Ўзбекистон | 10:05 / 24.01.2025
2596
2 дақиқада ўқилади

Миграцион профилактика бўлинмалари ташкил этилмоқда

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш вазифасини амалга оширувчи миграцион профилактика бўлинмалари очилади.

Президент томонидан «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Барча туман (шаҳар) сектор раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига 2025 йилда криминоген вазият оғир маҳаллалар бириктирилади.

Шунингдек, вилоятлар марказлари ва криминоген вазият оғир туман (шаҳар)лар маҳаллаларида хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари профилактика кичик инспектори лавозими киритилмоқда ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилмоқда:

меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар, мактаб битирувчилари ҳамда талабалар билан ижтимоий профилактика чоралари доирасида манзилли ишларни амалга ошириш;
маҳаллалар ҳудудида содир этиладиган айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомалар тузиш.
 
Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари таркибида қуйидаги тузилмалар ташкил этилмоқда:

меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш вазифасини амалга оширувчи миграцион профилактика бўлинмалари;
маҳалла профилактика инспекторлари томонидан аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланган шахсларни махсус қабулхоналарга олиб бориш вазифасини амалга оширувчи туманлараро маъмурий конвой гуруҳлари.

Мавзуга оид