Ўзбекистон | 14:57 / 20.06.2025
1899
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг хизмат сафарлари ва харажатлари онлайн қайд этиб борилади

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш ва ҳисобини юритиш ягона модул орқали амалга оширилади. Бунда хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни тегишли масъуллар онлайн кузатиб бориши мумкин бўлади.

Фото: 123RF

19 июнь куни «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш «hrm.argos.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модули орқали амалга оширилади. Бунда:

  • хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади;
  • хизмат сафарларининг муайян давлат органининг фаолияти самарадорлигига бевосита, оралиқ ва якуний таъсири мониторинг қилиб борилади;
  • давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарлари якунлари бўйича ҳисобот топширади ҳамда ҳисобот асосида хизмат сафарининг самарадорлиги баҳолаб борилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги асосий йўналишлардаги эришилган натижалар бўйича Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади:

  • давлат органларининг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш самарадорлиги;
  • давлат хизматларини кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифати;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги;
  • давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг рақамлаштирилганлик даражаси;
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва улар ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жорий этилган ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа рейтинглар.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Севара Зокированинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, хизмат сафарлари билан боғлиқ тафсилотлар — “бу тизимда шахсга доир маълумотлар бўлгани сабабли, вазирлик ва идоранинг HR бўлинмаси масъулига кўринади”.

Ушбу рейтинг натижаларига кўра қуйи поғонадаги давлат идораларининг иш усулларини ўзгартириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш (BPR-реинжиниринг) чоралари амалга оширилади ҳамда Ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолиятига баҳо бериб борилади.

Мавзуга оид