Ўзбекистон | 16:25 / 28.06.2025
2829
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон Орол денгизи қуриган тубида саксовул экади

Расмий Остона ва Тошкент ҳамкорликда Қозоғистон–Ўзбекистон чегараси яқинида Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

Kazinform халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, бу ҳақда Қорақалпоғистон экология вазири Лейла Сеитова маълум қилган.

"Юртимизга қозоғистонлик ҳамкасбларимиз келишди, тажриба алмашишди. Улар Қорақалпоғистонда амалга оширилган ишлар натижаларини ўз кўзлари билан кўришди. Бугунги кунда, саксовул экиш усулларини такомиллаштириш бўйича Қозоғистон билан қўшма лойиҳаларимиз бор. Оролнинг ярми қўшни давлатда, ярми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Шунга кўра, бизга Қозоғистон билан биргаликда чегара яқинида саксовул экиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни кейинчалик амалга ошириш вазифаси юклатилган", – деган Лейла Сеитова Kazinform учун интервюсида.

Унинг айтишича, денгизнинг қуриши оқибатларини минималлаштириш ва экотизимнинг қолган қисмларини сақлаб қолиш муҳим.

Шунингдек, вазир Оролнинг қуриган тубини яшил майдонга айлантириш ишлари натижа бера бошлаганига алоҳида тўхталиб ўтган.

"Ўзбекистон ҳудудидаги Орол тубининг 2 миллион гектарида саксовул экилган. Бу 2018 йилда бошланган лойиҳадир. Бажарилган ишлар яхши натижалар бера бошлади. Дастлаб саксовул тупроқдан кўтариладиган туз ва чангнинг 15-18 фоизини ушлаб туриши тахмин қилинган эди. Бироқ, натижа дастлабки ҳисоб-китоблардан ошиб кетди. Яъни, саксовул ҳавога кўтариладиган чанг ва тузнинг қарийб 35-40 фоизини ушлаб турмоқда", дея қайд этида Лейла Сеитова.

Мавзуга оид