Ўзбекистон | 20:00 / 27.02.2025
18916
10 дақиқада ўқилади

“Ўзбекфилм” ёки “Басмачфилм” – совет даври тарғиботи қандай олиб борилган?

Совет даврида “Ўзбекфилм” ҳақида гап кетганда ҳатто москвалик ижодкорлар уни киноя билан “Басмачфилм” деб аташарди. Бу бежизга эмасди. Иттифоқнинг бошқа республикаларида жойлашган киностудиялар турли мавзуларда филмлар суратга олиб юрган пайтда “Ўзбекфилм”да асосан “босмачи”ларни қоралаб филм ишланган.

Тарих саҳнида 74 йил умр кўрган совет даврида давлат томонидан жуда кучли тарғибот олиб борилди. Одамларни пуч ғояларга ишонтириш учун ёлғонлар уқтирилди, тарих бузиб кўрсатилди.

Айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярмида телевидение ва кино саноати ривожлангандан сўнг ёлғон тарғибот учун кенг имкониятлар пайдо бўлди.

Ўшангача тарихни сохталаштириш учун адиблардан, тарихчилардан фойдаланилган бўлса, кейинроқ бутунлай ёлғондан иборат филмлар ишланадиган ва телевидениеда бот-бот кўрсатиладиган бўлди.

КГБ ва “МВД”нинг “ижод”даги рақобати

1960-70 йилларда СССРда Ички ишлар вазири Николай Шчёлоков ва Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раҳбари Юрий Андропов бир-бирига тескари бўлиб қолади.

Шундан сўнг уларнинг ҳар иккиси турли адибларни ёллаб бири милициянинг, иккинчиси КГБ ходимларининг “шарафли” хизмати ҳақида асарлар ёздиради.

Андропов, Брежнев ва Шчелоков
nnm.me

Улар бу билан чекланиб қолмайди ва режиссёрларга ҳар икки соҳани улуғлаб филмлар суратга олдиради.

Шчёлоковнинг буюртмаси билан суратга олинган филмларда милиционерлар жасур, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган инсонлар сифатида тасвирланади.

Андропов суратга олдирган филмларда эса КГБ ходимлари, турли разведкачилар “супермен” қиёфасида гавдалантирилади.

Узоққа бормайлик, “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” филмини кўпчилик томоша қилган. Кўп қисмли мазкур филмда совет разведкачиси Штирлицнинг мисли кўрилмаган қаҳрамонликлари ҳикоя қилинади.

Ана шу филм Юлиан Семёновнинг “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” номли романи асосида суратга олинган. Адиб ушбу романни айнан КГБ раҳбарияти буюртмаси билан ёзган.

Юлиан Семёнов
culture.ru

Адиб Тоҳир Малик Юлиан Семёнов ва унинг асарлари ҳақида шундай ёзади:

“Етмишинчи йилларда “Дружба народов” журналида ҳикоям босилди. Миннатдорчилик билдириш учун таҳририятга киргандим, Юлиан Семёновнинг “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” романини совға қилишди.

Шу китобни ўқиб кетарман деб самолётда эмас, поездда қайтишга қарор қилдим. Кейин бу ишимдан афсусландим. Чунки китобнинг 20 бетини зўрға ўқидим. Асар роман дейилгани билан бадиийликдан анча йироқ эди. Киносини кўрса бўларкан-у, китобни ўқиш мумкин эмас экан. Кейинги сафар Москвага келганимда бу ҳақда Медведевга фикримни айтдим. Шунда у алам билан баъзи нарсаларни гапириб берди.

Юлиан Семёнов деганлари КГБ идораси билан яқин алоқада бўлгани учун архивдан асарлар учун маълумот олиш осон экан. У атрофига 5-6 нафар истеъдодли ёш ёзувчиларни тўплаб, асар нима ҳақда бўлишини айтиб, архивдан олган маълумотлар билан таништираркан. Шундай қилиб “асар”нинг бир бобини Петя, иккинчисини Вася, ўнинчисини Катя ёзиб бераркан. Сўнг Семёновнинг адабий котиби бу бобларни бир-бирига “улаб, ямаб” чиққач “қуроқ” роман пайдо бўларкан”.

Ака-ука Вайнерлар
Babr24

Шчёлоков бошчилигидаги ИИВ ака-ука Аркадий ва Георгий Вайнерлар билан ҳамкорликда ишлаган. Вайнерлар айнан ИИВ раҳбариятининг буюртмаси билан милиция ходимларининг оламшумул қаҳрамонликлари ҳақида асарлар ёзиб берган. Кейин ўша асарлар асосида филмлар суратга олинган.

Ўзбекфилм – “Басмачфилм”

Бошқа иттифоқдош республикалар қатори, бундай ишлар Ўзбекистонда ҳам бўлган. Республикадаги ягона киностудия – «Ўзбекфилм»да асосан совет тарғиботи учун филмлар суратга олинган.

Тоҳир Малик ўзининг “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деб номланган асарида Комил Яшиннинг “Ҳамза” романи ҳақида сўз юритиб шундай ёзади:

“Ўзбеклардан оташин инқилобчи етишиб чиққанини кўрсатиш учун “Оловли йўллар” деб номланган кўп қисмли филм ишладилар. Минг афсуски, бу ишни энг моҳир режиссёр Шуҳрат Аббосов амалга оширди. “Тошкент нон шаҳри”ни суратга олган маҳоратли киноижодкор учун бу ярашмади.

Филм тўлалигича Бутуниттифоқ телевидениесида тантана билан намойиш этилди. Ўзимиздаги санъатшунослар мақташди, совет иттифоқи тарихидан хабардор барча зиёлилар эса устимиздан кулишди. Бу томоша “Ўзбекфилм” эмас, “Ёлғонфилм” маҳсулоти эди. Доимий равишда босмачиларни қоралаб филм ишлайвергани учун “Ўзбекфилм”ни “Басмачфилм” деб аташ расм бўлганди”.

Тоҳир Малик “Ўзбекфилм”да суратга олинган “Оловли йўллар” ҳақида ёзар экан, унинг ижодкорлари филмни бошдан оёқ ёлғон билан тўлдирганини ва бу иши билан одамларнинг нафрати ва кулгисига қолганини ёзади:

“Ёлғонга асосланган бу томошада бир воқеа бор: Ҳамзанинг рус хотини ҳомиладор бўлади. Ўзбек аёллари уни ўраб олиб, қийнашади. Бу фожиани кўриб даҳшатдан сесканиб кетдим. Даҳшат ўзбек аёлларнинг зулмида эмас, даҳшат ёлғоннинг экранда бу қадар уятсизларча акс этишида эди. Наҳот бу нодон ижодкорлар миллат шаънига балчиқ чаплаётганини англамаган?”

Ҳамзанинг ҳаёти ҳақида олинган кўп серияли бу филмда ёлғонлар шу билан тугаб қолмайди. Филм “ижодкорлари” Ҳамзани ҳинд ёзувчиси Рабиндранат Тҳакур билан ҳам учраштиришади.

"Оловли йўллар" филмидан кадр

Тоҳир Малик филмдаги бу ёлғонга шундай муносабат билдиради:

“Дунёдаги энг моҳир каззоб ҳам ёлғон тўрини булар каби усталик билан тўқий олмайди. Москванинг “Чапаев”, “Кочубей”, “Разведкачининг жасорати” каби филмларида ҳам тўқима бўлган. Лекин унинг ижодкорлари халқни ёлғонга ишонтира олишган. Кейинчалик яратилган “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси”, “Қилич ва қалқон” каби филмларга ҳам одамлар ишонишди. Лекин “Ҳамза”даги сценарий ҳам, режиссура ҳам актёрларнинг ижрочилик маҳорати саёзлиги ва пастлиги учун “расвофилм” деган мартабадан ўзгага эришмади. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Ҳамза буюк Рабиндранат Тҳакур билан учрашса, унга инқилобий ғоялардан “ваъз” ўқиса?! Тағин ҳам “Ёлғончифилм”да инсоф бор экан, биз Ҳамза Тҳакурга “комфирқа аъзоси” деган гувоҳнома ёзиб берармикан, деб кутувдик...”

Ўзбекфилм совет тарғиботи учун ишлар экан, биргина Ҳамза ҳақидаги бутунлай ёлғон ва бўҳтонлардан иборат “Оловли йўллар” филми билан чекланиб қолмайди.

Ундан аввалроқ суратга олинган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ёр-ёр” ва бошқа кўплаб филмлар айнан совет тузуми тарғиботи учун суратга олинганди.

“Ўзбекфилм”нинг аксарият ҳолларда совет тарғиботи учун ишлашини жуда кўпчилик биларди. Бироқ бу ҳақда совет даврида оғиз очиб бўлмасди.

Таниқли шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Ўзбекфилм”га” деб номланган шеъри бор. Бу шеър қачон ёзилгани ҳақида маълумот топа олмадим. Бироқ тахминимча, совет даврининг охирроқларида ёзилган.

Шоир унда шундай ёзади:

Унвонлар жаранглаб унвонга тегди,

Димоқлар юксалиб осмонга тегди.

“Ўзбекфилм, чўпчагинг жонга тегди,

“Ўзбекфилм, чўпчагинг жонга тегди...

Штирлицни мукофотламоқчи бўлган Брежнев

Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтишни жоиз деб билдим. Юлиан Семёновнинг “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” асари чоп этилганда унча оммалашмаган. Чунки Тоҳир Малик таъкидлагандай уни дуруст асар деб бўлмасди.

Видеодан кадр, 
YouTube Muslimaatuz

Бироқ шу роман асосида суратга олинган кўп қисмли “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” филми телевидениеда намойиш этилгандан сўнг асар ҳам, ёзувчининг ўзи ҳам машҳур бўлиб кетади. Чунки аслида ҳаётда умуман бўлмаган одам ҳақидаги филм жуда ишонарли қилиб ишланганди.

Ўшанда Штирлицнинг довруғи ҳатто мамлакат раҳбари Леонид Брежневгача етиб боради ва у совет жосусини орден билан мукофотламоқчи ҳам бўлади. Шунда унга секингина Штирлиц ўйлаб топилган образ эканини шипшитишади.

КГБ билан ҳамкорликнинг аччиқ якуни

КГБ билан ҳамкорликнинг охири аянчли тугайди. 1990 йилда 59 ёшли ёзувчи юрак хуружига учрайди. Ўшанда унинг ёнида ББС мухбири Оливия Лихтенштейн бўлган. Адибни шифохонага олиб боришганда иккинчи марта юрак хуружига учрайди. Бунга икки нафар қора кийимли шахс эса у ётган палатага киргани сабаб бўлган.

Юлиан Семенов
oz.by

Ҳодиса гувоҳлари ўша икки киши КГБ ходимлари бўлгани ва адиб уларни кўриб жуда қўрққанини айтишган. Ўшандан сўнг Юлиан Семёнов уч йил тўшакка михланиб қолади ва 1993 йилда вафот этади.

Кейинчалик адиб биринчи юрак хуружини ҳам КГБ ходимлари туфайли олгани ҳақида гаплар тарқалади. КГБ бир муддат унинг ёнида бўлган Оливия Лихтенштейнни таъқиб қилади. Бироқ 1991 йилда СССР парчаланиб кетгач ББС мухбирини тинч қўйишади.

Юлиан Семёнов вафот этгунча нега КГБ ходимларидан бунчалик қаттиқ қўрққани сабабини айтмайди. Кейинчалик яқинлари уни КГБ “ўлдирганини” айтиб чиқишади. Ҳа, совет хавфсизлик хизмати билан “ҳамкорлик” ҳар доим ҳам хайрли якун топавермаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид