Жаҳон | 11:20 / 21.06.2025
933
2 дақиқада ўқилади

АҚШда университетларга тадқиқот учун тўловлар камайтирилиши блокланди

Бостондаги судя Доналд Трампнинг Миллий фан фондидан университетларга тўловларни чеклаш сиёсатини ноқонуний деб топди.

Фото: REUTERS

Бостондаги Массачусетс федерал округ суди судяси Индира Талвани май ойида тасдиқланган Миллий фан фонди (NSF)нинг университетларнинг грант тадқиқотлари билан билвосита боғлиқ маъмурий ва моддий харажатлар учун компенсация олиш имкониятини чекловчи сиёсатини бекор қилди. Бу ҳақда 20 июн, жума куни Reuters ва Bloomberg агентлиги хабар берди.

Шу тариқа суд АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг университетларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатларини амалга оширишга яна бир ҳуқуқий тўсиқ яратди. Судя Трамп ҳукуматининг ҳаракатларини «ўзбошимчалик ва нохолислик» деб атади.

NSF аввалроқ республикачи маъмуриятининг устувор йўналишларига тўғри келмайдиган юзлаб грантларни музлатиб қўйган эди. Қолаверса, АҚШнинг энг нуфузли университетлари, жумладан Ҳарвард университетига давлат томонидан ажратиладиган миллиардлаб долларни тўламасликка қарор қилинди.

Аввалроқ АҚШнинг Бостон федерал суди Трампнинг Ҳарвард университетига чет эллик талабаларни қабул қилишни тақиқлаш ҳақидаги қарорини номаълум муддатга блоклаган эди. Собиқ президент Барак Обама томонидан тайинланган судя Эллисон Берроуз 29 май куни шундай ҳукм чиқарди. Берроузнинг қайд этишича, бу қарор «статус-квони сақлаб қолиш»га ёрдам беради.

Мавзуга оид