Жаҳон | 10:17 / 02.06.2025
1840
2 дақиқада ўқилади

Мерц Нетаняҳуни Ғазога ёрдамни кучайтиришга чақирди

Телефон орқали мулоқот чоғида Германия канцлери Исроил бош вазирини Ғазо секторидаги тинч аҳолига шошилинч ёрдамни фаолроқ кўрсатишга чақирди.

Фото: EPA

Германия канцлери Фридрих Мерц Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторидаги тинч аҳолига фаолроқ шошилинч ёрдам кўрсатишга ва минтақада «зудлик билан етарли даражада гуманитар ёрдам етказишга ва унинг хавфсиз тақсимланишини» таъминлашга чақирди. 1 июн, якшанба оқшомида Германия ҳукуматининг расмий вакили Штефан Корнелиус Берлинда Исроил раҳбари билан телефон орқали мулоқоти чоғида Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари, шунингдек, Исроилнинг хавфсизлиги ва яшаш ҳуқуқи Германия давлат доктринасининг бир қисми эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Мерц «ҲАМАС террорини» қоралаган. Канцлер бу ҳаракат қуролларини ташлаши кераклигини таъкидлаб, яқин келажакда барча гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилишига умид билдирди. Шу билан бирга, Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари «федерал ҳукумат ҳалигача икки давлат яратиш бўйича музокаралар йўли билан ечимни исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида тинч-тотув яшаш учун энг яхши имконият деб ҳисоблайди», дея қўшимча қилди Корнелиус. Нетаняҳунинг муносабати ҳақида хабар берилмаган.

«Тўғрисини айтсам, Исроил армияси Ғазо секторида қандай мақсадни кўзлаётганини энди тушунмаяпман», деди Фридрих Мерц 26 май куни Берлиндаги Europaforum тадбирида сўзлаган нутқида. «Тинч аҳолининг сўнгги кунларда тобора кўпроқ жабр кўраётганини энди ҲАМАС терроризмига қарши кураш билан оқлаб бўлмайди», деб таъкидлади Германия канцлери. Исроилнинг бутун Ғазо секторидаги ҳаракатларига нисбатан Германиянинг танқид даражасига ишора қилиб, у шундай деди: «Биз буни ҳозир аниқ айтишимиз керак».

Мавзуга оид