“Сўнгги қўнғироқ”. Италияда ким чемпион, Мбаппе “Олтин бутса” оладими ва бошқа интригалар
Худди ўқув йили сингари футбол ҳам таътилга чиқиб бораётган бўлса-да, ҳали ҳаммаси тугамади. Якунланаётган чемпионатларда икки кун учун жуда кўп масалалар очиқ: Италияда ким чемпион бўлади, Англиянинг бешинчи омадли жамоаси ким, Мбаппе тўпурар бўладими? Келинг, Европа бўйлаб гидликни бўйнимизга оламиз-да, энг муҳим ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Фото: Getty images
ИТАЛИЯ: Ким чемпион?
Италияда чемпион номидан тортиб, еврокубокларда қатнашадиган ўринлар, лигани тарк этадиган жамоалар ҳам ҳали аниқ эмас. Ҳаммаси бугун бошланадиган сўнгги турда ҳал бўлади.
23 май. Комо – ИНТЕР, НАПОЛИ – Кальяри. Ўйинлар вақти 23:45
37-турдан сўнг “Наполи” 79 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, “Интер” ҳисобида 78 очко бор. Демак ўз майдонида “Кальяри” устидан ғалаба қозонса, Антонио Конте шогирдлари ўз тарихида тўртинчи, сўнгги уч йилда эса иккинчи марта Италия чемпионига айланишади. “Интер” Комодаги қийин ўйинда ғалаба қозониши ва “Наполи”нинг очко йўқотишидан умид қилишига тўғри келади.
Мавсум якуни бўйича очколар тенг бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам кичик бўлса-да бор. Бунинг учун “Наполи” ютқазиб, “Интер” дуранг ўйнаши керак бўлади. У ҳолда чемпионлик учун алоҳида “Олтин учрашув” ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ўйин бошқа кўрсаткичлар бўйича яхшироқ бўлган жамоа майдонида бўлади. “Интер” ва “Наполи” ўртасидаги иккала ўйин ҳам дуранг бўлгани сабабли, тўплар нисбати бўйича яхшироқ бўлган “Интер” майдонида.
Яна бир қизиқ факт. Ким чемпион бўлишидан қатъи назар ўша жамоа бош мураббийи буни захира ўриндиғидан туриб кузата олмайди. Индзаги ҳам, Конте ҳам 37-турда ҳакамлар томонидан майдондан четлатилишган ва бу турга дисквалификацияга эгалар.
ИТАЛИЯ: Лигани ким тарк этади?
Қизиғи, бу томонда ҳам бошқача “олтин учрашув”, аниқроғи, плей-офф ташкил қилиниши мумкин. Регламент бўйича агар 17 ва 18 ўриндаги жамоалар бир хил очко тўплашса, бошқа кўрсаткичлардан қатъи назар уй-сафар тизимида икки ўйин ўтказилиб, омадсиз жамоа аниқланиши керак бўлади. Агар биратўла уч жамоа бир хил очкога эга бўлиб қолса, қўшимча кўрсаткичлар (ўзаро ўйинлар, тўплар нисбати ва ҳоказо) бўйича энг яхшиси аниқланиб, қолган икки жамоа ўртасида плей-офф ўтказилади. Қизиғи, ҳар икки вариант эҳтимоли ҳам мавжуд бўлиб, ҳатто биратўла 4 жамоа тенг очко тўплаб қолиши ҳам мумкин.
25 май, якшанба, 23:45.
Аталанта – ПАРМА, ЭМПОЛИ – ВЕРОНА, Лацио – ЛЕЧЧЕ, ВЕНЕЦИЯ – Ювентус.
Мана шу 4 ўйинда қатнашадиган беш жамоадан иккитаси лигадан тушиб кетиши керак. Мисол учун агар “Эмполи” “Верона” устидан ғалаба қозониб, “Лечче” “Лацио”ни ютадиган бўлса, ҳамда “Парма” “Аталанта” билан дуранг ўйнаса, биратўла 4 жамоада бир хил – 34 тадан очко бўлиб қолади ва юқорида тилга олинган вариант юзага келиши мумкин.
ЯНА ИТАЛИЯ: Чемпионлар Лигасининг тўртинчи иштирокчиси ким бўлади?
Айни пайтда “Ювентус”да 67, “Рома”да 66 ва “Лацио”да 65 очко мавжуд бўлиб, шулардан энг яхшиси 4-ўринни қўлга киритиб, келаси йили Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
25 май, якшанба. 23:45.
ЮВЕНТУС – Венеция, Торино – РОМА, ЛАЦИО – Лечче
“Ювентус” ўз майдонида аутсайдерни ютса кифоя, тўртинчи ўринни нақд қилиб, йўлланмани қўлга киритади. Мабодо дуранг ўйнайдиган бўлса, “Рома”нинг ютолмаслигидан умид қилиши мумкин. Бу ерда “Лацио”нинг ғалабаси ҳалақит қилмайди, зеро у ҳолда “Ювентус” билан тенг – 68 тадан очко жамғарилганда, ўзаро ўйинлар бўйича туринликларда устунлик бор.
Элдор Шомуродовнинг келаси мавсумда ЕЧЛ да ўйнаши учун “Рома” Туринда ғалаба қозониши, “Ювентус” эса ғалаба қозона олмаслиги керак бўлади. Римликлар дуранг билан ҳам тўртинчи ўринга кўтарилиши мумкин, лекин эҳтимоли жуда кам – бунинг учун “Ювентус” 4 тўп фарқи билан “Венеция”га ютқазиши керакки, бу фақат назарий томондан мавжуд вариант холос.
“Лацио”нинг ҳам Чемпионлар Лигасига чиқиш имконияти бор. Бунинг учун “Лацио” ўз ўйинини ютиши, шу билан бирга “Ювентус”нинг ютқазишидан, “Рома”нинг эса юта олмаслигидан умид қилишига тўғри келади.
ИСПАНИЯ: Сегундага охирги номзод
Юқори ўринлар ўтган ҳафтада тақсимланиб бўлинди. Сўнгги тур Европа Лигаси иштирокчиларидан ташқари, яна бир муҳимроқ саволга жавоб беради: қутқарувчи 17-ўрин кимга насиб қилади?
Айни дамда “Эспаньол”да 39, “Леганес”да 37 очко бор. Ўзаро ўйинлар бўйича “Леганес”да устунлик эканидан келиб чиқсак, каталонияликлар сўнгги турда ғалаба қозониши шарт. “Эспаньол” “Лас Палмас”ни, “Леганес” эса “Валядолид”ни қабул қилади. Қизиғи, ҳар икки рақиб расман Сегундага тушиб кетиб бўлган.
24 май, шанба. 21:30.
ЭСПАНЬОЛ – Лас Палмас, ЛЕГАНЕС – Валядолид
ГЕРМАНИЯ ва ФРАНЦИЯда финаллар
24 май, шанба. 23:00. АРМИНИЯ – ШТУТГАРТ
24 май, шанба, 23:55. ПСЖ – РЕЙМС
Бу финаллардаги қизиқ умумийлик бор - ҳам Германия, ҳам Франциянинг қуйи лигасида иштирок этадиган жамоа келаси мавсумда Европа Лигасида ўйнаши мумкин. Гап шундаки, мамлакат кубоги унинг эгасида Европа Лигасида ўйнаш ҳуқуқини беради. “Арминия” Германиянинг 3-лигаси вакили саналади ва фақат бу мавсум иккинчи лигага кўтариладиган бўлди. Франция финали иштирокчиси “Реймс” эса бу мавсумда Лига 1 да ўйнаган бўлса-да, 16-ўринни олиб қуйи лигага тушиб кетди. Шу ўринда “Штутгарт” ҳам Бундеслигада 9-ўринни олиб, Европа Лигасига ҳали чиқа олмаганини ҳам таъкидлаш керак. Агар жамоа финални ютадиган бўлса, ушбу еврокубокка йўлланмани қўлга киритади.
Аслида бу жуфтликлардаги асосий масала – “ПСЖ”. Парижликлар Франция чемпионига айланиб бўлишган, ой охирида Чемпионлар Лигаси финалида майдонга чиқишади. Кубок финалидаги ғалаба эса Энрике шогирдларига требл қилиш имконияти сақлаб қолади.
АНГЛИЯ: Ҳусанов Чемпионлар Лигасида ўйнайдими?
Англияда дастлабки икки ва сўнгги уч ўрин эгалари аллақачон аниқ бўлиб улгурган. “Манчестер Сити” ўз ўрнида қолиши учун сафарда “Фулҳэм” билан дуранг ўйнаса кифоя. Шунда ортда келаётган уч жамоада очколар бўйича “Сити”га етиб олиш эҳтимоли мавжуд бўлса-да, қувиб ўтиш учун жуда йирик ҳисобда ютишларига тўғри келади. “Нюкасл” 4, “Челси” 7, “Астон Вилла” 17 тўп фарқи билан. Англиядан 5-ўрин ҳам Чемпионлар Лигасида ўйнашини инобатга олсак, учала таъқибчининг бундай ҳисобларда ғалаба қозониши имконсиз – демак дуранг тўлиқ қониқтиради. Ҳар холда “Олд Траффорд”да “Вилла” 17 гол уришига ишонмасак керак? Ё ишонамизми?
Аслини олганда, “Манчестер Сити” ютқазиши ва 6-ўринга тушиб кетиши ҳам Абдуқодир Ҳусанов истиқболи учун ёмон бўлмасди ҳам. Чемпионлар Лигасидан кўра Европа Лигасида Пеп Гвардиола кўпроқ ротация қилиши ва захирадагиларга кўпроқ имкон бериши кутса бўлади. Шунда Ҳусановда асосий таркибда тушиш имконияти кўпаярмиди? Албатта, ундан кўра ёзда ҳамюртимиз ўзини янада яхши томондан кўрсатиб, Гвардиоланинг фикрини ўзгартиришидан умид қилганимиз яхшироқ.
25 май, якшанба. 20:00.
Фулҳэм – МАНЧЕСТЕР СИТИ, Манчестер Юнайтед – АСТОН ВИЛЛА, НОТТИНЕМ ФОРЕСТ – ЧЕЛСИ, НЮКАСЛ - Эвертон
Кўп масала Ноттингемдаги ўйинда ҳал бўлади. Ҳа, ҳаммаси “Ноттингем Форест”нинг қўлида эмас. Нуну шогирдлари ҳам “Челси” устидан ғалаба қозониши, ҳам “Нюкасл” ва “Астон Вилла”дан бирининг қоқилишидан умид қилиши керак. “Нюкасл” ўз майдонида “Эвертон”ни юта олмаслиги ишониш қийин, аммо масалан финалда ютқазган “Манчестер Юнайтед” сўнгги турда бор имкониятини ишга солиши ва “Астон Вилла”дан очко тортиб олиши ҳам мумкин, ким билади.
БОНУС: “Олтин бутса” кимга насиб қилади?
Виктор Гёкереш аслида сон бўйича ҳеч ким етолмайдиган кўрсаткич қайд этган бўлса-да, Португалия чемпионати коеффиценти пастроқ – 1.5. Топ лигаларда эса голлар сони икки баробар кўпайтирилади. Шунинг учун сўнгги турда майдонга тушадиган Килиан Мбаппе ва Муҳаммад Салоҳларда реал имконият бор. Левандовски ва Ретегини бу рўйхатда қолдирган бўлсак-да, уларнинг 5 гол уришига ишониш қийин.
24 май, шанба. 19:15. РЕАЛ МАДРИД – Реал Сосиедад.
25 май, якшанба. 20:00. ЛИВЕРПУЛ – Кристал Пэлас
Килиан Мбаппега “Олтин бутса” учун 1 гол кифоя. Шунда у очколари сонини 60 тага етказади ва “Спортинг” ҳужумчисини қувиб ўтади. Муҳаммад Салоҳ эса “Кристал Пэлас” дарвозасига камида 2 гол уришига тўғри келади. Бу рақобатда Мбаппенинг имкониятларини юқорироқ баҳолаш мумкин, зеро сўнгги пайтларда спорт формаси ва сермаҳсуллиги нуқтаи назаридан ҳам француз яхши кўриняпти. Мбаппе охирги 5 ўйинни голсиз тарк этмади ва 8 гол уришга муваффақ бўлди. Салоҳ эса мавсумнинг иккинчи ярмида кўрсаткичларини пасайтириб юборди. У “ЛИверпул” либосидаги охирги ўн учрашувда атиги бир гол муаллифи бўлди холос.
Ҳар икки ҳужумчи ўз фаолияти давомида ҳали бу совринни қўлга киритишмаганини ҳам таъкидлаш керак.
Тавсия этамиз
Исроил–Эрон урушининг Марказий Осиё учун геосиёсий мезонлари қандай?
Жаҳон | 22:13 / 18.06.2025
Клублар ўртасидаги ЖЧда кўпчиликка нотаниш бўлган 11 истеъдод. Кимлар турнир кашфиёти бўлиши мумкин?
Спорт | 20:34 / 18.06.2025
Яна юзлаб одам алданган: Alfa va Baraka avtolizing судидан репортаж
Жамият | 11:25 / 18.06.2025
Исроил эронликлар тузумга қарши исён кўтаришига умид қилмоқда. Бунинг эҳтимоли борми?
Жаҳон | 20:00 / 17.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
"Президент ташрифи бўлиши аниқ, лекин вақти номаълум" - Британия элчиси билан суҳбат
Ўзбекистон | 19:10
-
Эрондан 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
Ўзбекистон | 19:06
-
Ўзбекистонда кредит ажратилишини ўзига ўзи тақиқлаш имконияти пайдо бўлди
Ўзбекистон | 19:06
-
«Аэрофлот» Москвадан Самарқандга мунтазам парвозларни тиклайди
Ўзбекистон | 19:04
Мавзуга оид

17:35 / 11.06.2025
Етакчиларнинг футболга ташрифи Ўзбекистон халқига катта ҳурмат - Шерзод Асадов

10:21 / 08.06.2025
Орзудаги мундиал йўлланмаси ва қонун устуворлигида пасайиш — ҳафта дайжести

01:49 / 01.06.2025
«ПСЖ» финалда «Интер»га 5 та гол урди

16:34 / 31.05.2025