Жаҳон | 20:26 / 17.07.2025
14394
10 дақиқада ўқилади

Суриядаги янги уруш. Друзлар ва бадавийлар можаросида воқеалар ривожи

Марказий ҳукумат бадавийларга ёрдамга келди. Исроил друзларни қўллаб-қувватлаб, Дамашқни бомбардимон қилгач, ҳукумат қўшинларни олиб кетишни бошлади.

Фото: Jalaa Marey / AFP / Scanpix / LETA

11 июл, жума куни Сурия жанубида бир гуруҳ қуролланган одамлар Дамашқдан Сувайда шаҳрига олиб келувчи йўлда бир машинани тўхтатди. Сувайдалик сабзавот сотувчи ўғирлаб кетилган. Кейинчалик уни кўзлари боғланган ҳолда узоқ бир жойга ташлаб кетишди. У калтакланган ва талон-тарож қилинганди. Уни йўловчилар кўриб қолиб, шифохонага олиб кетишган.

Савдогар друзлар жамоасига мансуб. Бу Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда, асосан Жўлан тепаликлари ва унинг атрофида яшовчи этник конфессионал гуруҳдир. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Сурияда 500 мингдан 700 минггача друзлар (аҳолининг икки-уч фоизи) яшайди, Сувайда вилоятида эса улар кўпчиликни ташкил этади. Тили арабча. Уларнинг дини минг йил олдин шиа мазҳабининг бир тармоғи сифатида пайдо бўлган, аммо бугунги кундаги друзлар ўзларини мусулмон деб ҳисобламайди.

Одам ўғрилари бадавийлар эди – улар Сурия чўлларида яшовчи, эътиқодига кўра сунний-мусулмон бўлган кўчманчилардир. Савдогар нафақат калтаклангани, пуллари, машинаси ва телефони олиб қўйилгани, балки «даҳрий» деб ҳақоратланганини ҳам айтиб берган.

Дамашқ–Сувайда шоссеси ва Суриянинг бошқа йўлларида талончилик ва одам ўғирлаш ҳолатлари мунтазам тус олган. Мамлакатда фуқаролик уруши ҳалигача узил-кесил якунланмаган, марказий ҳукумат улкан ҳудудларни назорат қила олмайди, ягона полиция уёқда турсин, ягона армия ҳам мавжуд эмас. Аммо диний омил одатий жиноятни конфессиялараро низо қўзғатувчисига айлантирди.

Друзлар жамоаси йирик эмас, аммо яхши қуролланган. Фуқаролик уруши даврида уларнинг лашкари – биринчи навбатда, «Риджал ал-карама» («Номусли эркаклар») – ҳам Башар Асад тарафдорларига, ҳам ИШИДга қарши курашда ўзини кўрсатган. 2024 йил декабрида дурузлар Дамашқ эгалланиши ва Асад режими ағдарилишида муҳим рол ўйнаганди.

Янги Сурияда ҳам друз лашкари қуролларни ташлаш ҳақида ўйлаётгани йўқ: эндиликда ҳокимият тепасига келган Аҳмад аш-Шаръа мансуб бўлган сунний араблар учун друзлар – адашган кофирлар ҳисобланади. Улар ўртасида бунгача ҳам бир неча тўқнашувлар бўлиб ўтган, энг жиддийси – баҳорда Дамашқ чеккасидаги Жараманда кузатилганди. Ўшанда юздан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 14 нафари халқ лашкарига алоқадор бўлмаган друзлар эди – уларни расман Дамашқдаги ҳукуматга бўйсунмайдиган, лекин унинг томонида туриб жанг қилувчи жангарилар отиб ташлаган.

Бу сафар ҳам шундай кучлар ҳаракатга келган. Савдогар билан боғлиқ воқеадан кейин друз жангарилари ҳам бир неча бадавийни ўғирлаб кетишди – афтидан, савдогарни калтаклаган ва талаганларни эмас, шунчаки шу қабилага мансуб бўлганларни. Можаро жамоалар даражасига кўтарилди. 13 июл куни Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида нафақат ўқотар қуроллар, балки миномётларни ҳам ишга солган ҳолда жанглар бошланди. Икки томондан ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.

Эскалация аввалги Жараман сценарийси бўйича давом этди. Сувайдага қўшни Даръа вилоятидан бадавийлар етиб боришди. Дамашқ ҳукумати ҳам ҳудудга ўз кучларини юборди. Расмий равишда улар тинчлик ўрнатувчилар бўлиши керак эди. Аммо аслида булар яқингача друзларга қарши ҳаракатланган сунний жангарилар, бадавийларнинг диндошлари эди. Март ойида бошқа бир этно-конфессионал жамоа – алавийлар билан содир бўлган воқеа друзлар билан ҳам такрорланиши хавфи юзага келди: улар Тартус ва Латақия вилоятларида қўзғолон кўтарганида Дамашқдаги ҳукумат уни бир неча кун ичида шафқатизларча бостирган ва оммавий қирғин уюштирилганди.

Аммо алавийлардан фарқли ўлароқ, друзларнинг кучли ташқи ҳомийси – Исроил бор. Ушбу мамлакатда ҳам друзлар жамоаси яшайди – бу катта жамоа эмас (тахминан 150 минг киши, аҳолининг тахминан бир ярим фоизи), лекин жуда нуфузли, айниқса ҳарбий муҳитда: кўплаб друзлар Исроил мудофаа армиясининг жанговар қисмларида хизмат қилади ва қўмондонлик лавозимларини эгаллаган. Қолаверса, Исроил Жўлан тепаликларининг катта қисмини назорат қилади, бу ерда аҳолининг тахминан ярми (тахминан 25 минг киши) асосан Сурия фуқаролигига эга бўлган друзлардир. Шунингдек, друзларнинг ерлари – Суриянинг Кунайтра, Даръа ва Сувайда вилоятлари Исроил ва Сурия ўртасидаги буфер зона ҳисобланади, Исроил ҳукумати Дамашқ бу ҳудудни тўлиқ ўз назоратига олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

Феврал ойидаёқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил Суриядаги янги режим армиясига ҳам, у билан алоқадор бошқа қуролли гуруҳларга ҳам Дамашқдан жанубдаги ҳудудларда ҳаракатланишга йўл қўйилмаслигини айтганди. У улар Кунайтра, Даръа ва Сувайдага кирмаслигини талаб қилиб, шуни алоҳида қайд этганди: «Биз Сурия жанубидаги друзлар жамоаси манзилига қаратилган таҳдидларга тоқат қилмаймиз».

Исроил ҳукумати бу ваъдасида турди. 14 июл куни Исроил авиацияси ҳукуматнинг Сувайда томон ҳаракатланган кучлари колоннасини (жумладан, танкларни), шунингдек, Сувайданинг ўзидаги ҳукуматпараст кучларнинг позицияларини ўққа тутди. 16 июл куни эса Дамашқнинг ўзига ҳам давомли зарбалар йўлланди. Хусусан, мудофаа вазирлиги ҳамда бош штаб биноларига ракеталар учирилган. Шунингдек, президентлик саройига яқин жойга зарба берилган – бу катта эҳтимол билан, агар Суриядаги марказий ҳукумат друзлар устига юришини тўхтатмайдиган бўлса, Исроил вазиятни янада кескинлаштиришга тайёр экани ҳақидаги огоҳлантириш бўлган.

Сурия мудофаа вазирлиги ва бош штаб биносининг Исроил авиазарбасидан кейинги кўриниши
Mohammed Al Rifai / EPA / Scanpix / LETA

Бу орада Исроил ҳудудида яшовчи друзлар ҳам Сурияга йўл олишди. 15 июл куни Жўлан тепаликларида ўнлаб кишилар Сурия билан чегарани кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Кейинги куни мингга яқин киши чегарадан ўтгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Исроил друзлари Суриядаги диндошлари билан бирдамлик белгиси сифатида иш ташлаш эълон қилди ва бир нечта кўча акцияларини уюштирди.

Нетаняҳу Исроил друзларига махсус мурожаат билан чиқди. У Исроил мудофаа армияси Суриядаги друзларни ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилаётганига ишонтирди ва ўзларини хавф остига қўймаслик ва ҳарбий операцияга халақит бермаслик учун чегарани кесиб ўтмасликни сўради. Бу орада Исроил армияси Жўлан шаҳрига қўшимча кучларни ташлади.

Жўлан тепаликларининг Исроил томонидаги қисмида яшовчи друзлар буфер зонадан ўтиб, Сурия томон кетмоқда, 16 июл
Jalaa Marey / AFP / Scanpix / LETA

16 июл куни ҳам Сувайдада друз кўнгиллилари ва ҳукуматпараст кучлар ўртасида жанглар давом этди. Исроилнинг сўнгги зарбалари натижасида Дамашқдаги ҳукумат 17 июлга келиб қўшинларини олиб чиқишни бошлади, аммо бу вазиятни тубдан ўзгартириши даргумон: Сувайдада расман ҳукуматга бўйсунмайдиган жангари гуруҳлар ҳаракат қилишда давом этиши мумкин. Айнан шундай гуруҳлар бир неча ой олдин алавийлар қўзғолонини бостиришган ва кейинчалик содир бўлган оммавий қотилликлар айнан шу гуруҳларга тўнкалганди.

Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони ҳақидаги маълумотлар ҳали тўлиқ эмас. Биргина Сувайданинг ўзида камида 250 киши ҳалок бўлган – бунинг ичида оммавий «дала қатллари» (бошқача айтганда, ярадорлар ва асирларни ўлдириш) қурбонлари ҳам бор.

Сурия жанубидаги жанглар ва Исроилнинг уларга аралашуви ўзига хос паллада бошланди. 2025 йилнинг биринчи ярмида, Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги янги Сурия режими Дамашқда ўрнашиб, мамлакат келажаги ҳақида ўз қарашларини шакллантираётган бир пайтда, Исроил мунтазам равишда унинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилди: авиабазалар, флот, қурол-яроғ омборлари ва бошқа объектлар бомбардимон қилинди. Бундан ташқари, Исроил армияси Суриянинг эски армияси кетиб, ўрнига янгиси кирмаганидан кейин Жўланнинг Сурия томонидаги позицияларни эгаллаб олди.

Сурия ҳукумати томонида жанг қилувчи кучлар Сувайдага кириши, 2025 йил 15 июл
Karam al-Masri / Reuters / Scanpix / LETA

Исроил расмийлари, жумладан, Нетаняҳу Суриядаги янги ҳокимиятнинг тинчликпарварлик ниятларига ишонмаслигини очиқ намойиш этмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, улар Сурия янги президентини унинг расмий исми Аҳмад аш-Шаръа билан эмас, балки «Ал-Қоида»нинг Суриядаги бўлинмаси – «Жабҳат ан-Нусра»нинг дала қўмондони бўлганида фойдаланилган Абу Муҳаммад ал-Жўланий ҳарбий тахаллуси билан аташни афзал кўришади.

Оммавий риторика ўзгармаган бўлса-да, сўнгги бир ой ичида Сурия Авраам келишувларига – Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича шартномалар мажмуасига қўшилишга тайёрлиги ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб борди. Аш-Шаръа 12 июл куни Озарбойжонга ташрифи чоғида Исроил вакиллари билан шахсан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ярашув имкониятларини муҳокама қилгани ҳақида маълумотлар бор.

Шаръанинг манфаати аён: Сурия вайрон бўлган ва шунчаки жанг қилишга қурби етмайди. Исроил ҳам Сурия билан дўстона муносабатлар ўрнатилишидан манфаатдор – бу хавфсиз шимолий чегара деганидир. Бироқ, Нетаняҳу ҳукумати Сурия ўзаро душман жамоаларга бўлиниб кетган заиф мамлакат бўлишини хавфсизликнинг янада ишончли кафолати деб билмоқда. Бу ҳолда Дамашқнинг дўстлиги ёки душманлиги масаласи унчалик принципиал бўлмайди.

Эҳтимол, Исроил учун янада жиддийроқ ставка қуйидагилардан иборат. У Суриядаги друзларни ўз ҳимоясига олди – ва энди бундай ҳомийлик жамоани чиндан ҳам ҳимоя қилишини кўрсатиб қўйиши керак. Агар бу таъминламаса, Исроилнинг бошқа жамоалар билан муносабатлар ўрнатиши анча қийинлашади – бу эса бутунлай этно-диний жамоалардан иборат бўлган Яқин Шарқ сиёсатининг асосий қисмидир.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди