Спорт | 21:24 / 27.05.2025
1522
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ россиялик спортчиларни 2026 йилги Қишки Олимпиада ўйинларига киритмади

Қўмита бу масалада Ижро кенгашининг 2023 йил март ойидаги тавсиясига амал қилишини таъкидлади.

Фото: Getty images

Россия спорт жамоалари, шу жумладан, мамлакат ҳоккей бўйича миллий жамоаси 2026 йилда Милан-Кортинада ўтказиладиган Қишки Олимпиада ўйинларида иштирок этмайди. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитасига (ХОҚ) таяниб Reuters хабар берди.

«ХОҚ Ижро кенгашининг 2023 йил март ойидаги Россия паспортига эга спортчилар ва жамоалари бўйича тавсияси ўз кучини сақлаб қолади. Бу таърифга кўра, якка тартибдаги нейтрал спортчилар гуруҳини жамоа деб ҳисоблаш мумкин эмас. Биз IIHF (Халқаро ҳоккей федерацияси) ушбу тавсияни тасдиқлаганини ҳисобга оламиз», дейилади хабарда.

Италиядаги Қишки Олимпия ўйинлари 2026 йил 6-22 феврал кунлари бўлиб ўтади.

2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Ёзги Олимпия ўйинларида Россия ва Беларус спортчилари нейтрал мақом остида, миллий рамзларсиз беллашган.

Шунингдек, 2023 йил октябр ойида ХОҚ Украинанинг Россия томонидан босиб олинган вилоятлари, хусусан, Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожие вилоятлари минтақавий олимпия кенгашларини тан олгани учун Россия Олимпия қўмитаси фаолиятини тўхтатгани маълум.

Шу билан бирга, яқинда беларуслик дзюдочиларга давлат байроғи остидаги мусобақаларда қатнашиш учун рухсат берилди. Украина дзюдо федерацияси бу қарорни зудлик билан қоралади ва бу Халқаро олимпия қўмитаси тавсияларини қўпол равишда бузиш эканини таъкидлади.

Мавзуга оид