Жаҳон | 10:54 / 03.06.2025
5578
4 дақиқада ўқилади

“Ўргимчак тўри”: Украинадан ҳайратланарли юриш

Украинанинг “Ўргимчак тўри” операцияси замонавий урушларда дронлар билан нималар қилиш мумкинлигини янги ракурсда кўрсатиб берди. Россиянинг ичкари ҳудудларида турган стратегик авиация жиддий йўқотишларга учради. Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Абдували Сойибназаров бу ҳужум ва унинг фонида ўтган Истанбул музокаралари ҳақида сўз юритди.

— Мурманск ва Иркутскдаги “Ўргимчак тўри” операцияси Россия мудофаасининг заифлиги натижасими ёки Украина махсус кучларининг фавқулодда муваффақияти?

Шуҳрат Расул: Бу воқеани заифлик дейишнинг ўзи етарли эмас, “Ўргимчак тўри” операцияси – Россия махсус хизматлари учун тўлақонли шармандалик. Украина махсус кучлари Иркутск вилоятидаги Белая, Рязан вилоятидаги Дягилево, Мурманск вилоятидаги Оленя, Иваново вилоятидаги Иваново авиабазаларини нишонга олган. Дягилево ва Ивановадан аниқ тасдиқланган видеоматериаллар ҳали тақдим қилинмагани учун талафотлар ҳақида аниқ бирор гап айтишга эрта.

Иркутск ва Мурманскдаги базада талафот кўрган стратегик бомбардимончилар мавжуд, булар: А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 самолётлари. Ту-95 – 1960-1970 йилларда ишлаб чиқарилган, бугунги кунда Россия қуролли кучлари ихтиёрида жами 56-57 та бор, лекин жанг қила оладигани 16 та деб баҳоланади. Иккинчиси бу – Ту-22М3 самолёти, яъни реактив двигателли самолёт ҳисобланади. У Ту-95 га қараганда замонавийроқ, 1980-йиллар охиригача ишлаб чиқарилган. У ҳам шу 50 донадан сал кўпроқ деб баҳоланади, лекин уларнинг ҳам тахминан 30 фоизи яроқсиз.

Сабаби бу самолётлар, мана Ту-95, эллик йилдан бери ишлаб чиқарилмаяпти. Чунки бундай қурилмаларни собиқ СССР ҳудудидаги давлатлардан мингга яқин завод-фабрикалар иштирокида барпо этиш мумкин бўлган. Иттифоқ парчалангач, бу тизим бузилиб кетган, заводлар амалда йўқ бўлиб кетган. Энди бундай турдаги стратегик авиацияни Россия қайта ишлаб чиқара олмайди ва ишлаб чиқармаяпти ҳам.

“Ўргимчак тўри” операцияси натижасида Россия ядро триадасининг (ҳавода, қуруқликда ва сувда) стратегик авиация қисми заифлашди.

Иркутск ва Мурманскка берилган зарба, бу ассиметрик зарба бўлди. Агар шу кучларга тенг кучлар билан, масалан узоққа учувчи, ўрта олисликдаги қанотли ракеталар билан зарба берганда, бу симметрик деб айтиш мумкин эди. Асимметрик дегани бунинг акси, чунки кичкина 300-500 долларлик дрон бориб, нархи 100 млн долларлик самолётни зарарсизлантирди.

Абдували Сойибназаров: Назаримда, бу операция Украина махсус хизматлари томонидан Буюк Британия билан биргаликда тайёрланган. Бу операциядан Россия федерал хавфсизлик хизмати хабарсиз қолиб кетиши мумкин эмас. Бундай ҳужумни Россия махсус хизматлари аввалдан кутган. Ҳужум ташкилотчилари ФХХ бносининг шундоққина биқинида иш юритган, буни махсус хизматларга сездирмай қилиш имконсиз. Ундан ташқари, Россияда бирор бир кучишлатар тизимлар ходимларининг истеъфо бермагани ёки ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани айрим хулосалар чиқаришга ундайди. Масалан, бу ердаги самолётларнинг барчаси ҳам ҳақиқий эмас, балки макет бўлган. Ундан ташқари, эскирган учоқлар бўлиши ҳам мумкин.

Россия Украинага атайлаб имконият бериб, ўзининг кескин ҳужумлари учун асос яратиши мумкин. Масалан, Украинанинг стратегик ҳарбий объектлари ҳамда Киевдаги Ғарбий Европа мамлакатлари билан очилган ёки очилаётган ҳарбий саноат корхоналарига ҳам зарба берилиши мумкин.

Суҳбат давомида таҳлилчилар Истанбулда ўтказилган музокара натижалари, фронтдаги мавжуд вазият ва эҳтимолий сулҳ мавзуларини ҳам муҳокама қилди. Қизғин баҳсларга бой суҳбатни YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид