Жаҳон | 14:58 / 21.06.2025
7166
11 дақиқада ўқилади

Европа билан гаплашишни хоҳламаётган Эрон, Путиннинг ажабтовур баёнотлари ва Иорданияга келган F-22 эскадрони – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон-Исроил уруши: воқеалар ривожи

Эрон ва Исроил шанба тонгида янги ҳужумлар алмашди. Reuters нашрининг хабар беришича, бу Европа Теҳроннинг ядровий дастури бўйича тинчлик музокараларини жонлантиришга уринганидан бир кун ўтиб содир бўлмоқда.

Исроилда армия маҳаллий вақт билан соат 02:30 дан ўтиб Эрондан ракета ҳужуми бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш марказий Исроил, жумладан Тел-Авив ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳаво ҳужумига қарши сиреналарни ишга туширди.

Кеча, Ислом муҳофизлари корпуси аэрокосмик кучлари учирилган ракеталар асосан босиб олинган Фаластин ҳудудларининг жанубий қисмидаги нишонлар ва марказий Исроил ҳудудларига йўналтирилганини хабар берган эди.

Хусусан, Беъер Шевада жойлашган Юқори технологиялар ва киберхавфсизлик маркази ҳам Эрон ракета зарбасидан шикастланган. Бу бино Исроил армиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган, лекин Цаҳал бу иншоотга зарба берилганини тасдиқламаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўриш мумкинки, ҳужум натижасида бир нечта автомобиллар ва бинолар зарарланган. Ракета турар жой ҳудудидаги автотураргоҳга тушган ва катта ўра ҳамда ёнғин юзага келган. Ёнғинда ўнлаб автомобиллар куйиб кетган. Исроил тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, ракета зарбаси натижасида олти киши енгил жароҳат олган.

Айни шу вақтда Исроил Эрон ҳудудидаги ракета омборлари ва учириш инфратузилмасига навбатдаги зарбаларни берди, дея баён қилди Исроил ҳарбийлари.

Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий Исроилнинг зарбалари Теҳронда тез ёрдам машинасига келиб тушгани ва 3 нафар фуқаролик тиббиёт ходими ҳалок бўлганини тасдиқлади. «Бу — атайлаб содир этилган қотилликдир», — деган Эрон ТИВ сўзчиси.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари агентлиги — Human Rights Activists маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён Исроилнинг ҳаво ҳужумлари натижасида Эрон ҳудудида 639 киши ҳалок бўлган, уларнинг орасида юқори мартабали ҳарбийлар ва ядровий олимлар бор. Эроннинг ракета ҳужумларида эса Исроилда 24 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Уруш ҳолатида бу сонларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони йўқ.

Европа-Эрон музокаралари

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШ билан «Исроил тажовузи тўхтамагунча» музокаралар ўтказилмаслигини айтганди. Бироқ у кеча Европа ташқи ишлар вазирлари билан музокаралар ўтказиш учун Женевага етиб борди. Европа бу ерда дипломатик ечимга қайтиш йўлини топмоқчи эди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, Женевадаги музокаралар катта силжиш бермаган. Трамп сулҳга эришилиши борасида шубҳа билдирди:

«Эрон Европа билан гаплашишни хоҳламайди. Улар биз билан гаплашишни истайди. Бу сафар Европа ёрдам бера олмайди», деди.

Трамп, шунингдек, Исроилга ҳужумларни камайтириш таклифи билан чиқиш эҳтимоли камлигини билдирди:

«Айни пайтда бундай илтимос қилиш қийин. Агар кимдир ютаётган бўлса, бундай таклиф қилиш қийинроқ бўлади. Аммо биз тайёрмиз, хоҳлаймиз ва қодирмиз, биз Эрон билан гаплашяпмиз, нима бўлишини кўрамиз».

Эроннинг юқори лавозимли расмийси Reutersʼга берган интервьюсида музокараларга тайёрлигини айтган:

«Эрон уран бойитишни чеклаш бўйича музокараларга тайёр, бироқ уни бутунлай тўхтатишни ўз ичига олган таклифни рад этади, айниқса ҳозир, Исроил зарбалари остида».

BBC нашрининг ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ядровий дастур фақат тинч мақсадларда эканини таъкидлаган ва Исроилнинг ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузаётганини айтган. Шунингдек, Эрон ўзининг «қонуний ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланишда давом этишини» билдирди.

«Мен очиқ айтаман: Эроннинг мудофаа салоҳияти музокарага ётмайди», — деди Арақчи.

Музокара томонларидан бири бўлган Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми бу борадаги огоҳлантирувни тасдиқлаб, АҚШ можарони ҳал қилиш учун «жуда қисқа вақт» берганини, Яқин Шарқдаги вазият эса «ўта хавфли ва жиддий» эканини айтди. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро эса Эрон ташқи ишлар вазирига «зарбалар тугашини кутмасдан» АҚШни ҳам ўз ичига олган ҳар томонлама музокараларни кўриб чиқишни таклиф қилганини билдирди.

«Эрон ядровий муаммосига ҳарбий йўл билан ечим топиб бўлмайди. Эрон режимини ҳарбий йўл билан алмаштириш хавфли бўлиши мумкин», — деди Барро.

Аввалроқ, Доналд Трамп жума куни АҚШ Исроил томонида урушга қўшилиши ёки йўқлиги борасида қарор қабул қилиш учун икки ҳафтагача вақт олишини айтди. Унга кўра, бу вақт ичида «одамлар ўзига келадими-йўқми, кўриб олинади».

Айни вақтда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари бешинчи авлод F-22 Raptor қирувчи самолётлари эскадронини (8та самолёт) Иорданиядаги авиабазасига кўчиришни бошлади. АҚШ ОАВларига кўра, Қўшма Штатлар аллақачон Яқин Шарққа бир неча қирувчи самолётлар эскадрилясини, жумладан бешинчи авлод F-35 қирувчиларининг катта гуруҳини жойлаштирган.

Путиннинг баёнотлари

Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, дунёдаги сўнгги воқеалар ва Украинадаги уруш ҳақида баёнот берди.

«Ҳарбий ҳаракатларнинг маълум бир мантиғи содир бўлмоқда ва қўшинлар турли ҳудудларни эгалламоқда. Бизда эски қоида бор – рус аскарининг қадами етган жой бизники. Биз Украинанинг таслим бўлишини талаб қилмаймиз. Биз жойларда юзага келган воқеликни тан олишни талаб қиламиз», деган Путин.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига эса Путиннинг уруш ҳақида айтган сўзларини «бемаънилик» деб атади. Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ва бутун дунё ўт очишни тўхтатишга чақираётган паллада Россия президенти «Украинанинг янги ҳудудларини эгаллаб олиш ва кўпроқ украиналикларни ўлдириш режаларини муҳокама қилмоқда».

«Аммо бугунги кунда Путиннинг телба баёнотлари орасида рус аскарининг қадами ҳақидаги сўзлари ажралиб туради. Аслида, рус аскарининг қадами қаерга етса, у фақат ўлим, ҳалокат ва вайронагарчилик олиб келади. Путинни рус аскарлари ва уларнинг Украина дронлари томонидан узиб олинган оёқлари қайғуга солмайди. У ўз халқининг оммавий қотили», деди Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

Шунингдек, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Владимир Путиндан «Россия Эронни қўллаб-қувватламади, шу туфайли ишончсиз иттифоқчи» деб айтаётганларга муносабат билдириш сўралди.

«Россиянинг иттифоқчи сифатида ишончсизлиги ҳақидаги бундай ривоятларни тарғиб қилаётганлар фитначи. Улар фитна қўзғатмоқда. Лекин бу уларга ёрдам бермайди. Улар ўз мақсадларига эриша олмайди», деди Путин.

Аввалроқ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можарони шарҳлар экан, Путин Россия ҳар икки томон билан алоқадалигини ва Москва Эроннинг тинч ядровий дастурга бўлган ҳуқуқини ҳам, Исроилнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш истагини ҳам ҳурмат қилишини айтган эди. Россия-Украина урушида эса Эрон Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда, хусусан, Москвага «Шаҳид» жанговар дронларини етказиб бермоқда.

Ҳаитида 1,3 млнга яқин киши зўравонлик туфайли уйини тарк этди

БМТ Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) баёнотида айтилишича, қуролли тўдалар зўравонлиги натижасида деярли 1,3 миллион киши Ҳаитида ўз уйини ташлаб кетган.

ХМТ маълумотларига кўра, Ҳаитида ички кўчишнинг рекорд даражаси кузатилган, 1,3 миллионга яқин одам зўравонликдан қочиш учун уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 2024 йил декабр ойидан буён кўчирилганлар сони 24 фоизга ошди, дея қайд этди ташкилот.

Баёнотда иқтибос келтирган ХМТ бош директори Эми Поуп бу рақамлар ортида инсонлар ҳаёти борлигини таъкидлади: «Болалар, оналар, қариялар — кўплар бир неча бор уйини тарк этишга мажбур бўлди, уларнинг ҳеч нарсаси йўқ. Улар ҳозир ўта хавфли ва беқарор шароитларда яшамоқда. Биз ҳозир ҳаракат қилишимиз керак. Бу инқироз янги одатий ҳолга айлана олмайди», — деди Поуп.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Ҳаитидаги қуролли гуруҳлар ҳужумлари оқибатида 5600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳаити чуқур сиёсий, иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келишда давом этмоқда. Пойтахт Порт-о-Пренснинг 80 фоиздан ортиғи қуролли гуруҳлар томонидан назорат қилинади. Мамлакат аҳолиси 11 миллион кишидан ошади ва миллионлаб аҳоли очарчилик хавфи остида.

«Трамп зерикиб қолмаслиги» учун НАТО саммит дастури қисқартирилди

Аввалроқ Канаданинг Кананаскис шаҳрида бўлиб ўтган G7 («Еттилик гуруҳи») йиғилишидаги иштирокини зудлик билан тўхтатган АҚШ президенти Доналд Трампнинг «муддатидан олдин кетиши»нинг олдини олиш учун НАТО Ҳаагадаги саммит дастурини 2,5 соатлик сессияга қисқартирди. Бу ҳақда Британиянинг The Financial Times (FT) газетаси уч манбага таяниб хабар берди. «Трамп зерикмаслиги учун шундай қарор қабул қилинди», — деб таъкидлади нашр.

Сессияда, хусусан, бош котиб Марк Рюттенинг 2030 йилга бориб аъзо мамлакатларнинг ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириш, шу билан бирга тегишли соҳаларга, жумладан, инфратузилма ва киберхавфсизликка 1,5 фоиз сармоя киритиш таклифи муҳокама қилиниши керак.

Испания ва бошқа оз сонли давлатлар ҳозирда бу режаларга қарши. Мадрид мудофаа харажатларининг бунчалик кескин ошиши Испания ижтимоий таъминот харажатларини сақлаб қолиш қобилиятини хавф остига қўйишидан хавотирда. Нидерландия қироли Виллем-Александр ва унинг рафиқаси Максима мезбонлик қилган 32 етакчининг норасмий кечки овқати 24 июн оқшомида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид