Жаҳон | 21:55 / 12.06.2022
35325
11 дақиқада ўқилади

Британия Украинага M270 реактив тизимлари жўнатмоқда. Улар нимани ўзгартиради?

АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага Россия билан муносабатлар кескинлашиши таҳдидига қарамай узоқ масофага зарба берувчи артиллерия қуроллари жўнатмоқда. Британлар мудофаа вазири Бен Уоллеснинг сўзларига кўра, M270 баравар ўт очиш реактив тизимлари Украинага Россия тажовузидан яхшироқ ҳимояланиш имконини беради.

Фото: Getty Images

Ҳукуматдагилар Украинага айнан қанча қурол жўнатилишига аниқлик киритмаган, аммо BBC аниқлик киритишича, ҳозирча фақат уч дона M270 берилади.

Ғарб ҳарбий экспертлари Россия армиясининг Донбассдаги сўнгги муваффақиятларини, жумладан Северодонецкнинг бир қисми эгаллаб олинишини айнан оғир техника ва артиллерия борасидаги устунлиги билан изоҳламоқда. Украин ҳарбийлари Ғарбдан баравар ўт очиш реактив тизимлари етказиб берилиши аввалроқ яқин масофадаги жангларда муваффақиятсизликка учраган Россия қўшинларига самаралироқ зарба бериш имкониятини тақдим этишига умид қилишмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШ ўзининг баравар ўт очиш реактив тизимларидан Украинага жўнатишини эълон қилганди.

Вашингтоннинг Украинага M142 (HIMARS) тизимларини юбориш қарорига Москва томонидан реакция берилди: россияликлар президенти Владимир Путин агар Ғарб давлатлари Украинага узоқ масофага отувчи артиллерия қуроллари етказиб беришни бошлса, Россия армияси зарба бериши мумкин бўлган нишонлар рўйхатини кенгайтириш билан таҳдид қилди.

Буюк Британия ҳукумати яқин ҳафталарда украин ҳарбийлари Британия ҳудудида янги қуроллардан фойдаланишни ўрганиш бўйича курслардан ўтишини маълум қилган.

М270 баравар ўт очиш реактив тизимлари бир дақиқа ичида «ер-ер» типидаги 12 ракета учириши ва юқори аниқликда ҳаракатланиб, 80 км масофадаги нишонга зарба бериши мумкин. Бу айни вақтда Украина армияси ихтиёрида бўлган артиллерия қуролларининг имкониятларидан анча устунроқ.

Уоллеснинг сўзларига кўра, Буюк Британия украин қўшинларини «ҳаётий муҳим қуроллар» билан таъминлашда етакчи рол ўйнамоқда.

«Россиянинг тактикаси ўзгарар экан, бизнинг Украинани қўллаб-қувватлашимиз ҳам ўзгариши керак. Бу юқори самарадор баравар ўт очиш реактив тизимлари путинчи кучлар шаҳарларни яксон қилиш учун узоқдан туриб аямай артиллерия зарбалари йўллаётган вақтда украин дўстларимизга яхшироқ ҳимояланиш имконини беради», деган у.

Буюк Британия ва АҚШ уруш бошидан буён Украинага катта миқдорда қурол-яроғ етказиб бермоқда, аммо юқори аниқликдаги ракеталар етказиб берилиши сезиларли ўзгариш, дея қайд этади BBC ҳарбий корреспонденти Жонатан Бил. Шунингдек, бу Украина ҳозирда Россиянинг улкан артиллерия арсенали билан беллаша олмаслиги тан олиниши ҳамдир.

Таҳлил: Ғарб ракеталари вазиятни бир соат ичида ўзгартириб қўя олмайди

Қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича британиялик эксперт, доктор Жек Уотлингнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Буюк Британия Украинага жўнатишни ваъда қилган замонавий баравар ўт очиш реактив тизимлари фронтдаги вазиятни ўзгартириши мумкин, аммо бу бир соатлик иш эмас.

Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқот институтида (RUSI) ишловчи Уотлинг BBC радиоси билан суҳбатда Украинага жўнатилиши керак бўлган М270 ракета қурилмалари - «Британия армиясидаги энг қимматли актив» эканини қайд этган.

Унинг фикрича, бу тизимлар Украина шарқида Россия артиллериясини «ишдан чиқариши» мумкин. Аммо украинлар ҳали улардан фойдаланишни ўрганишлари керак, Буюк Британияда эса Украинага бериш учун бундай тизимлар сони у қадар кўп эмас

Россия президенти Путиннинг агар Ғарб узоқ масофага отувчи тизимларни юборишига жавобан нишонлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таҳдиди ҳақида Уотлинг буни қилиш «анча мураккаблиги», чунки Москва аллақачон Украина иқтисодиёти учун муҳим объектлар ва унинг ҳарбий позицияларини ўққа тутиб келаётганини айтган.

Киевда бўлиб турган BBC журналисти Жо Инвуд Донбассдаги жанг тақдирини артиллерия ҳал қилиши мумкинлигини айтади.

«Россия жангда қўллаши мумкин бўлган катта ўқ отиш кучига эга. Аммо - тизимсиз. Буюк Британия юборган янги ракета тизимлари ҳам Украинага Россиянинг улкан тўплари ва ракеталарининг вайронкор кучи билан рақобат қилиш имконини бермаслиги мумкин, аммо улар қарши жавоб зарбаси бериши ва охир-оқибат рақиб воситаларининг суробини тўғрилаб қўйиши керак», деган Инвуд.

Инвуд бироз аввалроқ Северодонецк қулаши муқаррардек кўринганини, аммо кейин украинлар қарши ҳужумларга ўтиб, Россия кучлари учун энг кичик мақсадларга ҳам катта қийинчиликлар билан эришаётганини қайд этган.

Май ойи охирида Вашингтон Украинага тўртта HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари юборишини эълон қилганди - бу қуроллар Россия ҳудудидаги нишонларга қарши қўлланмаслиги бўйича кафолат олинган. Бундай чеклов британларнинг M270 тизимларига ҳам тааллуқли бўлади.

Ўтган ҳафтада «Россия-1» телеканалига берган интервьюсида Путин шундай деганди: «Умуман олганда, қўшимча қурол етказиб бериш бўйича шовқинлар, менимча, фақат битта мақсадни кўзлайди - қуролли можарони имкон қадар узоқ чўзиш».

У агар Украинага барибир узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар етиб келса, Россия керакли хулосалар чиқариши ва «шу вақтга қадар тегилмаган объектларга зарба беришни бошлаши»ни қўшимча қилганди.

Худди шу куни бир неча ҳафталик танаффусдан кейин россиялик ҳарбийлар илк бор Киевни ўққа тутишади.

Россия армияси украинлар пойтахтини эгаллаш бўйича уринишларини март ойи охирида тўхтатиб, бор эътиборни Донбассга қаратганди.

Буюк Британия ва АҚШ - Россиянинг феврал ойидаги босқинидан кейин Украинага энг кўп қурол етказиб бераётган икки давлатдир.

Буюк Британия уруш бошидан буён 5000 донадан ортиқ янги авлоддаги танкка қарши қуроллар (NLAW) етказиб берган.

Киев Британиядан кичик масофадаги нишонларни уришга мўлжалланган Brimstone 1 ракеталари, Mastiff зирҳли машиналари ва Starstreak ҳаво ҳужумидан мудофаа ракета тизимларини олган. Британия ҳукумати маълумотига кўра, шу вақтгача 750 миллион фунт стерлинг ҳажмидаги қуроллар етказиб берилган.

Яна бошқа бир қанча давлатлар ҳам Украинага замонавий қуроллар беришни ваъда қилган. Масалан, Германия ўз армияси ихтиёридаги замонавий Iris-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини тақдим этмоқчи.

Буюк Британия Украинага яна нималар жўнатган?

Танкка қарши қуроллар

Британия Украинага беш минг донадан ортиқ янги авлоддаги NLAW танкка қарши ракета мажмуалари етказиб берган.

NLAW мажмуаси - қисқа масофадан туриб битта ракета билан зирҳли машинани йўқ қилишга ихтисослашган.

Шошилинч етказиб бериладиган қуролларга муҳтож бўлган Украина қуроллари кучлари учун бундай тизимлар ташилиши ва фойдаланилиши жиҳатдан қулай эди. Аскар уни қўллашни бир кундан камроқ вақт ичида ўрганиши мумкин.

Кўплаб таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, бу тизимлар аллақачон урушнинг кечишига таъсир кўрсатган.

Қисқа масофага ҳаракатланувчи ракеталар

Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Геппи 28 апрел куни Украинага юзта Brimstone ракеталари жўнатилганини тасдиқлаганди.

АҚШ ҳарбий денгиз кучлари собиқ ҳарбийси, капитан Крис Карлсоннинг сўзларига кўра, Brimstone танклар, артиллерия қурилмалари ва айрим кичик кемалар, масалан десант кораблларига қарши қўлланиши мумкин.

Одатда бундай ракеталар самолётлардан учирилади, аммо Украинада уларни юк машинасидан учириладиган қилиб модификация қилишди.

Brimstone катта кемаларни чўктириш учун жуда кичиклик қилади, аммо нишонга жиддий зарар етказиши мумкин.

Зирҳли транспортёрлар

Британия Украинага 120 та зирҳли автомобиллар жўнатган, улар орасида Mastiff патрул машиналари ҳам бор.

Mastiff Афғонистонда британ ҳарбийлари томонидан кенг қўлланган, бу техника ерга кўмилган миналар ва қўлбола портловчи қурилмалардан яхши ҳимояланган.

Таҳлилчилар айтишича, кўп ҳудуди миналанган Донбассда Mastiff украин ҳарбийлари учун қўл келади. Уруш қилаётган томонларнинг иккиси ҳам пиёдаларга қарши миналардан кенг фойдаланмоқда, бу орқали душман транспорт воситаларини танкка қарши қуроллар билан йўқ қилиш мумкин бўлган ҳудудларга ҳайдаб бориш мўлжалланган.

Дронлар

Британия мудофаа вазирлигига кўра, Украина ажралиб қолган кучларини моддий-техник таъминлаши учун ўнлаб йирик учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилган.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, россияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилиш ва қуршовга тушиб қолиш эҳтимоли юқори бўлган вазиятда олдинги чизиққа захиралар етказиб беришда дронлар жуда самарали бўлиши мумкин.

Россия ҳозиргача Украина армиясининг шарқдаги йирик гуруҳларини қуршовга олишга муваффақ бўлмаган бўлса-да, айрим ҳудудлар доимий равишда ўққа тутилиши давом этмоқда.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари

Британия Украинага бешта ҳаво ҳужумида мудофаа тизими, жумладан Starstreak ракеталари етказиб берилганини маълум қилган.

Бу тизимлар жуда паст учаётган қирувчи самолётлар ва вертолётларга зарба бериш учун мўлжалланган.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бошқа ракеталаридан фарқли равишда, кўплаб самолётлар эга бўлган қарши чоралардан иммунитетга эга, уни чалғитиш деярли имконсиз.

Аммо Starstreak NLAW каби тизимлардан фарқли ўлароқ, тайёргарлик учун кўп вақт талаб этади ва таҳлилчилар фикрича, узоқ масофага ҳаракатланувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнини боса олмайди.

Бундан ташқари, уруш бошидан буён Буюк Британия Украинага қуйидагиларни жўнатган:

  • 200 дан ортиқ Javelin танкка қарши ракеталари;
  • 1360 та конструкцияга қарши снарядлар;
  • 4,5 тонна пластик портловчи моддалар;
  • ўқотар қуроллар учун 400 мингдан ошиқ патронлар;
  • 200 мингдан ошиқ ҳимоя воситалари, жумладан, дубулғалар, зирҳли нимчалар, масофа ўлчагичлар ва тиббий жиҳозлар;
  • радиоэлектрон кураш воситалари;
  • батареяга қарши радарлар;
  • минглаб тунги кўриш воситалари.

Ғарб Украинага ҳарбий ёрдам стратегиясини ўзгартирди. Бу урушга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

 

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти