Жаҳон | 14:23 / 14.05.2025
4336
9 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Саудиянинг $600 миллиардлик келишуви, ярадорларга тўлган Ғазо, санкциялар ечилаётган Сурия ва Покистонга ультиматум – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БМТ: Ғазода иссиқ овқат тарқатиш миқдори 70 фоизга камайди

Ғазо секторидаги гуманитар вазият кескин ёмонлашишда давом этмоқда. Аҳолига тарқатилаётган иссиқ тушлик ўтган ҳафтага нисбатан 70 фоизга камайди.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик брифингда айтганидек, ишлаётган ошхоналар ресурслар етишмаслиги сабабли озиқ-овқат тайёрлаш имконини йўқотмоқда.

Агар илгари кунига қарийб 840 минг порция тарқатилган бўлса, ҳозир бу атиги 260 мингни ташкил этади, дея таъкидлади ташкилот вакили ва инсонпарварлик ёрдами фақатгина озиқ-овқатдан иборат эмаслигини қўшимча қилди. «Одамларга сув, санитария, тиббиёт, таълим ва ҳимоя керак», деди Дюжаррик.

Унинг сўзларига кўра, шифохоналар ва сув таъминоти объектларида ёнилғи захиралари камаймоқда. «Ғазодаги тиббиёт тизими таназзул ёқасида. Касалхоналар ярадорлар билан тўлиб-тошган, дори-дармон, асбоб-ускуналар, қон ва ходимларнинг кескин танқислиги кузатилмоқда», — деди БМТ вакили.

Трамп Саудия Арабистонига келди

АҚШ президенти Доналд Трампни Ар-Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон шахсан кутиб олди ва президент лимузинини араб отлари қўриқлаб борди. Бу маросим 2022 йилги собиқ президент Жо Байденга нисбатан анча илиқ эди. Байден ўшанда нефть нархини тушириш илинжида келган, бироқ Муҳаммад бин Салмон билан фақат мушт уришиб саломлашган эди.

Сафарнинг биринчи кунида Доналд Трамп Муҳаммад Бин Салмон билан Саудия Арабистонининг АҚШга 600 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритиши бўйича келишувни имзолади. Бу мажбурият АҚШдан турли хизмат ва товарларни сотиб олиш, энергетика хавфсизлиги, сунъий интеллект, мудофаа саноати, глобал инфратузилма ва муҳим фойдали қазилмалар соҳаларига миллиардлаб долларлик инвестициялар киритиш кўринишида бўлади.

Хусусан,Саудия Арабистони АҚШ мудофаа саноати компанияларидан 142 миллиардлик қурол-яроғ ва техникалар олади. Саудия валиаҳд шаҳзодаси умумий инвестициялар ҳажми келажакда 1 триллион долларга етишини айтди.

Трамп Саудия Арабистонини «АҚШнинг энг кучли шериги» деб атади ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни «ҳар қачонгидан кучлироқ» деб таърифлади. «Биз ишни бошлаганимиздан бери АҚШга бойлик оқиб келмоқда», деган Трамп инвестиция форумида.

Трамп бу сафарига бир қатор йирик ишбилармонларни ҳам олиб келган. Улар орасида Тесла раҳбари Илон Маск, OpenAI бош директори Сем Альтман, BlackRock раҳбари Ларри Финк ва Nvidia раҳбари Женсен Хуанг бор. Улар Саудия Арабистонининг сунъий интеллект соҳасига сармоя киритиш ташаббуслари доирасида учрашувларда қатнашди.

Трамп ўз нутқида Саудиянинг Исроил билан «Абраҳам келишувлари»га қўшилиши ҳақида орзусини билдириб ўтди. Бу Трампнинг биринчи президентлиги даврида Исроил ва айрим Форс Кўрфази давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган келишувдир. Бироқ Муҳаммад бин Салмон Исроил-Ғазо уруши тугамаса ва Фаластин давлатчилиги йўлидаги аниқ харита чизилмаса, бундай келишув бўлмаслигини айтган.

Шунингдек, Трамп 15 май куни Россия-Украина тинчлик музокаралари бўлиб ўтиши кутилаётган Истанбулга боришини ҳам истисно қилмаслигини айтди.

Яна АҚШ мавзуси: Трамп Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилади

13 май куни АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида ўтказилган бизнес форумда нутқ сўзлаган АҚШ Президенти Доналд Трамп Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилишини маълум қилди. Бу қадам деярли 14 йиллик фуқаролик уруши ва ўнлаб йиллар давом этган Асадлар сулоласининг диктатураси ортидан вайрон бўлган мамлакат учун улкан иқтисодий имконият бўлиши мумкин.

«Сурия энди тинчлик ва барқарорлик сари йўл олмоқда, биз айнан шуни кўришни хоҳлаймиз. Кўп йиллар давомида улар фожиа, уруш ва ўлимни бошдан кечирди. Шу боис, менинг маъмуриятим АҚШ ва Сурия ўртасидаги муносабатларни тиклаш сари илк қадамларга қўл урмоқда», дея Трампдан иқтибос келтирмоқда New York Times.

Трамп бу қарорни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан маслаҳатлашувлар ортидан қабул қилганини билдирди. У валиаҳд шаҳзодага ишора қилиб, «Мен Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилишни буюраман. О, мен шаҳзода учун нималар қилмайман...» дея ҳазил қилган.

Суриянинг ташқи ишлар вазири Ҳасан Шайбоний бу қарорни «қурилиш ва тикланиш йўлида янги босқич» деб атади ҳамда санкцияларнинг бекор қилиниши халқаро майдонга қайтиш йўлини очиб беришини таъкидлади.

Олдинроқ Аҳмад аш-Шаръа: «Бу санкциялар аввалги режимнинг халққа қарши қилган жиноятлари сабаб жорий этилган эди. Режим ағдарилган экан, бу тўсиқлар ҳам бекор қилиниши керак», деганди.

Трамп ва Суриянинг янги президенти ўртасида қандай даражадаги учрашув бўлиши ҳозирча аниқ эмас. Оқ уй расмийси Трамп Аҳмад ал-Шаръа билан «саломлашиш»га рози бўлганини айтди.

Ўтган ҳафтада Франция президенти Эммануэл Макрон ал-Шаръани Парижда қабул қилган биринчи Европа етакчиси бўлган эди. У ҳам, агар янги ҳукумат барқарорликни сақлаб қолса, Европа Иттифоқи санкцияларини босқичма-босқич бекор қилишини билдирган.

Кремль Украинада ўт очишни тўхтатиш талабига жавоб қайтарди

Кремль Ғарб етакчиларининг Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлаш ҳақидаги талабларини қабул қилиб бўлмайдиган «ультиматум» деб атади. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Бу огоҳлантиришдан олдин биз куни кеча ҳам огоҳлантиришни эшитган эдик. Ёдингизда бўлса, улар ҳам ультиматум кўринишида айтилган эди. Бундай ультиматум тили Россия учун қабул қилиниши мумкин эмас. Россия билан бундай тилда гаплаша олмайсиз», — деди Песков.

Аввалроқ Германия ҳукумати матбуот котиби Штефан Корнелиус, агар Москва расмийлари 12 майда Украинадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича талабларни бажармаса, Берлин европалик ҳамкорлар билан санкциялар тайёрлашини айтганди.

Украина президенти Володимир Зеленский эса Россия-Украина музокаралари бўлиб ўтиши кутилаётган Туркияга сафари олдидан яна бир бор Путин билан учрашишга тўлиқ тайёр эканини билдирди.

«Биз президент Эрдўған билан келишиб олдик – 15 май куни Анқарада бўламиз. Путин билан Туркияда учрашишни кутамиз. Россия шаҳарлар билан манипуляция қилмаслиги ва Путин Анқарага учишга тайёр эмаслигини айтмаслиги учун, мен дарҳол айтмоқчиман: агар Путин Истанбулга учса, биз ҳам Эрдўған билан Истанбулга учамиз», деган у Киевдаги матбуот анжуманида.

Ҳиндистон бош вазири Покистонга ультиматум эълон қилди

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Покистонда жойлашган террорчиларга қарши «Синдур» операцияси бошлангани ва Деҳли билан Исломобод ўртасидаги ҳарбий кескинлашув тугаганидан кейин биринчи марта халққа мурожаат қилди.

ОАВларган кўра, Ҳиндистон раҳбарининг баёноти ниҳоятда кескин бўлган. Нарендра Моди Исломободга ультиматум қўйиб, Ҳиндистонга янги ҳужумларни тўхтатишни талаб қилди, акс ҳолда Покистоннинг мавжудлиги хавф остида эканлигидан огоҳлантирди.

«Ҳозирча биз террорчилар ва Покистондаги ҳарбий базаларга қарши жавоб чораларида фақат танаффус қилдик. Яқин кунларда Покистоннинг ҳар бир қадамини баҳолаймиз, у қандай роль ўйнаганини кўрамиз», деб огоҳлантирди Ҳиндистон бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон томонидан 7 май куни амалга оширилган «Синдур» ҳарбий операцияси якунлангани йўқ, фақат тўхтатилган ва мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи янги ҳодиса содир бўлган тақдирда исталган вақтда қайта тикланиши мумкин.

Триполида қуролли тўқнашувлар

Ливия президентлик кенгашининг хавфсизлик ва барқарорлик бошқармаси бошлиғи Абдулғани ал-Кикли ўлдирилгани хабар қилинганидан кейин Триполининг маркази ва бошқа ҳудудларида қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Тўқнашувлар ва отишмалар ҳақида Reuters агентлиги хабар берди.

Қуролли гуруҳ шаҳарнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудуди — Абу Салимда жойлашган. Агентлик эслатишича, президент кенгаши 2021 йилда Миллий бирлик ҳукумати билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланган жараён орқали ҳокимият тепасига келган.

Al Wasat Ливия телеканали хабарига кўра, қуролли тўқнашувларда 444-жанговар бригада иштирок этган - ал-Кикли, эҳтимол, унинг штабида ўлдирилган.

Ички ишлар вазирлиги аҳолини «ўз хавфсизлиги учун» уйда қолишга чақирди. Триполи университети раҳбарияти барча факультет, бўлим ва идораларда ўқиш, имтиҳон ва маъмурий ишларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатиб қўйишини маълум қилди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти