Иқтисодиёт | 20:16 / 20.05.2025
2251
6 дақиқада ўқилади

“Глобал иқтисодиёт қалтис паллада” — БМТ Трамп туфайли иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди

АҚШнинг янги тарифлари ва савдо сиёсатидаги ноаниқликлар туфайли БМТ 2025 йил учун глобал иқтисодий ўсиш прогнозини бирданига 0,4 фоиз бандга пасайтириб, 2,4 фоиз деб белгилади. 2026 йил учун прогноз 2,5 фоизгача туширилди. Шу билан бирга, БМТ Марказий Осиё давлатларида талабнинг фаоллиги ва инвестициялар туфайли юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолишини кутяпти.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон иқтисодий ҳолати ва прогнозлари ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, глобал иқтисодиёт хавфли бурилиш нуқтасига келиб қолган. Кучайиб бораётган савдо тарангликлари ва сиёсий ноаниқликлар туфайли, айниқса АҚШ томонидан жорий этилган янги тарифлар сабабли ишлаб чиқариш харажатларининг кескин ошиши, глобал таъминот занжирларининг издан чиқиши ва молиявий бозорларнинг беқарорлашуви хавфи юзага келмоқда.

Савдо ва иқтисодий сиёсат борасидаги ноаниқлик, геосиёсий беқарорлик билан биргаликда, корхоналарни муҳим инвестицион қарорларни кечиктиришга ёки қисқартиришга ундамоқда.

Бу эса аллақачон мавжуд бўлган юқори даражадаги қарздорлик ва суст маҳсулдорлик каби муаммоларни янада чуқурлаштириб, глобал иқтисодий ўсиш истиқболларини заифлаштиряпти.

Иқтисодий ўсиш пасаяди

Жаҳон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 2025 йилда атиги 2,4 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу – 2024 йилдаги 2,9 фоизлик кўрсаткичдан, шунингдек, 2025 йил январдаги прогноздан 0,4 фоиз бандга паст.

Глобал ўсишнинг секинлашуви, инфляция босими юқорилиги ва савдо-сотиқдаги муаммолар, хусусан, савдо ўсишининг 2024 йилдаги 3,3 фоиздан 2025 йилда 1,6 фоизга тушиши кутилаётгани — Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жиддий хавф остига қўймоқда.

Ўсиш истиқболларининг кенг кўламда ёмонлашуви

Бу секинлашув ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни бирдек қамраб олмоқда.

АҚШда иқтисодий ўсиш кескин секинлашиб, 2024 йилдаги 2,8 фоиздан 2025 йилда 1,6 фоизгача пасайиши кутиляпти. Бунда юқори тарифлар ва сиёсий ноаниқлик хусусий инвестициялар ва истеъмолга ўтказаётган босим асосий омил бўлади.

Европа Иттифоқида эса ЯИМ ўсиши 2025 йилда 1 фоиз атрофида сақланиб қолади – бу экспортнинг сустлиги ва савдо тўсиқларининг ортиши сабабли, 2024 йил даражасидан фарқ қилмайди.

Хитойда эса истеъмолчиларнинг ишончсизлиги, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришдаги узилишлар ва кўчмас мулк секторидаги давом этаётган муаммолар фонида ўсиш 4,6 фоизгача пасаяди.

Бразилия, Мексика ва Жанубий Африка каби бир қанча йирик ривожланаётган мамлакатлар ҳам сусайган савдо-сотиқ, камайган инвестициялар ва товар нархларининг тушиб кетиши сабабли ўсиш прогнозларини пасайтирмоқда.

Ҳиндистоннинг ўсиш прогнози 2025 йил учун 6,3 фоизгача қайта кўриб чиқилиб, кутилмалар пасайган. Шунга қарамай, Ҳиндистон ҳануз энг тез ривожланаётган йирик иқтисодиётлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ривожланаётган давлатларга зарба

“Тарифлар билан боғлиқ зарбалар суст ривожланаётган мамлакатларга қаттиқ таъсир қилиши, уларнинг ўсишини секинлаштириши, экспорт даромадларини қисқартириши ва қарз билан боғлиқ муаммоларни чуқурлаштириши мумкин.

Айниқса, бу давлатлар барқарор ривожланиш йўлида зарур бўлган узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилишга қийналаётган бир вақтда”, деди БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Жунҳуа.

МДҲ давлатлари учун прогноз

2024 йилда кутилганидан кучлироқ ўсиш кузатилганидан сўнг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида 2025 йилда иқтисодий ўсишнинг кескин секинлашиши башорат қилиняпти.

2024 йилда 4,5 фоизга ошган МДҲ ва Грузия умумий ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2025 йилда атиги 2,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Бу секинлашув Россия Федерациясида ўсиш суръатларининг пасайиши ва МДҲнинг бошқа давлатлари учун Россия иқтисодиёти билан воситачилик савдосининг камайиши билан изоҳланади.

Минтақанинг иқтисодий истиқболи бир нечта омилларга боғлиқ: Украина урушига ечим топилиши, Россияга нисбатан санкциялар режимининг ўзгариши, энергия ва хомашё нархлари динамикаси ҳамда Хитой каби йирик иқтисодиётларда юз бераётган воқеалар.

Россия иқтисодиёти 2025 йилда атиги 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бунга ишчи кучи танқислиги ва қатъий пул-кредит сиёсати салбий таъсир кўрсатади. Нефт нархларининг пасайиши минтақадаги энергия экспорт қилувчи мамлакатлар учун салбий оқибатлар яратади, давлат бюджети харажатларини хавф остига қўяди.

Украинанинг иқтисодий истиқболи эса асосан ҳарбий вазиятга, Қора денгиз коридори фаолиятига ва халқаро молиявий ёрдам оқимларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Урушдан кейинги тикланиш учун зарур бўлган маблағ миқдори қайта баҳоланиб, 524 миллиард долларга етгани айтилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари эса кучли истеъмол ва инвестиция туфайли юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиши мумкин.

Инфляция хавфлари сақланиб қолмоқда

Глобал асосий инфляция 2023 йилдаги 5,7 фоиздан 2024 йилда 4 фоизгача пасайган бўлса-да, кўплаб мамлакатларда нарх босими ҳануз юқори даражада қолмоқда. 2025 йил бошида мамлакатларнинг учдан икки қисмида инфляция пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан юқори бўлиб, 20 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатларда икки хонали инфляция қайд этилган.

Озиқ-овқат инфляцияси ўртача 6 фоиздан юқори бўлиб, айниқса Африкада, Жанубий ва Ғарбий Осиёда кам даромадли аҳолига энг кўп зарар етказмоқда.

Савдо тўсиқларининг кучайиши ва иқлим инқирози инфляцион хавфларни янада кучайтириб, нарх барқарорлигини сақлаш ва энг заиф қатламларни ҳимоя қилиш учун аниқ пул-кредит сиёсати, мўлжалланган фискал ёрдам ва узоқ муддатли стратегияларни уйғунлаштириш заруратини таъкидламоқда.

Ечим – кўп томонлама ҳамкорлик

Кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун бундай оғир иқтисодий манзара иш ўринлари яратиш, қашшоқликни камайтириш ва тенгсизликни енгиш истиқболларини хавф остига қўймоқда.

Энг кам ривожланган давлатларда ўсиш 2024 йилдаги 4,5 фоиздан 2025 йилда 4,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Экспорт даромадларининг қисқариши, молиявий шартларнинг кескинлашуви ва расмий ёрдам оқимларининг камайиши бюджет имкониятларини янада сиқиб, қарз инқирози хавфини кучайтиради.

Кучайиб бораётган савдо зиддиятлари кўп томонлама савдо тизимига ҳам босим ўтказиб, кичик ва заиф иқтисодиётларни тобора кўпроқ глобал майдонлардан четлаштирмоқда.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим. Қоидага асосланган савдо тизимини қайта жонлантириш ва заиф давлатларга мўлжалланган ёрдам кўрсатиш – инклюзив ва барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти