Жамият | 14:08 / 09.08.2024
6624
7 дақиқада ўқилади

Салат, ширинлик ёки таом. Тарвуздан нималар тайёрласа бўлади?

Тарвуздан салқин ичимлик, турли коктейллар тайёрлашни кўпчилик билади. Лекин тарвузли торт, пирог, қуймоқ ёки салат — айримлар учун умуман янги рецепт. Хўш, улар қандай тайёрланади? Kun.uz бу маълумотларни бир мақолага жамлади.

Фото: Getty Images

Тарвуз ёзда энг кўп харид қилинадиган ва истеъмол қилинадиган полиз экинларидан бири. Организмдаги сув даражасининг мувозанатини сақлашга ёрдам қилувчи, ўта фойдали бу маҳсулотдан дастлаб қандай ичимликлар қилинишига тўхталамиз.

Ширинликлар

Бугунги кунда бу полиз экинидан фақат салқин ичимликлар эмас, турли ширинлик, масалан тарт, пирог, қуймоқ ҳам қилиш мумкин.

Торт: Тарвузли начинка билан тайёрланадиган шоколадли тарт ғайриоддий таъми ва хушбўйлиги билан ҳайратда қолдириши аниқ. Бу десертни пишириш учун керак бўладиган маҳсулотлар:

Ун — 300 г (2 стакан 250 мл), сариёғ (совитилган) — 150 г, шакар — 120 г, тухум (фақат сариғи) — 3 дона, лимон — 1 дона, кўпчитувчи кукун — 1/2 чой қошиқ, ванилин — 1 чимдим

Начинкага: тарвуз — 2–2,5 кг, шоколад — 100 г, жигарранг шакар — 90 г, маккажўхори крахмали — 70 г

Пиширишда дастлаб қуруқ маҳсулотлар: ун, кўпчитувчи кукун, ванилин бир идишга солиб, аралаштирилади. Унга қирғичдан ўтказилган лимон пўстлоғи, хона ҳароратида турган сариёғ ва кўпиртирилган 3 та тухум сариғи солинади. Юмшоқ хамир қорилиб, ярим соатга целлофан пакетга ўралган ҳолатда музлаткичга қўйилади.

Маълум вақтдан сўнг хамир қолип идишга мос шаклда ёйилиб, 180 градусда 30 дақиқа пишириб олинади. Пишган хамирга эритилган шоколад суртилади ва крахмал солиб қайнатиб олинган тарвуз суви солиниб, бутунлай совитилади. Бироздан сўнг қарабсизки, тарвуз начинкаси билан шоколадли тарт тайёр бўлади.

Пирог: Ноодатий рецептлардан бири сифатида тарвузли бисквит пирогини тавсия қилиш мумкин. Бунинг учун керак бўладиган маҳсулотлар:

Тарвуз — 100-150 г, тухум — 2 дона, шакар — 100 г, олий навли ун — 75 г, кўпчитувчи кукун — 1 чой қошиқ, ванилин шакар — 0,5 чой қошиқ, майдаланган долчин — 0,5 чой қошиқ, туз — 0,25 чой қошиқ, ҳидсиз ўсимлик ёғи (қолипни мойлаш учун) — 0,5 ош қошиқ керак бўлади.

Дастлаб тухум, шакар, ванилин шакар ва туз биргаликда бир идишда кўпиртириб олинади. Кейин унга кўпчитувчи кукун, долчин ва ун аралашган қуруқ масса солинади ва қайта аралаштирилиб, суюқ хамир ҳолига келтирилади. Қолип идиш ёғланиб, устига тарвуз бўлаклари терилади ва суюқ хамир устидан қуйилиб, 180-200 градусда 30-40 дақиқа пишириб олинади. Шу билан долчиннинг хушбўй иси келадиган тарвузли бисквит пирог тайёр бўлади.

Қуймоқ: Яна бир оригинал рецептлардан бири тарвузли қуймоқлардир. Ёқимли, юмшоқ қуймоқлар учун керак бўладиган масаллиқлар:

Тарвуз — 150 г, кефир — 100 мл, буғдой уни — 90 г (3 ош қошиқ), тухум — 1 дона, шакар — 1 чой қошиқ, кўпчитувчи кукун — 1/3 чой қошиқ

Бу егулик учун тухум, кефир, шакар ва пишириш куни яхшилаб аралаштирилади. Кейин ун солиниб, суюқ хамир ҳосил қилинади. Охирида тарвуз суви солиниб, товада кичкина қуймоқчалар пишириб олинади.

Тухум билан қовурилган тарвуз: Бу десерт асосан “хамирли тарвуз” деб ҳам номланади. Унга керак бўладиган маҳсулотлар:

Тарвуз — 700 г, картошка крахмали — 60 г (3 чой қошиқ), тухум (фақат оқи) — 2 дона, буғдой уни — 80-100 г, ўсимлик ёғи — 100 мл

Десертни тайёрлаш жуда оддий. Дастлаб тухумнинг оқи сариғидан ажратилади ва яхшилаб кўпиртирилади. Кейин крахмал солиниб, аралаштирилади. Учбурчак шаклда пўстлоғидан олинган тарвузлар шу тухумли массага ботирилиб, ўртача оловда ёғда қизартириб қовурилади. Хоҳишга қараб устига қанд упаси сепилиб, тайёр егулик татиб кўрилади.

Салатлар

Тарвуздан қилиш мумкин бўлган яна бир оддий бўлмаган 2 хил салат рецептлари билан ҳам бўлишамиз.

Тарвуз, фета ва бодрингли салат: Бу салатни татиб кўришдан ҳам кўра, томоша қилиш қизиқроқ бўлиши мумкин. Чунки ундаги масаллиқлар кубик шаклида кесилиб, шахмат кўринишида 3 қават қилиб терилади. Керакли маҳсулотлар : тарвуз, фета пишлоғи, бодринг, ялпиз, зайтун ёғи ва туз.

Айни шу рецепт учун миқдорлар келтирилмаган, шу сабаб кўз билан чамалаган ҳолда кераклича тайёрлаб олиш мумкин.

Гриллда пиширилган тарвуз ва помидорли салат: Жуда сувли ва мазали салат учун керакли маҳсулотлар:

Тарвуз — 200 г, черри помидорлари — 100 г, руккола — 100 г, қизил пиёз — 1 дона, песто соуси — 2 ош қошиқ, таъбга кўра зайтун ёғи, янги майдаланган қалампир, туз.

Салатнинг тайёрланиши тарвузни тузлаган ҳолатда гриллда пишириб олиш билан бошланади. Кейин эса пиширилган тарвуз, черри помидори, рукола, қизил пиёз тўғралиб, песто соуси билан аралаштирилади. Таъбга қараб, унга зайтун ёғи, туз ва майдаланган қалампир ҳам солинади.

Ичимликлар

96 фоизи сувдан иборат тарвуздан ёзбоп салқин, чанқоқбосди лимонад, коктейл, шарбатлар тайёрлаш мумкин. Бунинг учун кўп ва қиммат маҳсулотлар ҳам талаб қилинмайди.

Лимонад: 500 г тарвуз, 400 мл газли сув, бир дона лимон соки ва 2 чой қошиқ асал блендерга солиб аралаштирилса, жазирама иссиқда тетиклантирувчи ажойиб лимонад ҳосил бўлади.

Музқаймоқли ва сутли коктейл: 260 г тарвуз, 80 г исталган турдаги музқаймоқ ва 4 кубик муз билан эса музқаймоқли коктейл, 400 г тарвуз, 200 мл сут, 1 чой қошиқ асал, 1/3 чой қошиқ майдаланган долчин ҳамда хоҳишга кўра муз билан сутли коктейл тайёрланади.

Шарбат: 4 кг тарвуз, 250 г шакар ва 1 чой қошиқ лимон кислотасидан ҳам ёз, ҳам қишга ажойиб шарбат чиқариш мумкин. Бунинг учун тарвузнинг юмшоқ қисми пўстлоғидан ажратилиб, идишга олинади ва оқ матодан ўтказилади.

Кейин эса шакар ва лимон кислотаси солиниб, 2-3 дақиқа қайнатиб олинади. Сўнг стерилланган шаффоф идишларга қуйилиб, қопқоқлари билан ёпилади. Бу ичимликни нафақат ўша вақтнинг ўзида совитиб истеъмол қилиш, балки қишгача сақлаб, кейин ичиш ҳам мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди