Ўзбекистон | 15:37 / 20.06.2025
4109
4 дақиқада ўқилади

Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик сув тармоғи тортилади

Йиғилишда йўл ва инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу» йўлининг вилоятдан ўтган 100 километрини реконструкция қилиш ҳисобига ҳудуднинг транзит салоҳиятини 3 карра ошириш мумкин. Бу лойиҳага Қарши шаҳридаги янги айланма йўлнинг қолган 13 километри ҳам қўшилса, аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган тирбандлик масаласи ҳал бўлади. Мутасаддиларга бу борада келгуси йилдан амалий ишларни бошлаш топширилди.

Шунингдек, «Қарши – Шаҳрисабз – Китоб» магистрал йўлининг 106 километрида реконструкцияни бошлаб, 4 тасмагача кенгайтириш, Қамаши ва Яккабоғ марказидан айланиб ўтадиган 34 километрли янги йўл қурилишини ҳам бошлаш вазифаси қўйилди.

Ушбу 106 километр йўлнинг икки томонига камида 1 миллионта дарахт экиб, «яшил белбоғ» барпо этиш зарурлиги қайд этилди.

«Тошкент-Термиз» йўлининг Қашқадарё ҳудудидан ўтган 60 километри ҳам 4 тасмали қилиниб, цемент-бетон қопламага ўтказилади. Жорий йилда бу йўлнинг 20 километрини қуриб битказиш топширилди.

Қашқадарёда 3 минг километр тупроқ қопламали йўл бор. Мутасаддилар олдига бу йўлларни тўлиқ шағал қопламага ўтказишни бошлаш вазифаси қўйилди. Вилоятдаги 9 та кўприкни тўлиқ таъмирлашга топшириқ берилди.

Сўнгги 8 йилда ажратилган 1,7 триллион сўм ҳисобидан вилоятда марказлашган сув таъминоти 32 фоиздан 61 фоизга чиқди. Лекин, бу республикада энг паст кўрсаткич экани кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди.

Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини ҳам шу ойда бошлаш шартлиги қайд этилди. Бунга халқаро молия институтидан 60 миллион доллар жалб қилинган.

Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлсада, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори.

«Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортишимиз керак», – деди президент.

Мутасаддиларга ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ҳозирнинг ўзида вилоятдаги 20 минг оилада уй-жойга эҳтиёж бор.

Шу муносабат билан жорий йилда 7 минг 700 та хонадон қурилишини якунлаш, аҳоли зич бўлган Шаҳрисабз ва Қарши шаҳри, Китоб, Косон, Чироқчи, Яккабоғда яна 5 минг хонадонли уйлар қуришни бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Хонадонлар энергия самарадор тизимга ўтиши учун Кўкдала ва Нишон туманлари, Қарши шаҳридаги ижтимоий объектлар ва хонадонларга қуёш панели, гелиоколлектор ўрнатишига кўмаклашиш топширилди.  

Вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари эса йил якунигача биносига камида 20 киловаттли қуёш панеллари ўрнатиши белгиланди.

«Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда амалга оширишни режалаштирган ишларимиз кўлами кенг. Лекин бугунги шиддатли ўзгаришлар замони биздан янада кўпроқ изланишни тақозо этаяпти. 

Белни маҳкам боғлаб ишга киришсак, биз ололмайдиган марра, биз забт эта олмайдиган довоннинг ўзи йўқ.

Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олийжаноб Қашқадарё аҳли билан олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади», – деди давлат раҳбари сўзи якунида.

Мавзуга оид