Жаҳон | 22:20 / 28.06.2025
5954
2 дақиқада ўқилади

Германияда Украинага ажратилган қарийб 1 миллиард евро ёрдам йўқолиб қолди – ОАВ

Аммо мамлакат Мудофаа вазирлиги ҳаммаси жойида, деб ишонтирмоқда.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Германиянинг бу йилги мудофаа бюджети кутилмаганда Украина учун мўлжалланган қарийб 1 миллиард еврони йўқотди.

Bild хабарига кўра, Германия мудофаа вазири Борис Писториус яқинда Украинага келаси йил учун ёрдам 9,2 миллиард евро бўлишини айтган эди. Бироқ, 24 июндаги бюджет лойиҳасида 900 миллион евро кам, яъни 8,3 миллиард евро кўрсатилган.

Мудофаа вазирлиги бу маблағни икки қисмга бўлди: 7,3 миллиард евро аллақачон тасдиқланган, қўшимча 1,9 миллиард евро режалаштирилган. Аммо энди расмийларнинг таъкидлашича, ҳамма нарса аллақачон кўрсатилган 8,3 миллиард еврога киритилган.

Германия Мудофаа вазирлигининг тушунтиришича, фарқ Европа тинчлик жамғармасидан келадиган маблағлар ҳисобига пайдо бўлган. «Яъни, пул тушиши аниқ, лекин у ҳали бюджетда йўқ», деб ёзди нашр.

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлигининг бундай баёнотлари Бундестагни саросимага солди. Нашрнинг таъкидлашича, «Яшиллар» партияси раҳбари ўринбосари Себастян Шефер «вазирлик бу маблағларни қаердан олаётгани номаълум» деди. «Украинага ваъдалар эмас, балки ҳақиқий ёрдам керак», деб таъкидлади у.

12 июн куни Германия Украинага қурол сотиб олиш учун яна 1,9 миллиард евро ажратиши маълум бўлди. Писториус сўзларига кўра, Германиянинг Украинани қўллаб-қувватлаш учун ёрдами жорий йилда 7 миллиард евродан ошади.

Унинг сўзларига кўра, Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича ишлар имкон қадар тез ва самарали амалга оширилиши керак.

Мавзуга оид