Фан-техника | 22:36 / 10.06.2025
3062
2 дақиқада ўқилади

Хитой кексаларга ёрдам берадиган роботларни синовдан ўтказишни бошлайди

Ушбу дастур ХХРдаги демографик ўзгаришлар фонида ишга туширилмоқда. Мамлакатда кексаларга ғамхўрлик кўрсатадиган меҳнат ресурслари етишмаяпти.

Фото: Xinhua

Хитой ҳукумати кексаларни парвариш қилиш тизимига роботлаштирилган ечимларни жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди. Бу ҳақда мамлакат Саноат ва ахборот ҳамда Фуқаролик маъмурияти вазирликларига таяниб, South China Morning Post хабар берди.

Асосий вазифа — технология қандай қилиб кексаларни парваришлашни енгиллаштириши, оилага юкламани камайтириши, ходимлар етишмаслигини қоплаши ва парваришлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ёрдам беришини аниқлашдан иборат. Ҳужжатда қайд этилишича, гап учта йўналиш — уйда, жамоада ва ихтисослаштирилган муассасаларда ёрдам кўрсатиш ҳақида кетмоқда.

Дастур ногиронлиги бўлган инсонларга ёрдам кўрсатишни, ҳиссий қўллаб-қувватлашни, «ақлли» турмуш тарзини ташкил этишни ва кундалик ишларда кўмаклашишни назарда тутади. Шунингдек, когнитив бузилишларга эга шахслар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, лойиҳа билан аллақачон уй шароитида фойдаланиладиган ҳуманоид роботлар ишлаб чиқараётган Хитой компаниялари қизиқа бошлаган. Иштирок этиш шартларига кўра, камида 200 та қурилмани 200 та хонадонда синовдан ўтказиш ёки 20 та ечимни 20 та муассаса ёки жамоага ўрнатиш талаб этилади. Бундан ташқари, иштирокчилар ушбу соҳада стандартлар ва баҳолаш тизимларини яратиш устида иш олиб боради.

Дастур Хитойдаги демографик ўзгаришлар фонида ишга туширилмоқда: мамлакат аҳолиси тез суръатларда қаримоқда, кекса ёшдагиларга ғамхўрлик кўрсатадиган меҳнат ресурслари эса етишмаяпти. Ўтган йил охирида Хитойда истиқомат қилаётган 60 ёшдан ошганлар сони 300 миллиондан зиёдни ташкил этган. Прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб бу рақам 400 миллиондан ошиши мумкин.

Мавзуга оид