Спорт | 18:31 / 30.06.2025
9172
19 дақиқада ўқилади

Ҳиросимадан Абу Дабигача. Ўзбек футболи тарихидаги 10 та муҳим ғалаба

Сўнгги йилларда ўзбек футболи бир қатор йирик натижаларга эришди – Олимпиадада иштирок, жаҳон чемпионати йўлланмаси, ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионлиги шулар жумласидан. Ўзи умуман мустақиллик йилларида қандай муҳим ғалабалар қўлга киритилган? Қайси оқшомлар ўзбек футбол мухлислари учун байрамга айланган? Қуйида ўзбек футболидаги ғалабалар рейтинги.

10. Ҳамдўстлик кубоги – 2007. Финал. 28 январ. Москва
«Пахтакор» – «Вентспилс» (Латвия) –
0:0. (пеналтилар сериясида 9:8)

 1993 йилдан 2011 йилгача собиқ иттифоқ мамлакатлари чемпионлари ўртасида ўзига хос мусобақа бўлиб ўтарди. Бу турнир асосан баҳор-куз форматида футбол ўйнайдиган жамоалар учун мавсумолди тайёргарликдек ўтар, ўйинлар ёпиқ мажмуада бўларди. Дастлабки йилларда мазкур турнир ўзига яраша принципиал тус олиб, Украина ва Россия чемпионлари ўртасида рақобат майдонига айланганди. Дастлабки 10 турнирда фақат икки жамоа – «Спартак» ва «Динамо» алмашиб ғолиб бўлаверган.

 Ўзбекистон жамоалари учун табиийки, бу жиддий мусобақа ҳисобланган, ўша даврда халқаро майдонда ўзини кўрсатиш учун имкониятлар у қадар кўп эмасди. 1994 йилда Фарғонанинг «Нефтчи» клуби яримфиналда «Динамо» Тбилиси жамоасини енгиб, финалда ўйнашга муваффақ бўлган, аммо «Спартак» билан ўйинда йирик ҳисобда мағлубиятга учраганди. Россия ва Украина клублари турнирга иккинчи таркиб билан қатнашишни бошлагач, бошқа жамоаларда ҳам имконият пайдо бўлади. Дарвоқе, айнан шу турнирда Жафар Ирисметов «Спартак» таркибида порлагач, асосий жамоага жалб қилина бошлаган ва Чемпионлар Лигасида ҳам ўйнаганди.

Хуллас, 2007 йилги турнирда «Пахтакор» «Шахтёр» (4:0), «Шериф» (1:0), «Бананц» (3:0) каби клублар устидан ғалаба қозонади, Сербиянинг амалдаги чемпиони ОФК жамоасини пеналтилар сериясида мағлуб этиб, финалгача боради. Финалда Латвиянинг «Вентсплис» жамоаси пеналтилар сериясида мағлуб этилади. Бу жамоалар гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнашган ва унда тошкентликлар 2:0 ҳисобида устун келганди.

Қизиғи, ОФК билан ўйинда ҳам, финалда ҳам мураббий Равшан Ҳайдаров сўнгги дақиқаларда Игнатий Нестеров ўрнига Темур Жўраевни туширган ва пеналтилар сериясида муваффақият қозонганди. Финалда 9:8 ҳисоби қайд этилган – Темур тўққизинчи голни уриб, кейин рақиб дарвозабонининг пеналтисини қайтарганди.

Ушбу соврин ўзбек клубларининг халқаро майдондаги илк ютуғи бўлган ва шу томондан ҳам қадрли. «Пахтакор» финал оқшомида қуйидаги таркибда майдонга тушган:

Нестеров (Жўраев) – Иномов, Клецков, К. Тожиев – Кападзе, Пономарев (Байрамов), Кирян (Магдеев, Уче), Кошелев, Жепаров – Солиев

9. ОФК кубоги – 2011. Финал. 29.10.2011. Қарши.
«Насаф» – «Кувайт» СК (Кувайт) – 2:1.

Голлар: Переплеткинс (62), Шомуродов (65) – Каби (68)

Орадан тўрт йил ўтиб, энди Осиё миқёсидаги илк соврин қўлга киритилди. Совринни Тошкент клублари эмас, Қаршининг «Насаф» жамоаси олиб келганди. Агар Москвадаги турнир барибир ярим расмий тус олиб, якунда йўқолиб кетганини эътиборга олсак, ҳақиқий халқаро ғалаба сифатида айнан ОФК кубогини келтириш мумкин.

Лутфулла Тўраев, Эркин Бойдуллаев, Илҳом Шомуродов каби маҳаллий футболчилар, шунингдек, Малишич, Переплеткинс, Геворкян ва Бошкович каби легионерлар билан «Насаф» анча кучли таркиб ҳосил қилган, украиналик тажрибали мутахассис Анатолий Демяненко эса бош мураббий эди.

Финал Қарши шаҳрида Кувайтнинг «Кувайт» СК жамоасига қарши кечади. Ўйин ноқулай об-ҳаво шароитида, чангли шамол остида кечган бўлса-да, ўн беш мингдан ортиқ мухлис бевосита стадиондан ўйинни томоша қилди. Латвиялик легионер Переплеткинс ва Шомуродовнинг голларидан сўнг қаршиликлар ҳисобни 2:0 га етказишади, 69-дақиқада эса меҳмонлар вакили Каби ҳисобин қисқартиришга эришади. Шу билан ҳисоб ўзгармай қолади ва «Насаф» ўз мухлислари қаршисида Осиёда иккинчи даражали ҳисобланган кубокни қўлга киритади.

Худди шу мусобақа финалига «Насаф» кейинроқ 2021 йилда ҳам чиққан, аммо Баҳрайннинг «Ал Муҳаррақ» жамоасига ютқазиб қўйганди. 

 Таркиб: Зуҳуров – Қораев, Малишич, Каримов, Жиямуродов – Л.Тўраев, Бойдуллаев, Переплёткинс, Геворкян, И. Шомуродов (Мусаев) – Бошкович (Филипосян).

8. Хитой – 2018. U23 Осиё кубоги. Финал. 27.01.2018. Чангжу
Ўзбекистон – Ветнам – 2:1

Голлар: Ашурматов (8), Сидоров (120) – Куанг Хай (41)

Миллий жамоалар ижросидаги учинчи чемпионлик 2018 йилга тўғри келганди. Рақибдан келиб чиқиб, ушбу ўйин аҳамиятини бироз туширишга ҳаракат қилиш мумкин, аммо бунга қарши икки сабаб бор. Биринчидан, ўша турнирда Ўзбекистон жуда чиройли ўйин кўрсатган, айниқса, плей-оффда аввал Япония, кейин эса Жанубий Корея дарвозасига 4 тадан гол урилгани катта воқеа бўлганди. Иккинчидан, финал ўйини жуда ноқулай шароитда, қорли майдонда бўлиб ўтгани, ғалаба голини Андрей Сидоров 120-дақиқада ургани ушбу ғалаба қадрини янада ошириши турган гап.

 Таркиб: Эргашев, Ашурматов, Комилов, Турсунов, Отахонов (Нарзуллаев), Ғаниев, Ҳамробеков, Ўринбоев, Сидиқов (Сидоров), Яхшибоев (Абдухолиқов), Ҳамдамов.

7. Эрон – 2012. Ўсмирлар ўртасида Осиё кубоги. Финал. 06.10.2012. Теҳрон.
Ўзбекистон – Япония – 1:1. (пеналтилар бўйича, 3:1).
Голлар:
Тўраев (52) – Мизутани (6)

Фото: ОФК матбуот хизмати

2012 йилда, Ҳиросимадаги ғалабадан 18 йил вақт ўтиб ниҳоят миллий жамоалар миқёсида навбатдаги ғалабага ҳам эришилди. Мана шу жиҳати, шунингдек, бу соврин жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этиши туфайли, ушбу финални Хитойдагисидан устун қўйиш мумкин.

Умуман, ўша даврда футболимиздаги натижаларда кўтарилиш бўлганини таъкидлаш жоиз. Бир йил олдин Осиё кубогида Вадим Абрамов бошчилигидаги миллий жамоа ўз тарихида илк бор яримфиналга чиққан, аввалги ўсмирлар жамоаси эса Мексикада ўтган жаҳон чемпионати кашфиёти бўлиб, чоракфиналгача борганди. Табиийки, бундан руҳланган кейинги таркиб, Дилшод Нуралиев қўл остидаги жамоа ҳам Эронга юқори натижалар умидида ташриф буюради.

Айтиш керакки, жамоа гуруҳ босқичидаёқ турнирни тарк этиши мумкин эди. Дастлаб Ҳиндистонни 3:2 ҳисобида енгиб, Хитой билан дуранг ўйналгач (1:1), сўнгги турда Сурия билан ўйин бой берилади (0:1). Параллел учрашувда хитойликлар ғалаба қозонган тақдирда, ўзбекистонликлар гуруҳда учинчи ўринга тушиб кетган бўларди. Аммо Ҳиндистон сўнгги дақиқада ҳисобни тенглаштиради (2:2) ва ўзбекистонликлар уч ўйинда ҳам дуранг ўйнаган хитойликларни гуруҳда қолдириб, плей-оффга йўл олади.

Уёғига жамоани тўхтатиб бўлмайди. Аввалига пеналтилар сериясида Жанубий Корея (1:1, 5:3), кейин эса мезбон Эрон ўсмирлари (3:2) доғда қолдирилади. Финалда эса Япония устидан яна пеналтилар сериясида ғалаба қозонилади (1:1, 3:1).

Кейинчалик асосий жамоаларда ҳам ўйнаган Достон Ҳамдамов ва Акром Комилов, ҳозирда миллий жамоанинг асосий футболчиларидан саналган Отабек Шукуров ўша жамоа етакчилари эди. Дарвозабон Сарвар Каримов эса финалдаги серияда икки пеналтини қайтариб, қаҳрамонга айланганди. Афсуски, бу таркибдан кейинчалик миллий жамоа учун номзодлар кўп чиқмади.

Таркиб: Каримов, Болтабоев, Исмоилов, Комилов, Давлатов (Абдуғаниев), Хурсанов, Абдуллаев, Тўраев (Мирзаев), Каримов, Ҳамдамов (Аҳмаджонов), Шукуров

6. ЖЧ-2006 саралаш ўйини. 6-тур. 17.08.2005. Тошкент
Ўзбекистон – Кувайт – 3:2
Голлар:
Жепаров (41, пеналтидан), Шацких (62), Солиев (76) – Ал Мутва (16), Башар Абдуллоҳ (31)

2005 йил 17 август санасини ҳеч қайси ўзбек футбол мухлиси унутмаса керак. Охирги циклни қўшмаганда, балки миллий жамоамиз тарихидаги энг муҳим ўйин шу бўлса керак. Чунки ушбу ўйиндаги ғалаба бизга ЖЧ-2006 саралашида плей-офф йўлланмасини берар, у ерда эса Баҳрайн, кейин Триндад ва Тобаго каби рақиблар кутиб турарди. Яъни бошқа сафарлардагидек Европа ё Жанубий Америка эмас, кучимиз етадиган жамоаларга қарши ўйнашимиз керак эди.

Саралаш гуруҳида биз 2 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турар, Кувайтда эса 4 очко бўлиб, сўнгги турда Тошкентда ғалаба қозонадиган бўлсак, уларни қувиб ўтиб, плей-оффга йўлланма олардик.

Ғалабадан ҳам кўра унинг қандай қўлга киритилгани аҳамиятли – биринчи бўлим охирларида Боб Ҳоугтон шогирдлари 0:2 ҳисобида ортда бораётганди. 41-дақиқада Сервер Жепаров Гейнрих ишлаган пеналтидан ҳисобни қисқартирди, 62-дақиқада эса Максим Шацких боши билан гол уриб, таблода 2:2 ҳисобини таъминлади. Аммо бу ҳам меҳмонларни қониқтирадиган ҳисоб эди.

Ўша пайтларда Анваржон Солиев «Пахтакор» ва миллий жамоанинг «сеҳрли таёқчаси»га айланиб бораётганди. Аввалги босқичда у Саудия Арабистонига қарши сўнгги дақиқаларда гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди, бу сафар ҳам у жамоа жонига ора киради. 2-бўлимда майдонга тушган Солиев боши билан ғалаба голини уради ва жамоага плей-офф йўлланмасини тақдим қилади.

Кейинчалик жамоа барибир жаҳон чемпионатига чиқа олмади, аммо бу бошқа ҳикоя. Ўша пайт учун бу ғалаба жуда муҳим эди.

Таркиб: Сафонов – Давлетов (Бикмаев), Алиқулов, Николаев, Ширшов –Кападзе, Карпенко (Кирян), Қосимов, Жепаров –Гейнрих (Солиев), Шацких

5. Қатар – 2011. Осиё кубоги. Чоракфинал. 21.01.2011. Ар-Райан.
Ўзбекистон – Иордания – 2:0.
Голлар:
Улуғбек Бақоев (46, 49) – Башар (58)

Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё кубокларидаги энг яхши натижасини 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган мусобақада қайд этган. Ўшанда Вадим Абрамов мураббийлигидаги жамоа яримфиналгача етиб борганди. Бемалол айтиш мумкин, ўша турнирда йиғилган таркиб тарихдаги энг кучлиси бўлиб, янада яхшироқ натижа кўрсатиши ҳам мумкин эди. Аммо яримфиналга бориб таркибда ҳимоячилар деярли қолмагани, анча кучли Австралияга қарши ҳужумкор ўйнашга ҳаракат қилингани якунда панд берган ва йирик мағлубиятга (0:6) сабаб бўлганди. Шунингдек, чоракфиналда, айнан шу ўйинда Игнатий Нестеров жароҳат олиб, яримфиналда қатнаша олмагани жамоани сезиларли даражада кучсизлантирганди.

Аммо энг яхши натижа – яримфиналга йўлланма берган ғалаба, табиийки, муҳим ютуқлар руйхатидан жой олиши керак. Мезбон Қатар, шунингдек, Кувайт ва Хитой каби жамоалар жойлашган гуруҳда 1-ўрин олингач, чоракфиналдаги рақиб Иордания бўлади. Дастлабки ўйинларда Аҳмедов, Гейнрих ва Жепаров каби футболчилар ҳужумдаги асосий ишни бажарган, голлар урган бўлишса, кутилмаганда, Иордания билан ўйинга Улуғбек Бақоев асосий таркибда пайдо бўлади. Максим Шацкихнинг жароҳати бунга сабаб бўлганди.

Бақоев ўзига берилган имкониятдан яхши фойдаланди ва 2-бўлимнинг дастлабки беш дақиқасида Жепаров ва Ҳасановнинг қанотдан узатган пасларидан эгизак голлар уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўяди. Иордания кейинроқ ҳисобни қисқартирган бўлса-да, ортиғига кучи етмайди. Айнан ўша ўйиндан кейин Ўзбекистон турнир фаворитлари қаторида тилга олина бошланганди, лекин...

Таркиб: Нестеров (Т.Жўраев) – С. Жўраев, Муллажонов, Аҳмедов, Ж.Ҳасанов (Андреев) – Кападзе, Жепаров, Ҳайдаров, Турсунов –Гейнрих (Исмоилов), Бақоев

4. Cаудия Арабистони – 2025. Ўсмирлар ўртасида Осиё кубоги. Финал. 20.04.2025. Тоиф.
Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:0.
Голлар:
Ҳакимов (51-пеналтидан), Ҳасанов (70)

Бу ғалаба ўсмирлар ўртасида иккинчи бор Осиё чемпионлигини олиб келди, аммо ҳаммасидан ҳам бу ютуқ қандай қўлга киритилгани аҳамиятли. Футбол тарихида икки киши кам бўлиб ўйнаган жамоанинг ғалабаси жуда кам содир бўлади, кузатилмаган ҳолат дейиш ҳам мумкин. Ҳа, ғалаба қозонаётган жамоа ўйинчилари майдондан четлатилгач, ҳимояда ётиб, ҳисобни сақлаб қолиш ҳолатлари бўлгандир. Масалан, 1990 йил Италияда ўтган жаҳон чемпионатида Камерун икки футболчи кам бўлиб қолиб ҳам Аргентинага қарши ўйинда ҳисобни ушлаб қола олганди.

Лекин икки футболчи кам ўйнаган ҳолатда дуранг ҳисобни 2:0 га айлантириш ва якунда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш – жасорат. Тағин майдон эгаси бўлган рақибга қарши. Айнан мана шу сценарий туфайли ҳам бу ўйин машҳур бўлиб кетди, ҳатто чет эл порталлари, ижтимоий тармоқлар айнан қай шаклда ғалаба қозонганимизга урғу бериб тарқатишди. Ўзбек футболи учун ажойиб реклама.

Умуман, турнир давомида олсак, ўсмирларимиз энг яхши жамоа бўлишди, деярли барча чизиқларда ҳамюртларимиз энг яхши футболчи сифатида эътирофга лойиқ кўрилди. Асилбек Алиев тўпурар, Садриддин Ҳасанов энг муҳим футболчи, дарвозабон Неъматиллоҳ Рустамжонов эса энг яхши посбон деб топилди. Бир неча йил олдин ҳакамлардан ёзғириб эҳтиросли интервюси билан тармоқларни «портлатган» ёш мураббий Исломбек Исмоиловнинг бу йигитларга бош бўлиши ҳам ўзига хос гўзал якун.

Таркиб: Рустамжонов, Ҳакимов, Баҳодирхонов, Абдукаримов, Мусахонов, Хабибуллаев (Муродов), Шукруллаев (Алиев), Эрембетов (Абдумўминов), Ҳасанов (Рустамов), Содиқов (Саидмуродов), Серсенбаев

3. Ҳиросима-94. Осиё ўйинлари. Яримфинал. 15.10.1994. Хиросима
Ўзбекистон – Жанубий Корея – 1:0.
Гол:
Азамат Абдураимов

Ўша турнир финалида Ўзбекистон Хитой билан ўйнаб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган, лекин агар муҳимлик борасида сўз кетса, шубҳасиз, масалани яримфиналда Жанубий Кореяга қарши ўйин ҳал қилганди. Анатолий Бишовец бошчилигидаги корейслар мусобақанинг энг кучли жамоаси ва фаворити бўлган, Ўзбекистон уларни курашдан чиқарибгина, чемпионлик имкониятини кескин оширганди. Хитойга қарши ўйинда Рустам Акрамов шогирдлари рақибдан сезиларли даражада кучли эди ва илк дақиқаларданоқ ҳаммаси ҳал бўлганди.

Корейсларга қарши ўйин ҳақида эса ундай деб бўлмайди. Айтишларича, дарвозабон Юрий Шейкин кутилмаганда, сўнгги дақиқаларда Ҳиросимага борадиган таркибга қўшилиб қолган экан. Ўша пайтларда пешқадам жамоаларимизда Павел Бугало, Наримов Осмонов, Александр Тинянов каби дарвозабонлар бўлиб, аммо турнирга «Трактор» вакили асосий посбон сифатида олиб кетилганди.

Жанубий Кореяга қарши ўйин Шейкиннинг бенефисига айланиб кетади – у корейс ҳужумчиларининг ўндан ортиқ хавфли зарбаларини қайтаришга муваффақ бўлади. Ўзбекистоннинг бутун ўйин давомида берган икки зарбасидан бири эса голга айланади. Азамат Абдураимовнинг узоқ масофадан тепган тўпини рақиб дарвозабони ушлаб қололмайди ва Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқади.

Таркиб: Шейкин, Тихонов, Фёдоров, Магомедов, Рўзимов, Давлетов, Лебедев (Мақсудов), Қосимов, Шарипов (А.Дўрмонов), Абдураимов, Шквирин.

2. Қатар – 2024. U23 Осиё кубоги. Яримфинал. 29.04.2024. Доҳа
Ўзбекистон – Индонезия – 2:0.
Голлар:
Норчаев (68), Архан (86-автогол)

2024 йил апрелида Қатарда ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар Осиё чемпионати фақат уч жамоага олимпиада йўлланмасини тақдим этиши билан муҳим эди. 2018 йил Ўзбекистон вакиллари чемпионлиги билан якунланган турнирдан асосий фарқ ҳам шу – бу ерда жамоалар янада жиддийроқ муносабатда бўлади. Йўлланмани нақд қилиш учун эса яримфиналда Индонезия устидан ғалаба қозониш талаб этиларди. Норчаев 68-дақиқада урган гол ва индонезиялик Архан ўйин охирларида ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйиши эвазига финалга чиқилади, бу ўз ўзидан Париж олимпиадаси йўлланмасини кафолатлайди. Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов эса турнирнинг энг яхши дарвозабони деб эътироф этилади.

Аслида шундай якун кутилганди, зеро айнан мана шу мақсад йўлида тизимли ишлар амалга оширилган, ҳатто бироз ноанъанавий йўлдан бориб, Темур Кападзе қўл остида ёшлардан иборат «Олимпик» жамоаси ташкил қилиниб, ушбу жамоа Суперлигада иштирок этганди. Аммо финалда жамоанинг омади чопмайди. Японлар сўнгги дақиқада ғалаба голини уришади, 90+7 дақиқада эса Умарали Раҳмоналиев пеналтини аниқ ижро этолмайди (0:1).

Нима бўлганда ҳам, бу йўлланма ва Париж олимпиадасидаги иштироки Кападзе учун ҳам, ушбу жамоада ва кейинчалик асосий жамоада ўйнаган кўп футболчилар учун ҳам ўзига яраша тажриба бўлди ва 2025 йилги катта ғалаба учун замин ҳозирлади.

Таркиб: Неъматов, Абдураҳматов, Ҳусанов, Раҳимжонов (Ҳамроалиев), Давронов, Одилов (Жиянов), Бўриев, Ҳошимов (Жалолиддинов), Эркинов (Норчаев), Файзуллаев (Йўлдошев), Раҳмоналиев

1. ЖЧ-2026 саралаш. 9-тур. 05.06.2025. Абу–Даби.
БАА – Ўзбекистон – 0:0.

Дуранг билан якунланиб, бирорта ҳам гол урилмаган ўйин футболимиздаги энг катта ғалабалар рейтингини бошқариши бироз ғалати, аммо ушбу ўйинда қўлга киритилган ютуқ, халқимизга тақдим этилган мундиал йўлланмаси ҳар қандай совриндан ёки голдан устун бўлса керак. Ахир футболимиз бутун мустақиллик йилларида айнан шу мақсад учун юрмадими? Осиё кубокларидаги иштироклар, ёшларимизнинг ғалабалари, ҳатто миллий чемпионатимиз ҳам айнан бир кун мундиал йўлланмасини қўлга киритишимиз, бу турнирнинг мунтазам иштирокчиси бўлишимиз йўлидаги воситалар эмасми?

БАА миллий жамоаси дастлабки жаҳон чемпионатимиз – ЖЧ-98 саралашида ҳам гуруҳдошимиз бўлган ва Тошкентда биз учун аламли тарзда ғалаба қозониб кетганди (2:3). Кейинги жаҳон чемпионати сўнгги босқичида ҳам БАА рақиб бўлди, ҳатто гуруҳ босқичи айнан мана шу мамлакатда бошланди. Осиёда ўтадиган мундиал умиди ҳам айнан шу куни ўлганди, дейиш мумкин. Корея ва Япония мезбон бўлгач, гуруҳимиз бироз кучсизлашган, Эрон ва Саудия Арабистони нариги гуруҳга ўтгач, гўёки бу сафар қўлимиздан келадигандек эди. Араблардан кучлимиз, Хитойни доим ютганмиз, деб бошланган саралашнинг илк ўйинида БАА устимиздан совуқ сув қуйиб юборган – 1:4. Тошкентдаги ўйинда ҳам мағлубиятга учрадик (0:1).

Мана шу БАА майдонида, ўзимиз учун керакли ҳисобни сақлаб қолиб, муддатидан олдин мундиал йўлланмасини қўлга киритганимиз, айнан БАА миллий жамоасини ортда қолдириб кетганимиз ҳар қандай ғалабадан устун.

Таркиб: Юсупов, Алижонов, Алиқулов, Ҳусанов, Ашурматов, Сайфиев (Насруллаев, 65), Ҳамробеков (Бўриев, 86), Шукуров, Ўрунов (Файзуллаев, 13), Машарипов (Эркинов, 86), Шомуродов.

Мавзуга оид