Ўзбекистон | 15:50 / 15.05.2025
2141
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёш мутахассислар Германиядаги корхоналарга ишга жалб этилади

Ўзбекистон элчихонасида Германиянинг Бранденбург федерал ўлкасининг халқаро ҳамкорлик бўйича масъул давлат котиби Дэвид Колесник билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сармоявий, савдо-сотиқ, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалар муҳокама қилинди.

Томонлар ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва ўзаро бизнес-миссияларини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Германияда, жумладан, Савдо-саноат палаталари кўмагида ташкил этилган йирик форумларда иштирок этиш муҳимлигини таъкидладилар. Бу ҳам икки мамлакат хусусий сектори вакиллари ўртасидаги шериклик ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. Потсдам амалий фанлар университети ва Тошкент архитектура-қурилиш университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети, Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида тарихий шаҳар мавзеларини сақлаш ва янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани айтиб ўтилди.

Бу ўзаро ҳамкорлик академик ҳаракатчанликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Музокаралар чоғида ўзбекистонлик ёш мутахассисларни Бранденбург шаҳридаги саноат корхоналари ва хизмат кўрсатиш соҳасига ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу йўналишда барқарор ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, малакали кадрлар тайёрлаш ва тил билиш кўникмалари оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар.

Учрашув якунида ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ қўшма ташаббусларни амалий амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид