Жаҳон | 16:53 / 29.05.2025
15313
2 дақиқада ўқилади

Россияда чет элга пул ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинади

30 майдан бошлаб йирик суммаларни фақат банк ҳисобрақамидан жўнатиш мумкин.

Фото: ТАСС

2025 йил 30 майдан бошлаб Россиядан хорижий давлатларга пул ўтказиш тартиби ўзгаради. Энди Россия фуқаролари ва хорижликлар 100 минг рублдан ортиқ маблағни фақат банк ҳисобрақамидан жўнатиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Илгари бундай чекловлар бўлмаган, хориж фуқаролари, жумладан, мигрантлар фақат паспортини кўрсатиш орқали хорижга исталган суммани ўтказиши мумкин эди.

Энди 100 минг рублдан ортиқ маблағни юбориш учун Россия фуқаролари ҳам, чет элликлар ҳам банкка ҳужжатларнинг тўлиқ пакетини тақдим этиши керак. Хусусан, мобил ҳамён тўлиқ текшириш ёки идентификациядан ўтиши керак.

Янги қоидаларга кўра, Россия банклари 100 минг рублдан ортиқ суммани ўтказишда жўнатувчилардан қўшимча маълумот талаб қилиш ҳуқуқига эга - масалан, пул ўтказмасининг мақсади ва олувчининг шахси ҳақида.

Россия расмийларининг айтишича, янги тартиб ноқонуний йўл билан олинган маблағларни легаллаштиришга ва жиноий йўл билан қўлга киритилган капитални экспорт қилишга қарши курашишга қаратилган.

Эътибор беринг, Россия банки картасидан бошқа давлат банки картасига пул ўтказишда ҳеч қандай чеклов йўқ.

Банк ҳисобрақамини очиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши керак?

- паспорт;

- банк ҳисобрақамини очиш учун ариза;

- шахсий солиқ рақами (ИНН);

- яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат;

- ҳисоб турига ва мижознинг ҳолатига қараб қўшимча ҳужжатлар (жисмоний шахс, тадбиркор, ташкилот);

- давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (тадбиркорлар ва компаниялар учун);

- банк талабига биноан бошқа ҳужжатлар.

Мавзуга оид