Таълим | 08:02 / 19.07.2025
1864
2 дақиқада ўқилади

Мактаб битирувчиларига касб-ҳунар таълими тўғрисида сертификат берилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг қўшма буйруғи билан умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Касб-ҳунар таълими йўналиши бўйича амалий имтиҳонни ўтказиш санаси ва вақти мактаб педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади ва ҳудудий касб-ҳунарга ўқитиш марказига расман хабар қилинади, шунингдек, имтиҳон бошланишидан камида 15 кун олдин мактабда эълон қилинади.

Амалий имтиҳонни ўтказиш учун мактаб директорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат таркибда комиссия тузилади. Ҳар бир касб тури бўйича баҳолаш мезонлари ва имтиҳон саволлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Амалий имтиҳон 10-11-синф ўқувчилари томонидан ўрганиладиган касб-ҳунар таълими ўқув дастури асосида ўтказилади. Имтиҳонда амалий топшириқни бажариш учун ҳар бир касбнинг мураккаблиги ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда 120 дақиқагача вақт ажратилади.

Комиссия аъзолари натижаларни 100 баллик тизимда баҳолайдилар:

  • 86-100  –  "аъло";
  • 72-85  –  "яхши";
  • 56-71 – "қониқарли";
  • 0-55  –  "қониқарсиз".

56 ва ундан юқори балл тўплаган битирувчи амалий имтиҳонни топширган ҳисобланади.

Ўқув йили давомида касб-ҳунар таълими битирувчисининг чораклик баҳолари ва амалий имтиҳон натижалари (25 июнга қадар) электрон платформага киритилади. Шундан сўнг педагогик кенгаш сертификат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Битирувчиларга сертификат ҳар йили 30 июнгача, амалий имтиҳонни такроран топширган битирувчиларга эса 10 июлга қадар берилади. Битирувчилар сертификатни электрон платформа орқали бепул юклаб олиши мумкин.

Мавзуга оид