Жаҳон | 17:54 / 30.06.2025
2832
8 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Ғазода устуворликни гаровдагиларга қаратишни бошлади. Трамп Ҳамас билан «битим» талаб қилмоқда

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазода «тўлиқ ҳарбий ғалаба» риторикасидан чекиниб, гаровдагиларни озод қилишни биринчи даражадаги мақсад сифатида эълон қилди. Бу баёнот — АҚШ президенти Доналд Трампнинг сулҳ тузиш талаби ортидан янграмоқда. Аммо Ҳамас билан сулҳга доир асосий келишмовчилик сақланиб қолмоқда — тафсилотлар.

Фото: Reuters

29 июнь куни Исроилнинг ички разведка хизмати Шин Бет хавфсизлик марказига ташрифи чоғида бош вазир Бинямин Нетаняҳу Эрондаги ҳарбий операцияларидан сўнг «кўплаб имкониятлар очилганини», жумладан Ғазода асирликда қолаётган гаровдагиларни уйга қайтариш имконияти ҳам юзага келганини айтди.

«Авваламбор, гаровдагиларни қутқариш. Албатта, Ғазо масаласини ҳал қилиш, Ҳамасни мағлуб этиш ҳам керак, лекин мен ҳар иккала вазифани ҳам бажарамиз деб ҳисоблайман», — дейилади Нетаняҳу девони томонидан тарқатилган баёнотда.

CNN нашрининг ёзишича, Нетаняҳунинг бу изоҳи – гаровдагиларни озод қилишни Ҳамасни тор-мор этишдан устун қўйганини очиқ айтган илк ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Бир неча ойлар давомида Нетаняҳу Ғазодаги Ҳамасни мағлуб этишни асосий мақсад сифатида кўрсатиб келган ва «тўлиқ ғалаба» ҳақида гапирган эди. Май ойи бошида у Ҳамасни тор-мор этишни «энг олий вазифа» деб атаган, гаровдагиларни озод қилиш эса бу йўлда иккинчи даражадаги масала бўлган.

Фото: Исроил бош вазири офиси

Нетаняҳунинг якшанба куни берган изоҳларида Исроилнинг урушдаги мақсадлари ҳақида сезиларли ўзгариш мавжуд. У гаровдаги шахслар оилалари, мухолифатдаги сиёсатчилар ва Исроил жамоатчилигининг катта қисми томонидан гаровдагиларни асосий устуворликка айлантирмаганликда танқид қилиниб келмоқда.

Нетаняҳунинг баёнотига жавобан «Гаровдагилар ва йўқолганлар оилалари штаби» барча 50 нафар гаровдаги шахсни қайтариш ва Ғазодаги урушни тугатишга доир ягона, кенг кўламли келишув зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Нетаняҳу нутқининг бошқа қисмида «минтақавий миқёсдаги кенгроқ имкониятлар ҳам очилмоқда», деб айтди. ОАВларга кўра, бу Исроилнинг Форс кўрфази давлатлари билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтиришга доир ҳаракатларига ишора бўлиши мумкин. АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Иброҳим келишувларига қўшилиши мумкин бўлган давлатлар билан боғлиқ муҳим эълонлар берилиши кутилаётганини айтган эди.

Келишувни бошлашга босим ортмоқда

Нетаняҳунинг баёнотлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Исроилдан сулҳга эришишни талаб қилаётган бир пайтда янгради. Эрон билан уруш якунлангач, воситачилар ҲАМАС билан Ғазода музокараларни тиклашга уринмоқда.

CNN нашрининг исроиллик манбаларига кўра, якшанба оқшомида Нетаняҳу Ғазо бўйича юқори даражадаги учрашув ўтказган. Унда у Стратегик ишлар вазири Рон Дермер, Мудофаа вазири Исроил Кац ва бошқа энг яқин маслаҳатчилари билан Исроилнинг Фаластин анклавига нисбатан ҳарбий операцияси бўйича сўнгги вазиятни муҳокама қилди.

Фото: Вайроналар остида қолаётган Ғазо / Фото: Anadolu

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, мазкур хавфсизлик йиғилишидан ҳеч қандай аниқ қарор чиқмаган. Ҳарбий манбаларга кўра, Исроил Ғазодаги қуруқликдаги ҳарбий операциясини якунлаш арафасида. Улар стратегик жиҳатдан муҳим бўлган мақсадларнинг деярли барчасига эришилганини билдирган. Бундан кейинги ҳаракатлар гаровда қолаётган фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини таъкидламоқда.

30 июнь куни эса Рон Дермер Вашингтонда Трамп маъмурияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутилмоқда. Трамп бунга қадар Ғазодаги урушни тугатиш ва ҲАМАС қўлида асирликда қолаётган, камида 20 нафари тирик бўлган 50 гаровдаги шахсни уйга қайтариш мақсадида сулҳ битимига эришишни истаётганини очиқ билдирган.

АҚШ президенти Доналд Трамп шанба куни Нетаняҳу айни пайтда ҲАМАС билан битим устида музокара олиб бораётганини айтганди. Бироқ на Трамп ва на бошқа расмийлар бу борада тафсилотларни очиқлаган. Иккала томон расмийлари эса яқин орада ўт очишни тўхтатиш эҳтимолига шубҳа билан қарамоқда.

Бундан ташқари, АҚШ етакчиси 29 июнь куни эрталаб ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида «Ғазода келишувга эришинг. Гаровдагиларни қайтаринг!!!», дея пост қолдирди.

ҲАМАС расмийси Reuters агентлигига берган изоҳида, гуруҳ воситачиларга сулҳ бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирганини, бироқ исталган келишув урушни якунлаши ва Исроилнинг ҳудуддан тўлиқ чиқиб кетишини таъминлаши лозимлигини такрорлаган.

Исроил эса уруш фақат ҲАМАС қуролсизлантирилгандан ва йўқ қилингандан сўнг тугашини айтмоқда. ҲАМАС эса қуролини ташлашни қатъиян рад этмоқда.

Нетаняҳу иши: Трамп бошқа давлат ҳуқуқий тизимига аралашмоқда

Нетаняҳунинг гаровдагилар бўйича ушбу баёноти – Қуддус округ судининг у билан боғлиқ узоқ давом этаётган порахўрлик ишидаги гувоҳлик бериши кечиктирилган вақтга тўғри келди.

Суд якшанба куни Нетаняҳунинг суд мажлисини кечиктириш ҳақидаги илтимосини қабул қилди ва бунга дипломатик ва хавфсизлик билан боғлиқ махфий сабабларни кўрсатди. Яна бир ҳолатда суд бунга «далиллар структураси» олдинги аризаларга нисбатан ўзгарганини асос қилиб кўрсатгани айтилмоқда.

Аввалроқ, Трамп Нетаняҳуга қарши давом этаётган коррупция иши юзасидан исроиллик прокурорларга кескин танқидлар ёғдирди, бу жараённи «жиннилик» ва «сиёсий ов» деб атаган эди. Трамп АҚШнинг Исроилга молиявий ёрдамини мазкур иш билан боғлаган ҳамда исроиллик етакчининг жазоланмаслигини очиқ қўллаб-қувватлаган.

Исроиллик ёзувчи ва Haaretz газетаси шарҳловчиси Гидеон Леви Трампнинг Нетаняҳуга доир коррупция ишига аралашувини «ақлга сиғмайдиган» ҳолат деб атаган.

«У ҳақиқатан ҳам ўзини сафарбар этди — ёки Нетаняҳу уни сафарбар қилди — суд айбловларини бекор қилишга ёрдам бериш учун. Бу бутунлай мисли кўрилмаган ҳолат, ва бундай вазиятни тушунтиришнинг ягона йўли — ҳайратланишдир», — деди Леви Al-Jazeera'га берган интервьюсида.

«Қўшма Штатлар президенти бошқа бир давлатдаги суд жараёнига аралашишга журъат қилгани — биз бундай нарсани илгари ҳеч қачон кўрмаган эдик».

Ҳавода қолган таклиф

Сулҳга доир сўнгги таклифни берган АҚШ вакили Стив Уиткофф — 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш эвазига 10 нафар тирик ва 18 нафар ҳалок бўлган гаровдагиларни озод қилиш, бунинг эвазига фаластинлик маҳбуслар алмашинуви таклиф қилинган. Шу даврда томонлар урушни тўлиқ тугатадиган, доимий сулҳга эришиш бўйича музокараларни бошлаши керак бўлади. Айнан шу ҳолат ҲАМАС томонидан ҳар қандай битимнинг асосий шарти сифатида илгари сурилмоқда.

Фото: Вайроналар остида қолаётган Ғазо / Фото: Anadolu

ҲАМАС доимий сулҳ бўйича қатъий кафолатлар талаб қилмоқда. Ҳозиргача Исроил бу каби шартларга рози бўлмай келган, чунки унинг мақсади Ҳамасни ҳукуматдан четлатиш ва Ғазони қуролсизлантириш эди.

Аммо Эрон билан уруш бу борадаги музокаралар учун янги имконият ойнасини очган бўлиши мумкин ва воситачилар айнан шу имкониятдан фойдаланишга уринмоқда.

Исроил расмий маълумотларига кўра, ҲАМАС жангчилари 7 октябрь кунги ҳужумда 1 200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олиб, Ғазога олиб кетган.

Исроилнинг бунинг ортидан бошлаган ҳарбий амалиёти эса Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 56 000 дан ортиқ фаластинликнинг ҳалок бўлишига, 2,3 миллионлик аҳолининг деярли барчаси кўчиб кетишига ва ҳудудда оғир гуманитар инқироз юзага келишига олиб келган. 

Мавзуга оид