Жаҳон | 18:13 / 20.05.2025
1173
2 дақиқада ўқилади

Испанияда интернет ва мобил алоқа узилиб қолди

Бу мамлакатда бир ой ичида кузатилаётган иккинчи йирик технологик муаммо ҳисобланади. Апрел охирларида Испанияда блэкаут юз берганди.

Фото: El Pais

Испанияда маҳаллий мобил операторлар фаолиятида жиддий узилиш кузатилди, деб хабар беради El Pais.

Қайд этилишича, Мадрид, Барселона, Валенсия, шунингдек, Андалусия, Басклар мамлакати, Экстремадура ва Арагон каби йирик шаҳарларда мобил интернет ва алоқа ишламай қолган.

Дастлабки маълумотларга кўра, алоқа тизимидаги узилишлар қатор мобил операторларга эгалик қилувчи Telefonica телекоммуникация компанияси томонидан амалга оширилган техник модернизация ишларига боғлиқ. Компания вакилларининг таъкидлашича, «тармоқнинг янгиланиши айрим сервислар ишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин».

Узилишлардан Movistar, Orange, Vodafone, Digimobil ва О2 каби операторлар фойдаланувчилари жабр чеккан. Downdetector мониторинг сервисига кўра, носозликларга оид илк хабарлар маҳаллий вақт билан тунги соат 02:00 ларда пайдо бўлган. Жами шикоятларнинг 72 фоизи алоқа ишидаги узилишлар, 18 фоизи — сигнал йўқлиги ва 10 фоизи — алоқа бутунлай ўчиб қолгани билан боғлиқ. Испания Рақамли трансформация ва давлат хизматлари вазирлиги «вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини» маълум қилди.

Бу Испанияда бир ой ичида кузатилган иккинчи йирик технологик муаммо ҳисобланади. Апрел охирларида, Испания, шунингдек, Португалия ва Франция жанубида истиқомат қилувчи аҳоли бир неча соатда электр энергияси таъминотидан узилиб қолганди. Блэкаут 50 миллионга яқин аҳоли яшайдиган ҳудудларни қамраб олиб, замонавий Европа тарихида электр энергияси таъминоти узилиши билан боғлиқ энг йирик ҳодисага айланган эди.

Мавзуга оид