Жаҳон | 14:09 / 17.07.2025
5031
6 дақиқада ўқилади

«Биз урушдан қўрқмаймиз» – аш-Шаръа Исроил Сурияни беқарорлаштиришга уринаётганини таъкидлади

«Исроил — собиқ тузум қулаганидан буён ҳар доим Сурияни беқарорлаштириш ва орага нифоқ солишга интилиб келади», деди Дамашққа ҳужумлардан сўнг халққа мурожаат қилган Сурия етакчиси. Аҳмад аш-Шаръа баёнотида друзларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва мамлакатни янги урушга тортмаслигини билдирди. БМТ, АҚШ, Туркия, Евроиттифоқ ва Форс кўрфази давлатлари эса Исроилдан Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни сўради.

Фото: Reuters

Исроил 16 июл куни Сурия пойтахти Дамашқ марказидаги мудофаа вазирлиги биноси ва президент саройи яқинига бир неча марта авиазарбалар уюштирди. Бу Сурия жануби-ғарбидаги Сувайдо шаҳрида ҳукумат кучлари ва друз жангарилари ўртасида кечаётган тўқнашувлар фонида юз берди.

Фото: Reuters

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац чоршанба куни Сурияга зарба берилганини тасдиқлаб, друзларни ҳимоя қилишда содиқ қолишини билдирди. Шундан сўнг Сурияда друзлар етакчиси ҳукумат кучлари билан сулҳга эришилганини таъкидлади. Шунга қарамай, Суриядаги вазият беқарор бўлиб қолмоқда.

Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа пайшанба тонгида берган баёнотида друзларга мурожаат қилиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «устувор вазифа» эканини таъкидлади. Бу баёнот Исроил жанубий Сурияда друзларга ҳужум қилаётган Сурия ҳукумат кучларини йўқ қилишга ваъда берганидан сўнг янгради.

«Исроил давлати собиқ тузум қулаганидан буён ҳар доим Сурияни беқарорлаштириш ва орага нифоқ солишга интилиб келади. Бугун яна муқаддас юртимизни тугамайдиган бетартиблик майдонига айлантирмоқчи.

Кучли бўлиш ҳали ғалабани кафолатламайди. Битта соҳадаги муваффақият бошқа соҳаларда ҳам ютуқ беради дегани эмас. Сиз уруш бошлаб юборишингиз мумкин, аммо унинг оқибатларини бошқариш осон эмас. Биз – ушбу ер фарзандлари – Исроил режимининг бизни ажратиш уринишларига қарши туришда бошқалардан кўра кўпроқ қодирмиз», деган аш-Шаръа.

Фото: Reuters

Сурия етакчиси, шунингдек, друзларга ҳам мурожаат қилди:

«Мен, миллатимиз таркибининг ажралмас қисми бўлган друзларга мурожаат қиламан: Сурия ҳеч қачон ўз фарзандлари ўртасида бўлиниш, парокандаликка йўл қўймайди. Сизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларингизни ҳимоя қилиш – биз учун энг устувор вазифадир. Биз сизларни ташқи кучлар билан иттифоққа тортиш ёки орамизда адоват уйғотиш ҳаракатларининг ҳар қандай шаклини рад этамиз», дейилади баёнотда.

Унинг айтишича, Исроил аралашувига қарамай, ҳудудда барқарорлик тикланди ва ноқонуний гуруҳлар қувиб чиқарилди. Сурия етакчиси кечаги ҳужумлардан сўнг Исроил билан уруш ёки минтақа барқарорлиги борасида танлов олдида қолганини айтди.

«Биз урушдан қўрқмаймиз – ҳаётимиз давомида доим синовларга дуч келганмиз ва халқимизни ҳимоя қилиб келганмиз. Аммо биз сурияликларнинг манфаатларини тартибсизлик ва вайронагарчиликдан устун қўйдик. Ҳозирги босқичда энг тўғри қарор – миллий манфаатлар асосида ватанимиз бирлигини ва халқимиз хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўлди», дейди Аҳмад аш-Шаръа. Шунингдек, у Сурияни янги кенг кўламли урушга тортиб кетадиган йўлдан асрашни исташини айтган.

Фото: SANA News

SANA нашрига кўра, Суриянинг кўплаб ҳудудлари, хусусан Ҳалабдаги майдонда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат ички ишларига хорижий аралашувларга қарши оммавий намойиш бўлиб ўтди.

БМТ ва Исроилнинг Сурияга ҳужумларини қоралади

Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг авиазарбаларини қоралади.

«Бош котиб Исроил томонидан Сувайдо, Даръа ва Дамашқ марказига уюштирилган ҳужумларни ҳамда Исроил мудофаа кучларининг Голан тепаликларида қайта жойлашуви ҳақидаги хабарларни кескин қоралайди», - дейилади Гутерриш матбуот котиби Стефан Дужарик баёнотида.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса вазият кескинлашганидан «жиддий хавотирда» эканини айтди.

«Биз бу масалада иш олиб боряпмиз… мен ҳозиргина тегишли томонлар билан телефон орқали гаплашдим. Бу жуда жиддий вазият, ва умид қиламизки, яқин соатларда янгиликлар бўлади. Аммо бу бизни чуқур хавотирга солмоқда», - деди Рубио.

Фото: Daily Sabah

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужумларни қоралади ва уларни Суриянинг тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни тиклаш йўлидаги ҳаракатларига қарши саботаж деб атади. Туркия парламенти Исроилнинг «разил» ҳужумларини қаттиқ қораловчи қарорни қабул қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ҳужумни «кутилган воқеа» деб атади ва Эрон Суриянинг «суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги»ни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Навбатдаги пойтахт қайси? Исроил режими ҳеч қандай чегарани билмайди ва фақат куч тилини тушунади», деди Арақчи.

Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва БААдан иборат Форс кўрфази Ҳамкорлик Кенгаши ҳужумларни «энг кескин шаклда» қоралади.

«Исроилнинг бу ҳужумлари Суриянинг суверенитетини очиқ-ойдин бузиш, халқаро қонун ва тамойилларга зид ҳаракат ҳамда минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдиддир», - дейилади Кенгаш баёнотида.

Кўрфаз давлатлари Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаб, Исроил ҳужумларининг давом этиши «масъулиятсиз кескинлик» эканини ва минтақада барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро ҳаракатларни менсимаслик деб баҳолади.

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши кераклигини айтди

«Исроилнинг Дамашққа ҳужумларидан жиддий хавотирдаман. Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши зарур. Барча томонларни зўравонликдан тийилишга ва кескинликни юмшатишга чақираман», деди Евроиттифоқ расмийси.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди