Жаҳон | 17:26 / 11.03.2025
2481
2 дақиқада ўқилади

АҚШ маъмурияти мигрантларни «ўз-ўзини депортация қилувчи» иловани ишга туширди

АҚШ божхона ва чегара хизмати (CBP) томонидан ишлаб чиқилган CBP Home иловаси мигрантларга мамлакатни тарк этиш «ниятини» эълон қилиш имкониятини беради.

Фото: Getty images

Трамп маъмурияти Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантларга «ўз-ўзини депортация қилиш» имконини берувчи мобил иловани тақдим этди. Агар ноқонуний мигрант ундан фойдаланса, ҳибсга олинмайди, деб хабар берди «Voice of America».

АҚШ божхона ва чегара хизмати (CBP) томонидан ишлаб чиқилган CBP Home иловаси мигрантларга мамлакатни тарк этиш «ниятини» эълон қилиш имкониятини беради.

«CBP Home иловаси хорижликларга ўзини-ўзи депортация қилиш орқали ҳозироқ кетиш имкониятини беради, шунда улар келажакда қонуний йўл билан қайтиши ва Америка орзусига эришиши мумкин», деди Миллий хавфсизлик вазири Кристи Ноэм. «Агар улар буни қилмасалар, биз уларни топамиз, депортация қиламиз ва улар ҳеч қачон қайтиб келмайди», деб қўшимча қилди у.

CBP Home иловаси Жо Байден даврида чиқарилган CBP One иловаси ўрнини эгаллади. Эски иловада Мексика орқали келаётган мигрантларга чегара пункти орқали кириш учун суҳбатга ёзилиш имконини берувчи хусусият мавжуд эди.

Трамп лавозимга киришганидан бир неча соат ўтиб CBP One иловасини ёпди. Мигрантлар учун режалаштирилган барча суҳбатлар бекор қилинди.

Мавзуга оид