Спорт | 10:10 / 23.06.2025
13055
2 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» «Ал-Айн»ни мағлуб этди. Абдуқодир Ҳусанов 61 дақиқа ўйнади

«Манчестер Сити» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида БААнинг «Ал-Айн» клубини 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Абдуқодир Ҳусанов учрашувни бошланғич таркибда бошлаб, иккинчи бўлим ўрталарида сариқ карточка олди ва 61-дақиқада алмаштирилди.

Фото: Манчестер Сити

«Манчестер Сити» футболчилари клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-турида БААнинг «Ал-Айн» клубини мағлуб этди. Турнир АҚШда бўлиб ўтмоқда.

G гуруҳи ўйини Атлантада бўлиб ўтди ва 6:0 ҳисобида якунланди. Илкай Гундўған икки марта, Клаудио Эчеверри, Оскар Бобб ва Райан Шерки биттадан гол урди, Эрлинг Ҳоланд пеналтини голга айлантирди.

«Сити»нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни бошланғич таркибда бошлаб, иккинчи бўлим ўрталарида сариқ карточка олди ва 61-дақиқада алмаштирилди.

«Манчестер Сити» кетма-кет иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. «Ювентус» ҳам 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Шу тариқа, ҳар икки жамоа плей-офф йўлланмасини кафолатлади. Сўнгги турда Европа клублари ўзаро тўқнаш келади. «Ал-Айн» Марокашнинг «Видад» клубига қарши ўйнайди, иккала жамоада очко ҳам ва кейинги босқичга чиқиш имконияти ҳам йўқ. Ҳар икки ўйин 26 июн куни бўлиб ўтади.

Аввалроқ Бразилиянинг «Фламенго» ва Германиянинг «Бавария» клублари ҳам муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини кафолатлаганди.

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати. 2025. Тур 02
«Манчестер Сити» (Манчестер) – «Ал-Айн» (Ал-Айн) – 6:0 (3:0)
Голлар: Гундўған (8, 73), Эчеверри (27), Ҳоланд (45+5, пеналти), Бобб (84), Шерки (89).
Манчестер Сити — Ортега, Аканжи, Ҳусанов (Бобб, 61), Гвардиол (Диаш, 74), Аит-Нури, Нико (Родри, 61), Нунеш, Гундўған, Силва (Шерки, 73), Эчеверри (Фоден, 46), Ҳоланд.
Ал Айн — Эйса, Яшич, Рабиа, Нянг, Траоре, Забала (Эрик, 62), Нодир (Паласиос, 46), Пак, Аббос (Каку, 62), Шадли (Санабриа, 74), Раҳими (Лаба, 46).
Огоҳлантиришлар: Забала (25), Рабиа (45+4), Ҳусанов (58).

Мавзуга оид