Жаҳон | 16:57 / 26.06.2025
5649
2 дақиқада ўқилади

КХДР Украинадаги урушга қўшимча кучларни юборишга тайёрланмоқда – ОАВ

Шимолий Корея бунинг эвазига Россиядан «сунъий йўлдошларни учириш ва ракеталарни бошқариш тизимлари бўйича техник маслаҳат олиши мумкин».

Фото: AP

Шимолий Корея Украинага қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этиш учун июл ёки август ойларида Россияга қўшимча қўшин юбориши мумкин, деб хабар берди Reuters агентлиги Жанубий Корея разведкаси маълумотларига таяниб. Шунингдек, КХДР Россия томонига қурол ҳам етказиб бераётгани таъкидланмоқда.

Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) асос сифатида «Россия президенти хавфсизлик хизмати юқори лавозимли амалдорининг Пхенянга яқинда қилган ташрифини» келтирмоқда. Жанубий Корея разведкаси шунингдек, Шимолий Корея ўз қўшинларини тайёрлагани ҳақида маълумот олган. NIS маълумотларига кўра, бунинг эвазига КХДР «сунъий йўлдошларни учириш ва ракеталарни бошқариш тизимлари бўйича техник маслаҳат олиши мумкин».

Июн ойида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Пхенянга икки марта ташриф буюрди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 17 июн куни, Шойгунинг иккинчи ташрифидан сўнг, Курск вилоятига минглаб сапёрлар ва ҳарбий қурувчиларни юборишга қарор қилди. Шунингдек, у Украинадаги вазиятда Россия Федерациясини қўллаб-қувватлашга яна бир бор ваъда берди.

2024 йил июн ойида Россия ва Шимолий Корея етакчилари ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Унда томонлардан бирига қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юклайди. КХДР аскарлари Курск вилоятини Украина Қуролли Кучларидан озод қилишда иштирок этди: апрел ойида бу ҳақда биринчи бўлиб Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов гапирган эди. Май ойида Владимир Путин КХДРга ҳарбий ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Мавзуга оид