Фан-техника | 17:20 / 05.03.2025
17099
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг «Атом» электромобили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин

«Кама» компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган технологияни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Фото: Кама

«Атом» электромобилини ишлаб чиқаётган Россиянинг «Кама» компанияси уни ишлаб чиқариш ва компания технологияларини экспорт қилиш масаласида Ўзбекистон, Хитой ва бошқа бир қатор давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда компаниянинг давлат идоралари ва корпоратив ҳамкорлари билан муносабатлари бўйича директори Анатолий Кияшко маълум қилди.

«Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти билан учрашувда «Атом» ишлаб чиқариш ёки «Кама» компанияси томонидан ишлаб чиқилаётган технологияни Ўзбекистонда қўллаш имкониятларини кўриб чиқиш мумкинлигини айтган эди. Биз шундай музокаралар олиб бормоқдамиз. <...> Технологиялар - электромобилларнинг платформа қисми ҳам, дастурий таъминот технологиялари ҳам жуда рақобатбардош, шунинг учун уларни экспорт қилиш мумкин», деди Кияшко.

Унинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар билан ҳам шундай музокаралар олиб борилмоқда. «Биринчи навбатда бу Хитой», деб қўшимча қилди агентлик манбаси.

«Атом» электромобили илк бор 2023 йил май ойида тақдим этилган. Уни серияли ишлаб чиқариш ва сотиш 2025 йил иккинчи ярмида йўлга қўйилиши режалаштирилган. 500 км гача юра оладиган электромобил 8 сонияда 100 км/соат тезликка эришади.

 

Мавзуга оид