Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия босқинига 160 йил, пенсия ёшини ошириш таклифи ва администрацияда ўзгаришлар — ҳафта дайжести
Тошкент босқинига 160 йил тўлди: ўзбек тарихчилари бу мавзуни миллий ракурсдан ёритишга, россиялик вазир эса МДҲдаги тарих дарсликларини ўзгартиришга уринмоқда. Пенсия ёши оширилиши мумкин: расмийлар буни истисно қилмаяпти. Президент администрациясига Саида Мирзиёева раҳбар бўлди, Комил Алламжонов 3-марта администрацияда иш бошлади. Ортда қолаётган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Тошкент ишғол этилганидан 160 йил ўтиб, Россия МДҲдаги тарих дарсликларини қайта ёзмоқчи
Россия империяси Тошкентни босиб олганига роппа-роса 160 йил тўлди. 1865 йил 17 июнда, оқпошшо армиясининг 9 ойлик ҳарбий кампаниясидан кейин, Марказий Осиёнинг энг асосий шаҳарларидан бири босқинчилар қўлига ўтган (айрим манбаларда ўша давр тақвими бўйича бу сана 29 июн деб ҳам кўрсатилади). Тошкент мудофаасининг қулаши – минтақа халқлари келажагини буткул ўзгартириб юборган воқеа эди. Бу босқин жуда узоқ – амалда 126 йил давом этиб, миллий мустақиллик эълон қилинган 1991 йилга келибгина якун топди.
Муҳим сана муносабати билан, Фанлар академияси Тарих институти олимлари “Тошкент босқинининг 160 йиллиги: ҳақиқат ва уйдирмалар” мавзусида илмий йиғин ўтказди. Мустамлака даврида Тошкентнинг эгалланиши босқинчилар манфаати нуқтайи назаридан ўрганилгани ва ёритилгани – йиғиннинг бош мавзуларидан бири бўлди. Олимларнинг сўзларига кўра, узоқ вақт давомида тарихни бузиб кўрсатиш учун турли найранглар ишлатилган, тошкентликларнинг юртсеварлиги, бутун халқ – ёш-у қари, эркак-у аёллар душманга қарши мардонавор курашгани факти йиллар давомида ерга урилган. Улар ўрнига турли ясама назариялар ўртага ташланиб, мустамлакачи давлатнинг босқинчилик сиёсатини оқлашга тиришиб келинган.
Тарих институти директори, академик Азамат Зиёнинг сўзларига кўра, кун тартибидаги мавзу – нафақат илмий, балки сиёсий мазмунга ҳам эга. Босқин ва унга қарши курашни шунчаки тарихий воқеа эмас, балки босқинчиларнинг чин табиати ва халқимизнинг эркинлик туйғуси нуқтайи назарларидан ўрганиш ва ёритиш керак, деди у.
Бундай илмий анжуманларнинг ўтказилиши – собиқ мустамлакачиларнинг ҳар турли иштаҳалари тобора карнай бўлиб бораётган ҳозирги даврда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Россия таълим вазири айтган гаплар ҳам буни тасдиқлайди. Чоршанба куни Дума мажлисида сўзга чиққан Сергей Кравцов МДҲга аъзо айрим давлатларнинг тарих дарсликларида Россияга нисбатан салбий муносабат борлигидан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия Таълим вазирлиги МДҲ давлатларининг тегишли вазирлари билан “ягона тарихий ўтмишни талқин қилиш бўйича ёндашувларни келишиш устида” ишламоқда. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда марказий осиёлик фаоллардан: “Ўз тарихимизни қандай ёзишни ўзимизга қўйиб бераверинг” деган мазмунда жавоблар янгради.
Пенсия ёши ошириладими?
Ўзбекистонда пенсия ёши оширилиши мумкин. Расмийлар бундай эҳтимолни истисно қилмаяпти. Бу ҳақдаги муҳокамаларга Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тайёрлаган хулосаси сабаб бўлди.
Халқаро ташкилот ҳисоботидаги жумлаларни оддий тилга ўгириб айтганда, улар яқин 3-5 йил ичида Ўзбекистонда пенсия тизими инқирозга учраб қолмаслиги учун, пенсия ёшини босқичма-босқич оширишга чақиряпти. Бундан ташқари, маошдан ушлаб қолинадиган 1 фоизлик ижтимоий солиқни ҳам ошириш, пенсияни ҳисоблашда охирги 5-10 йил эмас, бутун умр давомидаги ўртача маошни асос қилиб олиш, инфляцияга қараб пенсиялар миқдори ҳам автоматик ошиб борадиган тизимга ўтиш тавсия қилинган.
Пенсия жамғармаси баёнотига кўра, ҳозир бу тавсияларнинг Ўзбекистон шароитига қанчалик мослиги ва аҳоли турмуш даражасига таъсири ўрганиб чиқиляпти. Молия вазирлиги ҳузуридаги ташкилотнинг ваъда қилишича, пенсия тизимига киритиладиган ҳар қандай ўзгаришлар “халқнинг фикрини инобатга олган ҳолда” амалга оширилади.
Маълумот учун, ҳозир Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 йилга тенг. Амалдаги пенсия ёши эса аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёш. Ўз вақтида пенсияга чиқиш учун аёлларда иш стажи камида 20 йил, эркакларда эса 25 йил бўлиши керак. 1 июн ҳолатига, ёшга доир пенсия оладиганлар сони 3,5 млн нафарни ташкил этади. 1 июлдан бошлаб энг кам пенсия 918 минг сўмга етади. Бу тахминан 72 доллар дегани.
Оқланган фуқаро хатолик сабаб 207 кун қамоқда қолиб кетди
Хоразмда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалати воқеа рўй берди. Kun.uz суриштирувида маълум бўлишича, Рустам Хўжаниёзов исмли фуқаро суд қарори билан оқланганидан кейин ҳам нақ 207 кун қамоқда сақланган. Бунга судяларнинг ҳукмни ёзиш пайтида техник хатога йўл қўйгани сабаб бўлган.
Воқеага қисқача тўхталсак, 2023 йил октябр ойида Рустам Хўжаниёзов савдо дўкони олдида турган ёғ маҳсулотларини ўғирлаганликда айбланиб, бошқа 3 киши билан бирга қамоққа олинган. Кейинчалик суд уни 3 йилга озодликдан маҳрум қилган, апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган. Вилоят судининг тафтиш инстанцияси эса унинг ҳаракатлари жиноят эмас, майда ҳуқуқбузарлик деган қарорга келган, лекин ҳукмни ёзиш пайтида маҳкумни озод қилиш кераклиги ёзилмай қолган. Натижада фуқаро шу кундан бошлаб ҳисоблаганда 207 кун асоссиз равишда қамоқхонада сақланган.
Эътиборлиси, оқланганини Рустам Хўжаниёзовнинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам билмай қолган. Улар суд ажримини ўқиган бўлишлари мумкин, лекин, афтидан, ажримнинг охиридаги “шикоятни қаноатлантириш рад этилсин” деган жумла уларни чалғитган. Бу ҳолатда суд ҳақиқатан ҳам Хўжаниёзовнинг шикоятини рад этган, чунки у аризасида ўзини оқлашларини эмас, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишини сўраган. Суд эса уни жиноятчи эмас деб ҳисоблаб, ички ишлар органига маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни тавсия қилган.
Ҳолат ошкор бўлгач, Хоразм вилояти суди тафтиш инстанцияси ҳайъатининг шу ишни кўрган 3 нафар судясига ҳайфсан берилди. Ишни кўришда раислик қилган Улуғбек Бакдурдиев ўз аризасига биноан жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан кетди. Айни пайтда фуқарони 200 кундан ошиқ қамоқда сақлаш харажатлари, яъни давлатга етган зарар масаласи очиқ қолмоқда.
“Ясалган” жиноят ишлари
Бу ҳафта Kun.uz судлар ва ички ишлар органларидаги яна иккита ҳолатдаги адолатсизликлар ҳақида ёзди. Суриштирувларимизга кўра, ички ишлар органларида “резултат” кўрсатиш учун жиноят ишларини осмондан олиб ясаш ҳолатлари давом этяпти. Ўтган йили Қибрайда хаста ва ҳимоясиз 35 ёшли бева аёл ИИБ ходимларининг нишонига айланиб, боласини сотган деган айблов билан 8 йилга қамаб юборилган, Kun.uz суриштирувидан кейин озодликка чиқарилган эди. Таҳририятга маълум бўлишича, шунга ўхшаш ҳолат Навоий вилоятида ҳам кузатилган.
Навоийдаги “ясама жиноятлар” доирасида 20 ёшли бир қиз 2 йилга, 23 ёшли бошқа бир аёл 3,5 йилга қамалган. Тергов ва суд ҳужжатларида улар чақалоғини 5 ва 10 млн сўмга сотишга урингани айтилади. Лекин тафсилотлардан кўриниб турибдики, ҳар иккита жиноят иши процессуал нормаларга мутлақо зид равишда олиб борилган, судялар эса негадир энг муҳим жиҳатларга кўз юмган. Kun.uz бош муҳаррири Дилшод Абдуқодиров бу уюштирилган жиноятларга Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик кенгаши йиғилишида вазир Азиз Тошпўлатовнинг эътиборини қаратди. Масалани диққат билан тинглаган вазир Тергов департаменти бошлиғи ва Ўз хавфсизлиги бошқармасига хизмат текшируви ўтказишни буюрди.
Саида Мирзиёева – президент маъмурияти раҳбари
Президент администрациясида кадр алмашувлари рўй берди. Давлат раҳбарининг фармони билан, 2023 йилда тугатилган администрация раҳбари лавозими тикланди ва бу лавозимга Саида Мирзиёева тайинланди. У 2023 йил августидан бери президент ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётган эди. Саида Мирзиёева бундан олдин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари, Масс-медиа фонди раиси ўринбосари, Президент администрациясида ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.
Санаб ўтилган ташкилотларда Мирзиёева билан ёнма-ён ишлаган Комил Алламжонов ўз фаолиятида учинчи марта Президент администрациясида иш бошлади. У администрация раҳбарига жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи этиб тайинланди. Маълум қилинишича, Алламжонов бу лавозимда инновацион иқтисодиёт, инвестициялар ва сўз эркинлиги каби соҳаларда Саида Мирзиёевага экспертлик ёрдамини кўрсатади.
Администрациядаги бошқа ўзгаришларга келсак, давлат раҳбарининг ёрдамчиси сифатида ишлаб келган Азиз Мағрупов президентнинг ташқи инвестициялар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди. Шавкат Мирзиёевнинг бошқа бир маслаҳатчиси Бекзод Мавлонов эса, президент ёрдамчиси этиб тайинланди. Шунингдек, давлат раҳбарининг танқиди билан тугатилган администрациянинг назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов ҳамда департамент раҳбарлари Ўткиржон Қодиров ва Жаҳонгир Ибрагимов лавозимларини тарк этди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Марказий банк миллий валюта курсига кўпроқ эркинлик бера бошлагани ойдинлашмоқда. Сўнгги икки ҳафтада АҚШ доллари аввалига кетма-кет олти савдо кунида салкам 300 сўмга арзонлашган бўлса, кейин тўрт кун ичида қарийб 250 сўмга мустаҳкамланди. Душанба куни расмий курс 12 410 сўмгача қулаши ортидан, ўзбекистонликлар охирги 1,5 йил ичидаги энг арзон доллар курсига гувоҳ бўлди. Шундан кейин тренд ўсувчи шаклга ўтди. Охирги пайтларда тебранишлар диапазони кенгайганига қараганда, Марказий банк сўмга кўпроқ эркинлик бериш ҳақидаги чақириқларга амал қила бошлаган кўринади. Бу – Халқаро валюта жамғармаси миссияси шу ҳафта эълон қилган ҳисоботда ҳам қайд этилган. Валюта курсини либераллаштириш – иқтисодиётнинг ташқи шокларга чидамлилигини оширади, дейди экспертлар.
Ўзбекистон ўз тарихида илк марта суверен рейтингини оширишга эришди. Fitch агентлиги Ўзбекистоннинг чел эл валютасидаги кредит рейтингини “BB-”дан “BB”га кўтарди ва прогнозни “барқарор” деб белгилади. Агентлик буни ислоҳотларнинг жадаллиги ва ўрта истиқболда кутилаётган иқтисодий ўсиш эҳтимоллари билан изоҳлаган. Ўтган ҳафталарда катта учликка кирувчи S&P ва Moody’s ҳам ўз хулосаларини эълон қилган, улар Ўзбекистоннинг суверен рейтингини ўзгаришсиз қолдириб, прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га оширган эди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2030 йилга бориб суверен рейтингини инвестицион даражага олиб чиқишни мақсад қилган.
Иккита туманда ҳоким ўринбосарлари коррупция сабабли қамалди. Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Бекзод Давлатов 25 минг долларлик пора ишида далолатчилик қилганликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Шердил Эргашев эса 5 минг доллар пора билан қўлга тушгани учун 5 йилга қамалди. Бу ҳафта назарга тушган амалдорлардан яна бири – Ургут тумани ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амонов. У фермерларга ерини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилгани ортидан, лавозими кўтарилди: Амонов фаолиятини Самарқанд вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи сифатида давом эттиради.
Ўзбекистон президенти тарихда илк марта Мўғулистонга ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарлари Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида декларация имзолади. Ўзаро савдони 20 баробарга ошириш, тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, янги транспорт маршрутларини очиш ва фойдали қазилмалар соҳасидаги ҳамкорлик – музокараларнинг асосий мавзулари бўлди. Томонлар ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва имтиёзли савдо тўғрисида битимлар тузишни тезлаштиришга келишиб олди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Маҳаллий авиақатновларни субсидиялашнинг янги тартиби тасдиқланади
Ўзбекистон | 09:22
-
Исроилнинг Ғазога ҳужумида 39 фаластинлик, жумладан, болалар ҳалок бўлди
Жаҳон | 08:58
-
Махсус иқтисодий зоналарни инфратузилма билан таъминлашда бозор механизми жорий этилади
Ўзбекистон | 08:47
-
БМТ қароргоҳида Фаластин бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади
Жаҳон | 08:15
Мавзуга оид

10:00 / 13.07.2025
Тошкент пропискасининг очилиши, автотеррористларга чора ва порахўрлик “хит-паради” — ҳафта дайжести

17:53 / 12.07.2025
Тошкентда ЙПХ ходими хизмат машинасида мотоциклчи билан пойга ўйнади

15:52 / 11.07.2025
Туҳмат ва ҳақорат бўйича маъмурий ишлар ариза асосида қўзғатиладиган бўлди

22:27 / 10.07.2025