Мигрантларнинг пул ўтказмаларисиз Ўзбекистонда камбағаллик 17 фоизгача ошиши мумкин – Жаҳон банки
Ўзбекистонлик муҳожирлар орасида Россияни танлаётганлар улуши 57 фоизгача камайган. Хориждан пул ўтказмаларининг бўлмаслиги мамлакатда камбағаллик даражасини 9,6 фоиздан 16,8 фоизгача ошириши мумкин, дейилади Жаҳон банкининг миграцияга оид тадқиқоти хулосаларида.

Фото: Reuters
Жаҳон банки “Олдинга йўл: Европа ва Марказий Осиё минтақасида муваффақиятли миграцияни қўллаб-қувватлаш” номли ҳисоботини тақдим этди.
Унда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги миграция тенденциялари ва уларнинг давлат сиёсатига таъсири таҳлил қилинган.
“Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган”
Дунё бўйлаб жами мигрантларнинг учдан бир қисми – 100 миллион нафари Европа ва Марказий Осиёда яшайди. Миграция минтақа тараққиётидаги муҳим масала бўлиб қолмоқда. Даромадлар ўртасидаги тафовут, демографик номутаносиблик, иқлим ўзгариши ва қуролли можаролар бутун дунё бўйлаб миграция оқимининг ўсишига ҳисса қўшишда давом этмоқда.
2020 йилда Қозоғистондан чиқиб кетган 4 миллион муҳожирнинг деярли учдан икки қисми Россияга, чорак қисми эса Германияга ишлашга борган.
Қирғизистон ва Тожикистондан бўлган муҳожирларнинг Россия иқтисодиётига боғлиқлиги бундан ҳам юқори. 2023 йил ҳолатига кўра, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган.
Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди.
“Пул ўтказмалари бўлмаганда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин эди”

Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди – бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоиз, Ўзбекистонда эса 14 фоизни ташкил этди.
Бу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли яхшилайди. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаса, мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизгача ошиши мумкин.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ва унинг миграцияга таъсири
Россиянинг Украинага босқини валюталар, энергия, хомашё ва озиқ-овқат нархлари, таъминот занжирлари ҳамда савдо алоқаларига жиддий таъсир кўрсатди. Бу айниқса Россия ва Украинага иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлган Марказий Осиё давлатлари учун сезиларли бўлди.
Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари учун Россия асосий миграция йўналиши бўлгани сабабли, ушбу геосиёсий силкиниш миграция оқимларига жиддий таъсир кўрсатиши, хориждаги бандлик имкониятларини қисқартириши ва минтақага пул ўтказмаларининг камайишига сабаб бўлиши кутилган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон каби Россияга эмиграция юқори бўлган давлатлар бўйича юқори частотали маълумотлар шуни кўрсатадики, уруш бошланган дастлабки 6 ой ичида муҳожирлар сони барқарор сақланган, лекин 2022 йил сентябридан бошлаб кескин камайишни бошлаган:
Айнан шу даврда Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниб, мамлакат иқтисодиёти ёмонлашган эди. Атиги 1 ой ичида бу икки мамлакатдан муҳожирлар сони 15 фоизга камайган, Қирғизистондан бораётган муҳожирлар эса 2022 йилнинг охирги уч ойида 36 фоизга қисқарган.
Марказий Осиёдаги вақтинчалик миграция ва гендер бўйича тафовутлар
Вақтинчалик миграция шакллари, айниқса қисқа муддатли ишчи миграция, асосан эркаклар орасида кенг тарқалган. Россия аҳолини рўйхатга олиш статистикаларида Марказий Осиё муҳожирлари орасида жинсий нисбати деярли тенг деб кўрсатилса-да, аслида келиб чиқиш мамлакатларидаги сўровномалар буни рад этади.
Вақтинчалик миграция бўйича тадқиқотлар шуни кўрсатадики:
- Қирғизистон ва Тожикистонда муҳожирларнинг 80 фоизини эркаклар ташкил этади;
- Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 90 фоизга етади.
Юқори малакали эмиграция ва Марказий Осиёдаги вазият
Европа ва Марказий Осиёнинг баъзи кичик ва ўрта даромадли давлатларида юқори малакали эмиграция кенг тарқалган. Масалан, Босния ва Ҳерцеговинада ишга лаёқатли аҳолининг 45 фоизи, Албанияда эса 30 фоиздан ортиғи чет элда яшайди.
Марказий Осиё давлатларида эса бу кўрсаткич анча паст:
- Тожикистон ва Ўзбекистонда юқори малакали аҳоли орасида эмиграция даражаси 5 фоиздан кам.
- Ўзбекистонда муҳожирларнинг 95 фоиздан ортиғи паст малакали ишчи кучи ҳисобланади.
Бу эса Марказий Осиё мамлакатларида кўпроқ кам малакали меҳнат миграцияси етакчилик қилаётганини англатади.
Паст малакали миграция муҳожирлар, уларнинг оилалари ва келиб чиққан мамлакатлар учун катта фойда келтиради. Энг бевосита таъсири – ишчиларнинг даромади сезиларли ошиши, натижада уй хўжаликларининг даромад ва фаровонлигининг ўсиши бўлиб, бу пул ўтказмалари орқали мамлакатларга катта маблағ оқимини таъминлайди.
Миграцияни самарали тартибга солишда Жаҳон банки берган тавсиялар
Тегишли давлат сиёсати чораларини ишлаб чиқиш учун миграциянинг ҳар хил турларини белгилаш
Ушбу чора-тадбирлар юқори малакали ва паст малакали муҳожирлар, шунингдек, иқтисодий имкониятларни излаётганлар ва қуролли можаролар туфайли ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлганлар ўртасидаги фарқларни ҳисобга олиши керак. Ушбу соҳадаги сиёсат илмий маълумотларга асосланиши, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада мувофиқлаштирилиши лозим.
Меҳнат унумдорлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ва иқтисодиёт фаровонлигини ошириш мақсадида маҳаллий меҳнат ресурслари рақобатбардошлигини ошириш стратегиясида миграциянинг турли жиҳатларини интеграциялаш
Миллий даражада бу ички меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича мавжуд дастурлар доирасида зарур кўникма ва билимларни эгаллаш имкониятларини таъминлаш, шунингдек, меҳнат мигрантлари оқимини истиқболли ташқи бозорлар эҳтиёжларига мувофиқ самарали тақсимлашга қаратилган иммиграция стратегияларини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Хавфсиз ва ташкиллаштирилган миграция механизмларини ривожлантириш
Мигрантларнинг ўз мамлакатларида рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш ва мигрантларни қабул қилувчи давлатлар билан чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган икки томонлама шартномалар тузиш муҳимдир. Аҳолини бошқа мамлакатларда ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида ишончли ахборот билан таъминлаш зарур.
Мигрантларнинг ўз мамлакатларидаги давлат органлари ўз фуқароларининг ижтимоий таъминоти ва суғуртаси бўйича тўловларнинг мигрантларни қабул қилувчи давлатларга “трансфер” қилинишига эришиш тавсия этилади.
Мавзуга оид

17:32
Россияда 685 минг хорижлик назорат остидаги шахслар реестрига киритилди

21:19 / 08.03.2025
Россияда оғир тан жароҳати олган эркак Ўзбекистонга қайтарилди

21:00 / 07.03.2025
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими амал қила бошлади

18:59 / 06.03.2025