Ўзбекистон | 08:45 / 11.07.2025
893
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказади

Туркманистоннинг News Central Asia ахборот агентлиги Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими Ирода Имомованинг "Ўзбекистон ва Озарбойжон: Барқарор дўстлик ва ишончли ҳамкорлик" сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

Муаллиф Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллик тарихига, шунингдек, 2024 йилда имзоланган Иттифоқчилик шартномаси орқали икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишига эътибор қаратган.

Шунингдек, нашрда 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари 12 маротаба учрашгани ва бу учрашувлар икки томонлама алоқаларнинг янги босқичга чиқишини таъминлагани таъкидланган.

Мақолада икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг катта ривожланиши ва савдо айланмасининг 8 мартага кўпайгани ҳақида ҳам сўз боради. "Ўзбекистон ва Озарбойжон ўз олдига ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган. Ушбу мақсадга эришиш учун, кўплаб қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари ва инвестицион дастурлар амалга оширилмоқда. Масалан, автомобиль саноати, текстиль йўналиши, шунингдек, агросаноат соҳасида ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда", – дейилган материалда.

Бундан ташқари, нашрда 500 миллион долларлик умумий капиталга эга бўлган Ўзбекистон-Озарбойжон инвестиция компанияси 360 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 15 та лойиҳани амалга ошираётгани ҳақида ўқувчиларга маълумот берилган.

Мавзуга оид