Ўзбекистон | 12:45 / 09.06.2025
6981
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда Россиядан депортация бўлганларга сохта паспорт тайёрлаб бериш билан шуғулланган гуруҳ аниқланди

Урганч туманида “паспортстол” ходими ва бошқалар гуруҳга бирлашиб, пул эвазига сохта маълумотлар киритилган ID карта ва паспорт тайёрлаб келишган. Улар асосан Россиядан депортация бўлиб, ушбу давлатга қайтиб кетиш мақсадида юрганларга шахсий маълумотларини ўзгартирган ҳолда паспорт тайёрлаб берган. Ҳатто фуқароларнинг туғилган йили ва санаси ҳам ўзгартириб юборилган.

Фото: Kun.uz

Урганч тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи паспортчиси М.А. узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У фуқароларга сохта ID карта ва хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб бериш билан шуғулланиб келган.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, М.А. моддий даромад орттириш мақсадида Р.Х., А.А., М.Р. ва бошқалар билан бир гуруҳга бирлашиб, жиноий режа тузган. Унга кўра, гуруҳ аъзолари Россиядан депортация қилинган ва ушбу давлатга қайтиб кетиш мақсадида юрган фуқароларни топиб, пул эвазига уларга шахсий маълумотларини ўзгартирган ҳолда ID карта ва хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб берган. Бу ишни “паспортстол” ходими М.А. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг “Manzil” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширган.

Жумладан, М.А. 1988 йил 25 июл куни туғилган фуқаро У.Х.га пул эвазига исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган йили ва санаси ҳамда шахсий идентификацион рақамини ўзгартирган ҳолда ID карта, хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирган. У айни шу йўл билан 20 нафардан ортиқ фуқарога сохта маълумотлар киритилган ҳужжатлар тайёрлаб берган. Бунинг учун 3 млн сўмдан 1 500 АҚШ долларигача “хизмат ҳақи” олган.

М.А. ҳатто Самарқанд, Фарғона вилоятида яшовчи, Россиядан депортация бўлган шахсларга ҳам Урганч туманида рўйхатга олингани ҳақида сохта маълумотлар киритиб, шахсий маълумотларини ўзгартирган ҳолда паспорт расмийлаштириб берган. “Паспортстол” ходими ўзининг бу жиноий ҳаракатларини фош қилмаслик ва жавобгарликдан қутулиш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган ҳақиқий паспортларни йиртиб, ёқиб юборган.

М.А. суд ҳукми билан туҳмат, мансаб сохтакорлиги, пора олиш каби жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.  

Мавзуга оид