«ПСЖ» финалда «Интер»га 5 та гол урди
Энрике ажойиб жамоа қурган, Мбаппе эса Дуэ, Хвича ва Маюлуга ҳавас қилишга мажбур.

Фото: ПСЖ
Париж жамоаси тотал футболи билан триумфга эришди
Европа Чемпионлари Лигаси, 31 май. Финал.
«ПСЖ» – «Интер» 5:0
Голлар: Ҳакими 12, Дуэ 20, 63, Кварацхелия 73, Маюлу 86
«ПСЖ»: Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш (Л. Эрнандес 78), Витиня, Невеш (Маюлу 86), Руис (Заир-Эмери 84), Дуэ (Барколя 67), Дембеле, Кварацхелия (Рамуш 84)
«Интер»: Зоммер, Павар (Биссек 54, Дармиан 62), Ачерби, А. Бастони, Думфриз, Чалхонўғли (Асллани 70), Барелла, Мхитарян (Аугусто 62), Димарко (Залевски 54), М. Тюрам, Лаутаро Мартинес
Огоҳлантиришлар: Дуэ 65 – Залевски 56, М. Тюрам 69, Ачерби 71
«ПСЖ» – 2024/2025 йиллар мавсумида Европанинг энг яхши жамоаси. Парижликлар Чемпионлар лигаси финалида «Интер» устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва ўз тарихида илк бор ушбу совринни қўлга киритди. ЕЧЛнинг ҳал қилувчи ўйинида бундай йирик ҳисоб ҳеч қачон кузатилмаганди.
Финал «ПСЖ» футболчилари тўпни атайлаб аутга чиқариб юбориши билан бошланди. Бу орқали Луис Энрике жамоаси дарҳол ўйинни майдоннинг учинчи қисмига ўтказиб, у ерда ўрнашиб, рақибни прессинг қилиш ниятида эканини намойиш этди. Ўйиннинг илк дақиқалари прогноз қилинганидек айнан шу кўринишда ривожланди. Франция чемпиони тўпга ва ҳудудларга эгалик қилиб, Италиянинг собиқ чемпионларини максимал даражада олдинда қарши олди ва дарвозабон Зоммерни ҳам тўпни аутга тепиб юборишга мажбур қилишди. Парижликлар ҳужум чизиғи вакиллари ўз позицияларини алмаштириб, «нерадзуррилар»ни чалкаштириб ташлашга ҳаракат қилишди. Умуман олганда, мухлислар бу мавсумдаги типик «ПСЖ» ўйинига гувоҳ бўлишди.
«Интер» уч нафар марказий яримҳимоячи ва икки форвардлик 3-5-2 схемаси билан майдон марказида тиғиз жойлашди. Парижликлар қанотларда ва яримқанотларда футболчилари сонини ошириш орқали бўш ҳудудлар излашди. Миланликлар майдоннинг ўз дарвозасига яқин қисмида ўзаро пас ўйнаш орқали ўйин суръатини туширишга ҳаракат қилишди, аммо бу у қадар ўхшамади. Шу билан бирга, 12-дақиқагача Луис Энрике жамоасида голли вазиятлар бўлмади. Кейин эса сониялар ичида бирданига икки вазият юзага келтирилди. Аввалига Дембеле ўнг қанотда Димарко ва Бастонидан қочиб кетди, аммо унинг зарбаси тўғри Зоммернинг қўлига борди. Эпизод «Интер» ҳимоячилари ҳиссиётга берилган ҳолда мулоқот қилишига сабаб бўлди.
Кейин эса «ПСЖ» барибир гол урди. Франция чемпионлари ўзига хос комбинация уюштиришди. Яримфиналда «Арсенал»га қарши биринчи ўйинда ҳам ҳисоб рақибнинг шу каби хатосидан урилганди.
Ҳимоя чизиғига ёрдам беришган Барелла ўзи қўриқлаши керак бўлган Витиняни очиқ қолдирди. Португалиялик яримҳимоячи эса бир пас билан «Интер» мудофаасини доғда қолдириб, Дуэни тўп билан таъминлади, у эса амалда бўш дарвоза қаршисида турган Ҳакимига ассистентлик қилди. Марокашлик ҳимоячи собиқ жамоасини ранжитди ва «нерадзуррилар» мухлисларидан узр сўради.

Вазият «Интер»ни очилишга мажбур қилди ва энди «ПСЖ» рақибни қарши ҳужумларда ушлашга ўтди. Биринчи бўлим ўрталарида Пачо парижликларнинг тезкор қарши ҳужумини бошлаб берди, у бу вазиятда шунчаки ажойиб ўйнади – тўп учун курашда Бареллани доғда қолдирди, италиялик футболчи тўп майдон ташқарисига чиқиб кетишига қўйиб бермоқчи бўлганида уни газонга қайтарди. Бу ҳужумда Дембеле ҳам муҳим ишни бажарди: узатма учун бир неча манзилдан энг тўғрисини танлади ва тўпни қарама-қарши қанотда очилган Дуэга етказиб берди. Дезире кучли зарба берди – тўп Димарконинг оёғига теккан ҳолда рикошет бўлиб дарвоза тўрига борди. 19 ёшли футболчи ЕЧЛ финалида гол урган энг ёш футболчига айланди.
«Интер» эса фақат стандарт вазиятларда рақиб дарвозасига хавф солишга уринди. 23-дақиқада Ачерби бурчак зарбасидан кейин иккинчи қаватда тўп учун курашда устун келиб, зарба берди, аммо тўп юқоридан ўтиб кетди – бу италияликлар «ПСЖ» жарима майдонида иккинчи бор тўпга тегиниши ва биринчи зарбаси эди. Яна бир шундай эпизод 37-дақиқада юзага келди, лекин Тюрам ҳам яхши зарба беролмади. Шу билан тамом. Рақиб дарвозаси томон бирорта тўғри зарба берилмади. Парижликлар эса биринчи бўлимдаёқ ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйиши мумкин эди, аммо яратилган вазиятлардан фойдаланилмади, хусусан, Кварацхелиянинг ўзи учта вазиятни йўққа чиқарди.

Эътиборли томони, Индзаги танаффусда футболчи алмаштиришга қарор қилмади. Демак, «Интер» мураббийи муаммо алоҳида футболчиларда эмас, балки тизимда, мурватларни бураш, қайсидир деталларни ўзгартириш керак деб ҳисоблаган. «Нерадзуррилар» тўпга эгалик қилиш фоизини оширишди, янги бурчак зарбалари ишлашди ва бу вазиятларни чиндан ҳам хавфли қуролга айлантиришди. Бундай эпизодлардан бири Доннарумма Маркинос билан тўқнашиб кетиб, бошидан зарба олиши билан якунланди. Иккинчи бўлим бошида Индзаги барибир ижрочиларни алмаштиришга қарор қилди, аввалига Павар ва Димаркога дам берилди, Паварнинг ўрнига туширилган Биссек эса саккиз дақиқа ўтиб жароҳат олди ва ўрнини Дармианга бўшатиб берди, Мхитарян ўрнини Аугусто эгаллади.
Лекин «Интер» икки йил олдин «Манчестер Сити»га қарши финалда кўрсатган ўйинини кўрсата олмади. Парижликлар бугунги кунда бутунлай бошқа даражада эканини намойиш этишди. Франция чемпионлари қарши ҳужумларда рақибни доғда қолдиришда давом этишди. Кварацхелия яна бир вазиятда рақибларни кечирди, Дуэ эса гол ва голли узатмасига яна бир гол қўшиб қўйди. Учинчи голли ҳужумни Дембеле товонидаги паси билан ривожлантирди, Витиня эса яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Дезирега ассистентлик қилди. Зоммер яқин бурчакка йўлланган зарба қаршисида ожиз қолди.
Ўйин якунига 20 дақиқа қолганида эса Хвича ҳам ўз голини урди. Бу вазиятда ҳам асосий ишни Усмон Дембеле бажарди, у тўпни «Интер» ҳимоячилари орасидан шундай ўтказдики, у тезлиги юқори бўлмаган бошқа форвард ҳам қария ҳимоячилардан қочиб кетолган бўларди, тезкор Кварацхелия эса уларга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва ўйин бошидан буён йўллаган олтинчи зарбасида муваффақиятга эришди.
«Интер» фақат ҳисоб 0:4 ҳолатида дарвоза томон тўғри борган биринчи зарбасини йўллади. Аммо Тюрамнинг ерлатиб берилган мураккаб зарбасидан кейин Доннарумма ўзини кўрсатди. Аммо миланликлар гол урганида ҳам ҳеч нарса ўзгармаган бўларди, бу вақтга келиб ўйин масаласи ҳал бўлиб улгурганди. «ПСЖ» фанатлари ғалаба қўшиқларини куйлаётган, «Интер» мухлислари кўз ёш тўкаётганд. 86-дақиқада эса Маюлу ўйиндаги бешинчи гол билан «нерадзуррилар»ни нокаут ҳолатига туширди ва ЕЧЛ финалларида гол урган энг ёш футболчи мақомини Дуэдан олиб қўйди. Луис Энрике фаолиятида иккинчи бор Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди, Индзаги «Интер» билан иккинчи бор ушбу турнир финалида ютқазди, бу унинг Милан клубидаги сўнгги ўйини бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Парижликларни ёрқин келажак кутмоқда, ушбу жамоанинг «Барса», «Реал» ва бошқа грандлар билан рақобати яқин йилларда Европа футболи безагига айланиши тайин. Мухлислар бу мавсумда яна бир буюк жамоа туғилишига гувоҳ бўлишди. Ўтган ёзда Европанинг энг асосий соврини учун Мадридга йўл олган Мбаппе эса собиқ жамоадошларига ва ўзи кетганидан кейин жамоага келганларга ҳавас қилишга мажбур.
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россия банки 2022 йил кузидан бери биринчи марта асосий ставкани пасайтирди
Жаҳон | 12:28
-
Тошкентда Ўзбекистон-Хитой транспорт факултети очилди
Ўзбекистон | 12:02
-
ЕИ ва БМТ АҚШни ХЖC судяларига қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
Жаҳон | 11:52
-
Ҳали Фаластинда ҳам имкон бор. Осиё саралашидаги интригалар
Спорт | 11:35
Мавзуга оид

10:40
ЖЧ саралаши: Италия йирик ҳисобда ютқазди, Белгияда ҳам муваффақиятсиз старт

10:01 / 03.06.2025
ПСЖ ғалабасидан кейин тартибсизликлар: Парижда яна 79 киши ушланди

13:29 / 01.06.2025
«ПСЖ»нинг финалдаги ғалабасидан сўнг Парижда тартибсизликлар юзага келди

16:34 / 31.05.2025