Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гап ақлбовар қилмас суммалар ҳақида кетмоқда: НАТО тарихий қуролланиш декадасига кирди
НАТО давлатлари кейинги ўн йил ичида мудофаа харажатларини ҳозирги 2 фоиз ЯИМ даражасидан 5 фоизгача оширишга келишиб олди. Kun.uz суҳбатлашган сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул буни мудофаа эмас, уруш бюджети деб атади. Таҳлилчилар назарида, бир муддат Европадан юз ўгирган Трампнинг Ҳаага саммитидаги чиқиши унинг атлантизм ғоясига қайтганидан дарак беради.

Камолиддин Раббимов: Агар НАТО аъзолари ЯИМнинг 5 фоизини ҳарбий харажатларга ажрата бошласа, бу оддий мудофаа эмас, балки урушга тайёргарлик кўрилаётганини англатади. Масалан, 2024 йилда Германия ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизи тахминан 235,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Бу – жуда катта маблағ.
Ҳарбий харажатларнинг ортиши бошқа соҳаларда, жумладан, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қисқаришларга олиб келади. Чунки колбасанинг ҳажми деярли ўзгараётгани йўқ, уни қандай бўлиш масаласи қайта кўриляпти. Ҳарбий соҳа кўпроқ оладиган бўлса, бошқа соҳаларга камроқ қолади. Бу эса давлатларнинг табиати, сиёсий ва иқтисодий йўналишини ўзгартиради.
Франция, Германия ёки Скандинавия мамлакатларида ижтимоий ҳимоя тизими кучли, давлат сиёсати эса кўпроқ социалистик йўналишда бўлган. АҚШда эса бундай тизимлар анча заифроқ эди. Эндиликда Европа Иттифоқи ҳам ижтимоий ҳимоя дастурларини қисқартиришга мажбур бўлади, чунки ресурсларнинг катта қисми армияни кенгайтиришга йўналтирилади. Масалан, 100 минглик армия аста-секин 200 минг ёки 300 минггача кўпайиб боради. 5 фоизлик ҳарбий бюджет эса фақат қурол-яроғ учун эмас, балки бутун ҳарбий инфратузилма, жумладан, логистика, кадрлар ва бошқарув тизимларига ҳам сарфланади. Бу дегани, НАТО давлатлари ҳозир мудофаа стратегиясидан уруш стратегиясига ўта бошлади.
Шуҳрат Расул: НАТО аъзолари 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизи даражасига кўтаришга келишиб олди, бу 2 фоиз стандартидан сезиларли даражада юқорилаш дегани.
Бу 5 фоиз маблағнинг 3,5 фоизи асосий қуролли кучлар учун, 1,5 фоизи киберҳимоя, инфратузилма, етказиб бериш занжири ва мудофаа саноатини ривожлантириш учун ажратилиши белгиланди. Бу меъёрларга амал қилиш ҳолати 2029 йилда кўриб чиқилиши назарда тутилди.
Саммит якунлангач, Германия 60 минг нафар янги профессионал ҳарбий хизматчиларни сафарбар қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу борада ҳозир бироз баҳс-мунозаралар бор. Германия Бундестагидаги айрим депутатлар сафарбарлик эълон қилиш, бу борада махсус қонун қабул қилиш керак, деган фикрни илгари сурмоқда. Бошқалар эса йўқ, бизда етарлича маблағ бор, 60 минг кишини профессионал армия таркибида йиғиб олиш мумкин, дейишмоқда. Аслида, Ғарбий Европадаги барча армиялар профессионал ҳисобланади, лекин улар жуда ихчам, сон жиҳатдан кичик эди.
Масалан, Германиянинг ўзида, Европадаги энг йирик давлатлардан бири бўлишига қарамай, атиги 160 минг кишилик армия мавжуд эди. Эндиликда, дастлабки босқичда бу сон яна 60 мингга оширилмоқда. Бу миқдор босқичма-босқич яна кенгайиб боради.
Доимий армия сонининг оширилиши, хусусан, ЯИМнинг 3,5 фоизигача бўлган ҳарбий харажатлар ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Франция, Германия, Белгия, Голландия каби НАТОнинг барча 32 аъзоси ўз армиясини сон жиҳатдан ҳам кенгайтиришни бошламоқда. Бу нафақат аскарлар сонининг ошиши, балки замонавий қуроллар, жумладан, Украинада ва Россияда фойдаланилаётган янги авлод дронлари каби технологияларга асосланган ҳарбий бўлинмалар ташкил этилишини ҳам англатади.
ЯИМнинг 1,5 фоизига тенг маблағ эса бевосита ҳарбий саноатни ривожлантиришга йўналтирилади – янги қурол-яроғ заводлари, ўқ-дори, ракета ва снаряд ишлаб чиқарувчи фабрикалар қурилади.
Бу ерда жуда катта миқёсдаги, гигант маблағлар ҳақида гап кетмоқда. Буни рақам билан ифодалаш осон, аммо миқёсини англаш учун шуни айтиш кифоя: бундан олдин бутун дунё бўйича ҳарбий харажатларнинг 40 фоизи биргина АҚШ ҳиссасига тўғри келарди. Энди эса, НАТО давлатлари 5 фоизлик даражага чиққач, уларнинг умумий ҳарбий бюджети шунчалик ошадики, буни бутун қолган дунё билан солиштирсак, деярли 90 га 10 нисбат ҳосил бўлади.
Яъни глобал қуролланишда НАТОнинг улуши мутлақ устунликка чиқмоқда. Бу мисли кўрилмаган қуролланиш жараёнининг асосий сабаби – Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши ва империалистик амбициялари эди. Бу охир-оқибат НАТОни тарихда кузатилмаган даражадаги ҳарбий кенгайишга ундади.
***
Суҳбат давомида НАТО саммити доирасида Россиянинг узоқ муддатли таҳдид сифатида қайд этилиши, Трампнинг Европага нисбатан муносабати АҚШдаги мейнстрим йўналишга қайтгани ҳам таҳлил қилинди. Шунингдек, НАТОнинг Украина мудофаа саноатини молиялаштириши, Зеленскийнинг саммит муҳокамаларидан четда қолиши ва унинг Трамп билан алоҳида учрашуви ҳамда Трамп ва Эрдўған ўртасидаги ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувлар ҳам кўриб чиқилди.
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08 / 10.07.2025
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар
Ўзбекистон | 09:00 / 11.07.2025
-
АҚШ Сенати қўмитаси Украинага 500 млн долларлик ёрдам ажратишни маъқуллади
Жаҳон | 02:32
-
Дубайда бош ошпаз ролини сунъий интеллект бажарадиган ресторан очилади
Фан-техника | 01:29
-
Шавкат Мирзиёев маҳалла инспектори бўлган катта лейтенантга капитан унвонини берди, фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди — маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 23:54 / 11.07.2025
Мавзуга оид

21:05 / 11.07.2025
“Кавказда Россия энди лидер эмас, оддий иштирокчига айланмоқда” — сиёсатшунос

19:55 / 11.07.2025
Суд Трампнинг туғилиш ҳолати бўйича АҚШ фуқаролигини беришни чеклашга оид фармонини блоклади

14:49 / 11.07.2025
Трамп Россия бўйича «муҳим баёнот» беришини айтди

14:46 / 11.07.2025