Жаҳон | 10:15 / 18.06.2025
20066
3 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ билан тўқнашадими? Экспертлар фикри

Исроил биринчи бўлиб тўхташи даргумон, шундай экан, Теҳроннинг олдида ҳозир вазиятдан чиқиш учун қандай йўллар бор? Kun.uz студиясида Исроил–Эрон урушининг бешинчи кунидан кейинги вазият юзасидан саволларга сиёсий таҳлилчилар жонли эфирда жавоб беришади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон агар АҚШ томонидан ҳужум бўлса, ҳарбий жавоб берилишини айтмоқда. Шуни била туриб, араб давлатлари ўз ҳудудидаги АҚШ ҳарбий базаларидан Эронга зарба учун фойдаланилишига йўл қўйиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Охирги бир неча йил ичида минтақадаги геосиёсий оҳанг ўзгариб бошлаган эди. Бир неча йил олдин Эрон билан Саудия Пекинда ярашди.1979 йилдан кейин, тахминан 40 йил мобайнида Эрон ва Саудия ўртасидаги яширинча ва ошкора стратегик тирашув минтақадаги асосий масала эди. Лекин Саудия ҳам шу нарсани тушундики, коллектив ғарб, аввало Исроил давлати мусулмон давлатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва гижгижлаш орқали уларни муттасил заифлаштириб келди. Саудия Арабистони йиллар мобайнида Эрон билан тирашув учун жуда ҳам катта ресурс сарфлади. Лекин кейинги 2 йилда алоқалар илиб, ўзаро элчихоналар қайта очилди. Исроил билан ҳозирги тўқнашувлар фонида Саудия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари телефон суҳбати ўтказди, яъни муносабатлар анча-мунча ўзгарган.

Одатда ҳарбий базалардан фойдаланиш шартлари давлатлар ўртасидаги келишувларда тўлиқ белгиланган бўлади. Назаримда, ҳар сафар ҳукуматлардан рухсат сўраб ўтирилмайди.

Туркиянинг расмий позицияси Исроилга қарши ва албатта Эрон томонда. Лекин айни пайтда Туркиянинг ичкарисидаги ҳарбий базалар тўлақонли НАТОнинг назоратида ва доимий тартибда ишлаяпти. Бу дегани Эрон бўйича маълумотлар йиғиляпти ва Америкага бериляпти, Америка уларни Исроилга беряпти.

Шавкат Икромов: Доналд Трамп май ойида Яқин Шарқ бўйлаб турни амалга оширди: Саудия, БАА ва Қатарда бўлди. Катта инвестицион шартномалар имзоланди. Араблар пулни шунча бериб юбормайди, улар ўз шартларини қўйган. Хавфсизлик кафолатлари ҳам ана шу шартлар жумласидан. Агар АҚШ араб давлатларидаги базаларидан туриб Эронга ҳужум уюштирса, Эрон жавоб қайтаради ва бу давлатларнинг хавфсизлигига берилган кафолат бузилади. Араб давлатлари ўзлари хоҳламаган ҳолда уруш гирдобига тортилган бўлади.

Шунинг учун ҳам АҚШ араб давлатларидаги базаларидан Эронга ҳужум қилиши эҳтимоли жуда кам. Буни Қўшма Штатлардаги етакчи эксперт марказлари ҳам айтиб келмоқда.

Араб давлатларидаги базалардан Эронга ҳужум бўлган тақдирда, жавоб зарбаси Ямандаги ҳусийчилар томонидан ҳам бўлиши мумкин. Улар шундай баёнотлар беришган.

Суҳбат давомида таҳлилчилар Исроил–Эрон уруши атрофидаги бошқа мавзулар юзасидан ҳам сўз юритишди. Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube каналида томоша қилинг.

Мавзуга оид