Жаҳон | 21:34 / 26.06.2025
12957
2 дақиқада ўқилади

«Суткасига 16 соатлаб ишлайди». Россияга Шимолий Кореядан 50 минг қурувчи олиб келинади

Ҳозирда Россияда 15 мингга яқин КХДР фуқароси меҳнат қилмоқда. Рубл курси тушгани боис МДҲ давлатлари мигрантлари учун РФда ишлаш у қадар фойдали бўлмаяпти.

Фото: РИА Новости

2025 йил охирига бориб Россия қурилиш объектларида ишлаётган Шимолий Корея фуқаролари сони 50 минг кишидан ошиши мумкин. Бу ҳақда Eskadra девелоперлик гуруҳи директорлар кенгаши раиси ёрдамчиси Павел Беленсев маълум қилди.

«Бугунги кунда Россияда 15 мингга яқин шимолий кореялик ишчи бор. Йил охирига бориб уларнинг сони 50 минг кишигача ошади. Ҳозирда Шимолий Корея ишчилари учун 153 минг атрофида ариза бор», - дейди у.

Беленсевнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея қурувчилари юқори меҳнат интизоми ва иш унумдорлиги билан ажралиб туради. Унинг таъкидлашича, КХДР ишчилари кунига 12-16 соат ишлайди ва ҳафтада фақат бир кун дам олади. Турли мигрантлар билан боғлиқ шахсий таржибасига таянган Беленсев шимолий кореяликларни «энг яхши» ишчилар деб атади. Шунингдек, у КХДР ишчиларининг асосий йўналиши монолит ишлар, фасад ва биноларнинг ички безаклари эканини қўшимча қилди.

Олдинроқ Свердлов областида Марказий Осиёдан борган мигрантларни Шимолий Корея, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон, Кения ва Нигериядан келган ишчиларга алмаштириш бошлангани маълум бўлганди. Таъкидланишича, рубл курси тушгани боис МДҲ давлатлари мигрантлари учун Россияда меҳнат қилиш у қадар фойдали бўлмаяпти. Африкалик ишчилардан фойдаланиш борасидаги биринчи уриниш эса кутилмаларни оқламаган ва энди КХДР, Ҳиднистон ва Покистон фуқароларига устуворлик берилмоқда.

Июн ўрталарида РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Шимолий Корея Курск областига вайроналарни тиклаш ишлари учун 6 мингга яқин мутахассис юборишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид