Жаҳон | 09:34 / 28.06.2025
15907
2 дақиқада ўқилади

Путин Ғарб давлатлари иқтисодиёти ҳақида: «Тез орада йўқ бўлиб кетади»

«Улар бизни доим дафн этишади. Тез орада ўзи ўлади», деди Россия президенти Россия ва Ғарб давлатларининг иқтисодлари ҳақида гапирар экан.

Фото: picture alliance

Россия президенти Владимир Путин Ғарб иқтисодларининг яқин орада қулашини башорат қилди. «Ғарб давлатларида нима бўляпти? Улар бизни доим дафн этишади. Тез орада ўзи ўлади», деди у 27 июн, жума куни Минскдаги Евросиё иқтисодий форумида.

Путиннинг сўзларига кўра, ўтган йили Россия ялпи ички маҳсулоти 4,3 фоизга ўсган бўлса, Евроҳудудда бу кўрсаткич бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил этган, Европанинг етакчи иқтисодлари, хусусан, Германия «таназзул ёқасида мувозанатни сақламоқда». Шу билан бирга, Россия президенти жорий йилда Россия иқтисодиётининг ўсиши «анчагина оддийроқ» бўлишини таъкидлади, бу эса «инфляцияга қарши кураш» билан изоҳланади.

Европа Иттифоқининг янги санкциялари, хусусан, Россия нефти нархини пасайтириш чора-тадбирларига келсак, улар «ушбу санкцияларни жорий қилганлар»нинг аҳволини янада ёмонлаштиради, холос», деди Путин.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи давлатлари Москвага қарши 18-жазо чоралари пакетини қабул қилишга тайёрланмоқда. Айрим европалик сиёсатчилар, хусусан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро бўлажак санкцияларни «эҳтимол, 2022 йилдан бери энг кенг қамровли» деб атади.

«Россия иқтисоди президент Путин уч йилдан бери олиб бораётган мустамлакачилик урушидан тобора кўпроқ азоб чекмоқда, бу уруш Россия ресурсларини қуритмоқда. Бу ресурслар бугун муҳокама қилинаётган янги санкциялар пакети билан янада ёмонлашади», — деди Барро.

Бироқ 26 июн куни бўлиб ўтган сўнгги саммитда Россияга қарши янги санкциялар пакети Венгрия ва Словакия позицияси туфайли қабул қилинмади.

Мавзуга оид