Спорт | 12:10 / 11.06.2023
30901
11 дақиқада ўқилади

Гвардиола буни уддалади. «Сити»нинг тарихий натижаси қандай рўй берди?

Ҳиссиётларга бой Истанбулдан репортаж.

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

2005 йил акс-садоси

18 йил муқаддам Истанбулдаги «Отатурк» стадионида футбол мухлислари сонини каррасига оширган ўйин бўлиб ўтганди. Чемпионлар лигасининг ҳар бир финали ҳам ёдда қоларли кечмайди, аммо ўшанда «Ливерпул» ва «Милан» ўртасида воқеаларга бой бўлган қувлашмачоқ (3:3) аср ўйинига айланганди.

Шанба куни Европа ва Осиё туташган нуқтада яна Англия ва Италия жамоалари майдонга чиқиб келишди. Кўпчилик бу сафарги ўйинда ўша финалнинг давоми бўлишини кутмаётганди: «Манчестер Сити» яққол фаворит эди ва кўпчилик айнан шу жамоа осонлик билан ғалаба қозонишини башорат қилаётганди. Лекин 2005 йилда ҳам турли даражадаги жамоалар тўқнашганди — «Ливерпул» ўшанда «Эвертон»ни базўр ортда қолдириб, АПЛда бешинчи ўринни эгаллаган, «Милан» эса А серияда иккинчи жамоа эди.

Қора-кўк армада

Сўнгги ҳафталарда ҳамма жойда «Манчестер Сити» Англиянинг бир мавсумда учта асосий совринни қўлга киритиб, требл қайд этадиган иккинчи жамоасига айланиши мумкинлиги ҳақида гапиришди. Гвардиола жамоаси чемпионат ва Англия Кубогида ғолиб бўлганди, Чемпионлар лигаси эса кўп йилдан буён «Сити» ясаётган паззлдаги етишмаётган элемент бўлиб қолаётганди. Қолаверса, Пепда индивидуал мотивация бор эди: каталониялик мутахассис «Барселона»дан кетганидан кейин асосий еврокубокда «Бавария» билан ҳам, ҳозирги жамоаси билан ҳам ғалаба қозона олмаётганди.

«Интер»нинг финал олдидаги амбициялари қандайдир суст кўринарди. Миланликлар ички чемпионатда базўр Чемпионлар лигасининг кейинги мавсуми учун йўлланмани кафолатлади ва кўп параметрларга кўра «Сити»дан кучсизроқ эди. Аммо қора-кўкларнинг мухлислари олдиндан мағлубиятга рози эмасди. Аксинча, Истанбулда улар олдиндан тож кийдирилган рақиб мухлисларидан жонлироқ эканини намойиш этишди.

«Интер»нинг Туркиянинг энг йирик шаҳрига келган мухлислари ҳам икки-уч баробар кўпроқлиги кўчаларда кўриниб турарди. Шу билан бирга, «Сити» фанатлари ҳам кам эмасди, улар шунчаки маълум локацияларда тўпланишган ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини айланишга чиқишмаганди. 

Италян фанатлар ғалабаси

Ўйин бошланишига уч соат қолганидаёқ «Интер» фанатлари сектори деярли тўлиб бўлганди. Албатта, бу кўп жиҳатдан ўтган йил икки клуб фан зоналарини стадионга яқин жойлаштирган УЕФА бу хатони такрорлашдан қочиши билан боғлиқ эди. Аммо инглизлар жамоаси мухлислари ҳам стадионга ошиқишмади ва бунга афсусланишди.

«Отатурк» стадионига эрта етиб келган «Интер» фанатлари олдиндан овозларини созлай бошлашди — натижада улар жуда кўпдек, улар қўрқинчлироқ ва кучлироқдек тасаввур ҳосил қилинди. Сенинг жамоанг — яққол аутсайдер бўлган ҳолатда бундай ёндашув катта фойда беради. «Интер»нинг ултраси барча жабҳада устун эди: улар ранг-баранг перфоманс тайёрлашди, бир хилдаги махсус футболкалар кийишганди, 90 дақиқа давомида байроқларини ҳилпиратишди ва жўр бўлиб қўшиқ куйлашди. Фанатлар жангида «Сити» барча жиҳатдан ютқазди.

«Шаҳарликлар»нинг асабийлашиши

Кўпчилик «Манчестер Сити» «Интер»ни ўз прессинги билан қийнаб ташлаши ва «Реал» билан ўйинда бўлгани каби илк дақиқалардан вазиятлар яратишга киритишини прогноз қилганди. Умуман ҳеч ким «нерадзурри»ни Чемпионлар лигасининг бу мавсумида ғолиб бўлиш учун даъвогар деб ҳисобламаётганди, аммо Симоне Индзаги шогирдлари Истанбулдаги ўйинда ҳақиқатни исботлади: финалга тасодифан етиб келишмайди. «Интер» ҳам прессинг қилишга ва дарвозабон Онана билан ўйнаш орқали рақиб босимини самарали барбод қилишга тайёрлангани маълум бўлди. А Сериянинг учинчи жамоаси майдон марказида Англия чемпионларини яхши кутиб олишарди. Барелла ҳужумдаги Жеко ва Мартинес билан прессингда иштирок этиш учун олдинга кўтарилганида ҳимоя чизиғидан Димарко олдинроққа ўтар ва унинг зонасини ёпиб, «шаҳарликлар» яримҳимоячилари Де Брюйне ёки Гундўғанга эркин ҳаракатланишга имкон бермасди. Гвардиола жамоаси эса одатдагидан фарқли ўлароқ ўзига ишончи баланд кўринмасди. Жамоа рақибнинг тезкор қарши ҳужумларини ўтказиб юборишдан чўчиётгандек кўринарди.

Биринчи бўлимда «Манчестер Сити»нинг ўйини чиқмагани тиним билмас тифози таъсирида бўлди, деган хулосага келиш нотўғри. Айрим вақтларда «шаҳарликлар»ни таниб бўлмасди: улар секин ҳаракатланар, тўпни ортиқча ушлаб қолишар ва ноўрин жойларга узатмалар беришарди. Эдерсон эса барчадан кўпроқ асабийлашаётгандек кўринди — айрим эпизодларда у ишончсиз ҳаракат қилди ва бир сафар у тўпни узатишга хатога йўл қўйганида Барелла тўпни унинг устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйиши ҳам мумкин эди.

Гвардиола ўзига боғлиқ барча ишни тўғри қилганди: у «Интер»га қарши Стоунсни таянч зонасига шунчаки жойлаштирмасдан, уни амалда «саккизлик»ка айлантирди, хусусан, позицион ҳужум вақтида ушбу марказий ҳимоячи ҳатто Родридан олдинроқда жойлашарди. Бу схемани майдон марказидаги барчага таниш ромбга айланиш деб аташ мумкин, аммо бунда ромбнинг уч бурчаги марказий ҳимоячилардан иборат эди.

Бунда мантиқ ҳам бор эди: футболчиларнинг бундай жойлашуви «Интер»нинг зич ҳимоясини таваккал қилишга, ҳимоячилардан кимнидир олдинга чиқиб кетишга ундарди. Бошқа сўз билан айтганда, Пеп яхши нарсани ўйлаганди, аммо ижро ўхшамади.

Агар футболни одамлар эмас, роботлар ўйнашганида Гвардиола ҳамиша ғалаба қозонадиган жамоа яратган бўларди. Аммо инсон омили ҳатто «Сити» футболчилари каби доминаторларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Ёдда тутиш муҳим: «Интер» биринчи бўлимда рақибдан яхшироқ кўринмади, аммо «Интер» биринчи бўлимда кутилганидан анча яхшироқ ўйнади.

Барча бошқа омилларга кўз юмилса, «Сити», албатта, танаффусга қадар ҳужумда фаолроқ ўйнади: Бернарду Силва, Ҳоланд ва Де Брюйне яхши вазиятларга эга бўлишди. Аммо британлар жамоаси гол ура олмади, жамоанинг белгиялик етакчиси эса икки йил олдин «Челси»га қарши ЕЧЛ финалида бўлгани каби жароҳат олиб майдонни тарк этди. Бу эса «Сити» футболчилари кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмади.

Италияликлар рақибнинг асосий ҳужумчиси Эрлинг Ҳоландни ҳам яхши қўриқлашди. Норвегиялик ҳужумчи биринчи бўлим давомида тўпга тўққиз бор тегинди, шундан фақат иккитаси жарима майдони ичида. У ўзида туғилган ягона имкониятдан фойдалана олмади ва йўллаган зарбаси тўғри позиция танлаган Онанага тегди. 45 дақиқадан кейин зарбалар сони бўйича ҳисоб 4:4, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони бўйича 2:1 кўринишида бўлди («Сити» фойдасига). Бу ўйин тенг кураш остида кечаётганини англатарди.

«Интер» ўйинни кескинлаштириши ва гол ўтказиши

Иккинчи бўлим бошида ҳам кўп нарса ўзгаришсиз қолди: «Сити» ҳимояланишда асабийлашар, ҳужумларда анча эҳтиёткорлик билан ҳаракатланарди, «Интер» эса худди бу финалда ғолиб чиқишига кўзи етмаётгандек кўринарди. Аммо 59-дақиқада кўп нарса ўзгарди: Бернарду ва Аканжи ўз жарима майдонига яқин ҳудудда тўп йўқотишди, аммо Эдерсон Лаутаронинг зарбасини бартараф эта олди.

Шундан кейин «Сити» ниҳоят жонланди ва гол урди. Ўз услубида бўлмаса ҳам — нафислик билан эмас ёки Ҳоландга узатма орқали эмас — аммо урди. Кутилмаган инсон кеча қаҳрамонига айланди: таянч яримҳимоячиси Родри ҳужумнинг иккинчи темпида жарима майдони ташқарисидан туриб аниқ зарба йўллади.

Аммо «Интер» шу заҳоти жавоб қайтаришига бир бахя қолди, «Сити» футболчилари жарима майдони ичида яна жуда ёмон ҳаракат қилишди ва Димаркога бош билан зарба йўллашга қўйиб беришди, италиялик ҳимоячининг зарбаси тўсиндан қайтди, унинг кейинги зарбаси йўлига Лукаку туриб қолди. Бу вазиятда инглизларнинг омади келди.

Кейинги вазиятда Фоден дарвозабон билан яккама-якка чиқиб, гол ура олмади ва «Интер» ўйинда қолди: миланликлар ниҳоят очилди ва катта куч билан ҳужумга ўта бошлашди. Лукаку ҳам голга жуда яқин келди — белгиялик форвард тўпни шунчаки бурчакка йўллаши керак эди, аммо унинг зарбаси Эдерсоннинг оёқларига борди. Голни нишонлаш учун захира ўриндиғидан югуриб чиққан жамоадошлари бошни чангаллаганча ортга қайтишди.

Ўйин охирлагани сари «Сити» мухлисларининг овози баландроқ чиқа бошлади, «Интер» фанатлари эса жимиб қолишди ва шунчаки мўъжиза кута бошлашди. Аммо бу рўй бермади: сўнгги сонияларда Эдерсон ўз жамоасини яна қутқарди ва тарихдаги илк Чемпионлар лигаси ғолиблигини таъминлади.

«Шаҳарликлар» зарбалар сони бўйича ортда қолганига қарамай (7:14, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар – 4:6) бош совринга эга чиқишди, Ҳоланд эса гол ура олмади ва ўйинни рақиб жарима майдони ичида тўпга икки бор тегиниш билан якунлади.

«Манчестер Сити» барибир требл қайд этди, Гвардиола эса — асосий еврокубокни Мессисиз ҳам қўлга кирита олишини исботлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти