Ўзбекистон | 15:31 / 20.06.2025
5355
3 дақиқада ўқилади

Президент Китобдаги олтин конини аукцион асосида тадбиркорларга бериш бўйича топшириқ берди

Китобдаги 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси аниқланган. Президент у ерда ёпиқ усулда олтинни қазиб олишга 100−150 миллион доллар пул тикмоқчи бўлган талабгорлар кўплигини айтди ва бу бўйича конни аукционга чиқариш зарурлигини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қашқадарё вилоятига ташриф давомида президент Шавкат Мирзиёев вилоятдаги табиий бойликларни иқтисодиётга жалб қилиш бўйича янги топшириқлар берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йилда вилоятга 3,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинди. Ўтган беш ойда айрим туманлар, жумладан, Косон, Китоб ва Чироқчида инвестиция ҳажми қарийб икки баробарга ошган.

Бироқ вилоят ҳудудидаги 12 та конга ҳали саноат кириб бормаган. Қурилиш материаллари соҳасида 150 миллион долларлик 16 та лойиҳа тайёрланган. Президент мутасаддиларга ушбу конларни аукционга чиқаришни топширди.

Хусусан, Китоб туманида 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси аниқлангани айтилди. Давлат раҳбари табиатга зарар етказмасдан, ёпиқ усулда олтин қазиб олишга 100−150 миллион доллар сармоя киритишга тайёр тадбиркорлар кўп эканини таъкидлади. Шу боис ушбу конни ҳам аукционга чиқариш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Китобдаги яна бешта истиқболли майдонда 39 тонна олтин, Чироқчи туманида эса 10 минг тонна ноёб металл ресурси аниқланган. Ушбу майдонларда геология ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Муборакдаги Газни қайта ишлаш заводи атрофидаги тайёр инфратузилмаси бор, темирйўл ўтган 200 гектар майдонда инновацион саноат зонаси ташкил этилади.

Ушбу саноат зонасида кластер тизими асосида нефть-кимё, электротехника, робототехника ва қурилиш материаллари бўйича 5 та йирик лойиҳани бошлаш вазифаси қўйилди.

Вилоят пахта етиштириш бўйича етакчи бўлсада, тўқимачилик саноатидаги улуши 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳозирда 100 минг тонна ип-калаванинг атиги 28 фоизи қайта ишланади. 

Шу мақсадда Косондаги 40 гектарда ташкил этилган янги технопаркда 200 миллион долларлик 12 та лойиҳа қилиш режалаштирилган. Лекин сув тозалаш иншооти ва канализация йўқлиги учун ишлар тўхтаб қолган. Мутасаддиларга технопарк инфратузилмаси учун маблағ ажратиш топширилди.

Умуман, 400 миллион долларлик 35 та лойиҳани бошлаб, бу йил ип-калавани қайта ишлашни 51 фоизга, келгуси йили 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид