Жаҳон | 20:55 / 28.05.2025
5145
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синвар ўлдирилганини расман тасдиқлади

Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу парламент йиғилишида бу ҳақда эълон қилди. Синвар билан бирга, унинг ўн нафар ёрдамчиси ҳам ҳалок бўлган.

Фото: Israeli Army

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синвар ўлдирилганини расман тасдиқлади, деб хабар беради Jerusalem Post.

Нетаняҳу бу борадаги баёнот билан мамлакат парламенти йиғилишида чиқиш қилди.

Синвар ўлдирилгани тўғрисида биринчи бўлиб Al-Arabiya 18 май куни хабар берганди. Телеканал маълумотларига кўра, Синвар 13 май куни Хон Юнус шаҳрига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган. У билан бирга, Синварнинг ўн нафар ёрдамчиси ҳам ҳалок бўлган.

Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, Исроил разведкасида яқин вақтгача бу маълумотнинг ишончли тасдиғи бўлмаган.

Исроил ҳарбийлари Хон Юнусдаги Европа шифохонасига 13 май куни авиазарбаларни амалга оширган эди. ЦАҲАЛ хабарига кўра, шифохона остида ҲАМАСнинг қўмондонлик пункти бўлган.

Муҳаммад Синвар — 2024 йил октябр ойида Ғазо секторида ўлдирилган ҲАМАСнинг олдинги етакчиси Яҳё Синварнинг укаси. Яҳё Синвар ўтган йилнинг августида Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарига айланган эди. Муҳаммад Синвар ҳам акаси каби ҲАМАС таркибига ёшлигидан қўшилган. Исроил махсус хизматлари бир неча бор уни ўлдиришга уринган, аммо шу кунгача буни уддалай олмаётган эди.

Мавзуга оид