Жаҳон | 16:08 / 26.11.2022
4788
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Huawei ва ZTE қурилмаларини сотиш ва импорт қилишни тақиқлади

АҚШ Хитой икки компаниясининг янги қурилмалари миллий хавфсизликка таҳдид солади, деган хулосага келди. Америка ҳукумати эски Huawei ва ZTE қурилмаларини сотувдан чиқаришга рухсат берди. 

Фото: AP

Қўшма Штатлар Хитойнинг Huawei ва ZTE смартфонлар ҳамда алоқа ускуналари ишлаб чиқарувчиларнинг янги қурилмалари ва алоқа ускуналарини сотиш ва импорт қилишни тақиқлади. 25 ноябрь, жума куни Федерал алоқа комиссияси (FCC) маълум қилишича, ушбу қурилмалар миллий хавфсизликка йўл қўйиб бўлмайдиган хавф туғдиради

«Бугун FCC бизнинг тармоқларимизни ҳимоя қилиш ва Американинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун мисли кўрилмаган қадам ташламоқда. Бизнинг бир овоздан қабул қилинган қароримиз - FCC тарихида биринчи ҳолат бўлиб, биз миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан янги ускуналарни авторизация қилишни тақиқлашга овоз бердик», деб ёзди идора раҳбари Брендан Карр Twitter’даги микроблогда. 

FCC раҳбари регулятор нафақат янги ускуналарни авторизация қилишни тақиқлашни жорий этишини, балки Huawei ва ZTE учун аллақачон берилган рухсатномаларни қайтариб олишга ҳам рухсат беришини қўшимча қилди. 

Dpa агентлигининг таъкидлашича, бу қарор кутилмаган бўлмаган. Ўтган йили АҚШ президенти Жо Байден ўзидан олдинги президент Доналд Трампнинг йўлини давом эттириб, Huawei ва ZTE алоқа ускуналарини АҚШ бозорида тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолаган эди. Ўша пайтда қонун демократлар ва республикачилар орасида кенг қўллаб-қувватланган. FCC ушбу қонунни амалга ошириш учун бир йил ичида буйруқ чиқариши керак эди. 

Қўшма Штатлар Huawei’ни Хитой расмийлари билан яқин алоқалар ўрнатганликда айблайди ҳамда компанияни жосуслик ва саботажда гумон қилади. Huawei бу айбловларни рад этиб келади. 

Huawei ва ZTE’дан ташқари Hytera Communications, Hangzhou Hikvision Technology ҳамда Dahua Technology қурилмалари ҳам FCC томонидан тақиқланган. Huawei ва ZTE аллақачон АҚШнинг қаттиқ санкциялари остида қолган.

Мавзуга оид