ва муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар борлигини очиқ айтди. Улар орасида – Курск областидаги украин ҳарбийлари билан нима бўлиши ҳақидаги савол ҳам бор.

Мавзуга оид