Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Генераллар иши. Украинада собиқ қўмондонлар ҳибсга олиниши нимани англатади?
Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат қуролли кучлари олий ҳарбий қўмондонлигининг тўрт нафар собиқ вакилига айблов эълон қилиб, улар ҳибсга олинишига эришган.

Фото: BBC Russian
Гап Ҳудудий мудофаа кучлари собиқ қўмондони, генерал Юрий Галушкин, 125-алоҳида бригада собиқ командири, генерал Артур Горбенко ва 23-алоҳида механизациялашган бригада 415-ўқчи баталён командири, полковник Иля Лапин ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, «Анна Киевская» 155-механизациялашган бригадаси собиқ командири, полковник Дмитро Рюмшин ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.
Ушбу зобитлар қўлга олингани ҳақида Давлат тергов бюроси 20 январ куни хабар берган.
Уларнинг барчаси кенг кўламли уруш бошланганидан буён жангларда қатнашиб келаётганди.
BBC улар нимада айбланаётгани, зобитларнинг ўзлари нима дегани ва нима учун бу ишлар атрофида қизғин баҳс-мунозаралар авж олгани ҳақида ҳикоя қилган.
Гумонланувчилар
Юрий Галушкин — Украина қуролли кучларининг 53 ёшли бригада генерали, 2014 йилда аксилтеррор амалиёт (АТО) бошланганида ҳаво-десант қўшинларида раҳбарлик лавозимида бўлган, Донецк аэропорти мудофаасини бошқаришда иштирок этган. 2019–2021 йилларда мудофаа вазирлиги бош инспекциясига раҳбарлик қилган.
Кенг кўламли урушни Галушкин 2022 йилда ҳудудий мудофаа кучлари қўмондони сифатида қарши олади. У қўшинларнинг ушбу турини ташкил этиш ва уни ҳарбий ҳаракатларга тайёрлаш учун тайинланганди. У 2022 йил майида бу лавозимдан бўшатилади ҳамда бошқа ишга ўтказилган.
Галушкин — Богдан Хмельницкий ордени кавалери.

60 ёшли генерал Артур Горбенко кўп йиллар давомида Чегара хизматида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган, хусусан, Шарқий ва Ғарбий регионал бошқармалар бошлиғи бўлган. 2022 йил февралида уруш бошлангач, захирадан қайтган ва ҳудудий мудофаа кучларининг 125-бригадасини бошқарган, бу бўлинма Харкив йўналишида, Луҳанск областида ҳамда Бахмут атрофидаги жангларда қатнашган.
Полковник Иля Лапин АТО давридан буён ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, «Запорижжя» 37-алоҳида мотопиёдалар баталёни штабини бошқарган. 2022 йил мартида Лапинга Запорижжя областидан йиғилган кўнгиллилардан 415-ўқчи баталёнини тузиш ва бошқариш топшириғи берилади.
Полковник Дмитро Рюмшин ҳам 2014-2015 йилларда АТО иштирокчиси бўлган, кенг кўламли уруш бошланганида ҳудудий мудофаа кучларининг 128-бригадаси 231-алоҳида баталёнини бошқарган, икки йил ўтиб «Магура» 47-бригадаси командирига айланган, яна бироз ўтиб «Анна Киевская» 155- механизациялашган бригадаси бошқарувига тайинланган.
Улар нимада гумонланмоқда?
Галушкин, Горбенко ва Лапин — россияликларнинг 2024 йил 10 май кунидаги такрорий босқини вақтида Харкив областидаги муваффақиятсиз мудофаа иши фигурантларидир.
Ўшанда Россия армияси чегарани бир неча жойда кесиб ўтиб, Украина ҳудуди бўйлаб 7-10 км масофада илгарилаган, Вовчанск шаҳри ва Липци посёлкаси учун жанг бошлаганди.
Россияликларнинг тезлик билан илгарилаши фақат дастлабки икки кунда кузатилади, кейин Украина қуролли кучлари бош штаби фронтнинг бу участкаси қўмондонлигини ўзгартириб, захира кучларни олиб келади ҳамда Россия армияси ҳаракатини секинлаштиради. Кейинги саккиз ой давомида Липци ва Вовчанск атрофидаги фронт чизиғи деярли ўзгармади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари айбдорларни Украина қуролли кучлари зобитлари орасидан топиб, улар ушбу муваффақиятсизликка йўл қўйганини даъво қилмоқда.
Давлат тергов бюроси Галушкинни ҳудудий мудофаа кучларининг 125-бригадаси учун онгли равишда унинг жанговар имкониятларига мос келмайдиган мудофаа позицияларини белгилаб беришда айбламоқда. Гўёки унда ушбу позицияларни мустаҳкамлаш учун бошқа бўлинмалар ҳам бўлган, аммо у бундан фойдаланмаган.
«Қўмондон яна бир қанча хатоларга йўл қўйди, жумладан, душманнинг асосий зарба йўналишларини охиригача аниқламаган, мудофаа амалиётларига тайёргарлик кўриш ва амалга оширишни етарли даражада назорат қилмаган. У гуруҳ куч ва воситалари билан ўз вақтида манёврлар амалга оширмаган, бригада бўлинмаларини артиллерия ва авиация билан қўллаб-қувватлашни ташкил этмаган», — дейилади Давлат тергов бюроси баёнотида.
125-бригаданинг собиқ бригада командири генерал Горбенко эса «душманнинг имкониятларини етарлича баҳоламаганликда» ва душман жанговар салоҳияти ва таҳдидларини кучайтиришига «адекват реакция кўрсатмаганлик»да айбланган.
Хусусан, бригада командири гўёки таянч пунктлари ва муҳандислик тўсиқларини ишончли жиҳозлашни ташкил этмаган, кейин эса «жанг майдонидаги асл вазиятдан хабардор бўлмаган».
Полковник Иля Лапинни ҳуқуқ-тартибот идоралари Стрелечя, Красное, Липци ва Слобожанскоеда «мудофаа жанглари ташкил этмаслик»да ва баталённинг 12 нафар ҳарбий хизматчиси ўз позицияларини рухсатсиз тарк этишига йўл қўйишда айблаган.
«Шунингдек, собиқ комбат бригада командирининг бой берилган позицияларни қайтариб олиш бўйича буйруғини эътиборсиз қолдирган», — дейилади баёнотда.
Полковник Лапин Жиноят кодексининг 429-моддаси (жанг майдонини рухсатсиз тарк этиш), генерал Галушкин ва Горбенко — 425-модда, 4-қисми (хизматга оғир оқибатларга олиб келадиган даражада лоқайд муносабатда бўлиш) бўйича айбланган.
Уларга 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда.
Полковник Рюмшин эса яқинда ташкил этилган «Анна Киевская» бригадаси билан боғлиқ можаро доирасида терговга тортилган. Бу бўлинма 2024 йилда тузилган ва француз ҳукумати томонидан жиҳозланган ва ўқитилганди.
Аммо бригада хориждаги машғулотлардан Украинага қайтганида у жанговар тайёр ҳолатда эмаслиги, унинг жангчилари орасида ёппасига дезертирлик ҳолатлари кузатилгани маълум бўлди. Ҳарбийларнинг бир қисми, тахминан 50 нафари Францияда эканидаёқ қочиб кетган.

Полковник Рюмшин айнан шу эпизодда айбланмоқда. Давлат тергов бюроси уни 155-бригададаги қўл остидагилар ҳарбий қисмни ташлаб кетганидан хабардор бўлса ҳам, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бермасликда гумонламоқда.
Бундан ташқари, у «шундай қонунбузарликка мойил» бўлганларни Франциядаги машғулотларга олиб кетиладиган аскарлар рўйхатига қўшган.
«Бригаданинг собиқ командирининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ равишда Украина қуролли кучларининг мудофаа функцияларини ва айрим вазифаларни бажариши шахсий таркиб етарли эмаслиги туфайли қийинлашди. Шунингдек, бу ҳарбий қисмнинг ҳам, умуман мудофаа кучларининг ҳам обрўси ва нуфузига путур етказди, бўлинманинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини пасайтирди, Украина миллий хавфсизлигига янги ҳарбий таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келди», — дейилади Давлат тергов бюроси хабарида.
Рюмшин 426-модданинг 4-қисми (ҳарбий мансабдор шахснинг ҳаракатсизлиги, ҳарбий ҳолат шароитида содир этилган ва катта миқдорда зарар етказган) бўйича гумонланмоқда.
Офицерларнинг ўзи нима дейди?
Ҳибсга олинган офицерларнинг бирортаси айбига иқрор бўлмаган.
Полковник Рюмшин тегишли идораларни ўз бригадасидаги дезертирлик ҳолатлари ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб борганини қайд этган. Францияга сафар борасида эса, у бундан олдинроқ 155-бригаданинг «асосий ўзаги» бошқа ҳарбий қисмларга ўтказилганини айтади.
«Ва Францияга бориш учун биз боридан танладик, чунки бизга бошқа янги одамлар беришмади», — дея Рюмшиндан иқтибос келтирган «Суспільне».
«Биз нормал одамларни саралашга ҳаракат қилдик, ҳатто пиёда бўлмаганларни ҳам шу ўринга ўтказдик, чунки Францияга бориш учун муайян сонга етказиш керак эди. Кейинроқ келганлар эса янада ёмонроқ эди».
Полковник Лапиннинг ҳимоячилари у чиндан ҳам «ўз қўл остидагиларни фронтнинг муайян участкасидан олиб кетгани», аммо бу чекиниш эмас, балки манёвр бўлганини айтади.
«Менинг ҳимоям остидаги шахс суд залида у одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барчасини яхши ва тўғри бажарганини исботлашга уринди. У ҳаётини сақлаб қолиш деб ҳисоблагани учун одамларни жанговар участканинг маълум қисмидан олиб кетган. Бу 2024 йил 10 майда содир бўлган. Амалда бу чекиниш эмас, балки манёвр эди», — дея изоҳлайди адвокат Юрий Кривко.

2024 йил ёзидаёқ генерал Горбенко Россия Харкив областига ёриб кирганини изоҳлай туриб, фронтнинг бу участкасида мудофаани биргина бригада кучлари билан ушлаб туриб бўлмаслигини гапирганди.
«Фронтни бундай шароитда — мудофаа чизиғининг бир километрига атиги бир неча жангчи тўғри келганида — ушлаб туриш жисмонан имконсиз иш. Биз имкон доирасидаги барча ишни қилдик», — дея қайд этган у.
Бригада генерали Галушкиннинг адвокати Михайло Величко BBC Украина хизмати билан суҳбатда Давлат тергов бюроси терговчилари ўз ҳимояси остидаги шахсни июн ойидаёқ гувоҳ сифатида сўроқ қилишганини айтган.
Ярим йил ўтиб эса собиқ қўмондоннинг статуси гумонланувчига ўзгарган. Адвокатнинг сўзларига кўра, бунинг учун асос ҳарбий экспертиза натижалари очиқланиши бўлган, унда гўёки қўмондонлик Харкив областидаги мудофаани ташкил этишда «бошқача» ҳаракат қилиши ҳам мумкин бўлгани аниқланган.
«Менинг ҳимоям остидаги шахс унга берилган куч ва воситаларни тўлиқ ишга солиб, Россия тажовузини қайтаришни таъминлаганидан келиб чиқиб, унга қилинаётган гумон асоссиз деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, қайд этиш керакки, томонларнинг кучлари тенг эмасди ва россияликлар 4 га 1 нисбатида устун эди», — деган адвокат.
Кучларнинг бундай нотенглиги туфайли генерал Галушкиннинг қўл остидагилар Харкив областидаги марраларни узоқ вақт ушлаб туриши «жисмонан имконсиз» бўлган, деб ҳисоблайди ҳимоя.
Киевнинг Печерск район суди 21 январ куни полковник Лапин ва генерал Галушкинни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган, генерал кейинги куни 5 млн гривна миқдоридаги гаров эвазига қўйиб юборилган.
Бир кун ўтиб суд генерал Горбенкони 25 млн гривна, полковник Рюмшинни — 90 млн гривна миқдоридаги гаров пули шарти билан ҳибсга олди.
Бундан ташқари, генерал Галушкин тергов изоляторидан чиқиши билан яна Давлат тергов бюроси ходимлари томонидан қўлга олинган. Улар унга 429-модда 5-қисми (жанг майдонини ўзбошимчалик билан тарк этиш ёки қурол қўллашдан бош тортишга кўмаклашиш) бўйича янги гумон қўйишган.
Кўтарилган шов-шув
Жанговар офицерлар ушланиб, ҳибсга олиниши украин жамиятида кескин реакцияга сабаб бўлди. Амалдаги ҳарбийлар, журналистлар, экспертлар ва сиёсатчилар бу иш бўйича очиқ баёнотлар билдиришди.
Ҳудудий мудофаа кучларининг 125-бригадаси ўз генерали Горбенкони қўллаб-қувватлаб баёнот берди (кейинроқ ўчирилган). Унда бригада командири бошчилигидаги бўлинма Харкив областидаги «чегаранинг улкан участкаси»да одамлар, ўқ-дорилар ва таъминот етишмовчилиги шароитида жанг олиб боргани айтилади.
«Биз адолатга ишонамиз. Биз судда Харкив областидаги асл ҳақиқатни айта олишимизга ишонамиз», — дейилган хабарда.
Дмитро Рюмшин бўйича шу каби баёнот Украина қуролли кучларининг 231-алоҳида баталёни томонидан ҳам тарқатилди. Унда полковник «ўта талабчан, интизомли ва тажрибали командир» сифатида таърифланади.
«Унинг қатъияти ва профессионаллиги бизнинг баталёнга фронтнинг энг қайноқ нуқталарида кўплаб мураккаб вазифаларни бажаришга имкон берди», — дейилади баёнотда.

Собиқ ҳарбий, ҳозирда патрул полицияси бўлими бошлиғи Евгений Жуков (чақирув белгиси «Маршал») ва Ихтисослаштирилган аксилкоррупция прокуратурасининг собиқ бошлиғи, Украина қуролли кучларининг амалдаги офицери Максим Гришчук ижтимоий тармоқларга генерал Юрий Галушкиннинг машҳур суратини жойлаштирди.
Унда ўша вақтда десант қўшинлари қўмондони ўринбосари бўлган ушбу ҳарбий 2014 йил Донецк аэропорти атрофидаги жанглар чоғида ярадор ҳарбийни орқалаб кетаётгани акс этган.
Аэропорт учун жангларда иштирок этган Жуков ва Гришчук генерал Галушкинни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Украина қуролли кучлари кўнгиллиси ва ҳарбий хизматчиси Юрий Касянов ҳисоблашича, фуқаролик судлари ҳарбий раҳбарият ҳаракатлари бўйича ишни кўрмаслиги керак.
«Офицерлар нимададир айбдор ёки айбдор эмаслигидан (айбдорлиги аниқ - урушда фариштадек оқ бўлиш иложсиз) қатъи назар, уларнинг ҳаракатларини уруш даври қонунлари бўйича ваколатли одамлар кўриб чиқиши ва уларга баҳо бериши керак», — дея қайд этади у.
Бош қўмондон Олександр Сирский ва Украинанинг сиёсий раҳбарияти офицерлар қўлга олингани юзасидан муносабат билдирмаган.
Тавсия этамиз
Навбатдаги чўпчак: Ўзбекистонда криптовалюта “қазиб олувчи” ускуна ижарасидан даромад олиш таклиф этилмоқда
Жамият | 20:37 / 14.07.2025
Тошкентда пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчиларни қайд этувчи камералар ишга туширилди
Жамият | 17:45 / 14.07.2025
Тошкентда ЙПХ ходими хизмат машинасида мотоциклчи билан пойга ўйнади
Ўзбекистон | 17:53 / 12.07.2025
Жар ёқасидаги соҳа: Муаммолар кўрсатилди, вазирлар эса жим
Ўзбекистон | 16:43 / 12.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Салқинликни сақлаб қолинг: ёз кунларида хонадонда энергияни тежаш бўйича 10 маслаҳат
Жамият | 15:18
-
Эскалаторлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент тасдиқланади
Ўзбекистон | 15:05
-
Айрим ҳолатларда хавфли пиротехникадан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистон | 15:00
-
Экологик хавфлилик тоифалари 3 тоифага қисқартирилди
Ўзбекистон | 14:47
Мавзуга оид

11:15
БМТ Россиянинг Украинага қарши урушини зудлик билан тўхтатишга чақирди

11:05
Путин санкцияларга қарамай урушни давом эттирмоқчи

08:38
Кая Каллас АҚШдан Украинага ёрдам юкини бўлишишни сўради

08:15