Жаҳон | 13:50 / 03.07.2025
3923
10 дақиқада ўқилади

Вайрон бўлаётган Ғазо, жазирамада қолган Европа ва “Орешник” билан қуролланаётган Беларус – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазо вайрон бўлмоқда

Куни-кеча Трамп Исроил сулҳга рози бўлгани ҳақида ёзганига қарамай, Ғазодаги геноцид давом этмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари натижасида сўнгги 24 соат ичида Ғазодаги шифохоналарга 142 нафар жасад ва 487 ярадор келтирилган.

Исроил армияси жорий йил бошидаги сулҳни бузиб 18 мартдан буён уюштирган ҳужумлар оқибатида 6 454 киши ҳалок бўлган. Умуман олганда, 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазодаги қурбонлар сони 57 012 нафарга, ярадорлар сони 134 592 нафарга етди. Фаластинлик манбаларга кўра, Ғазода юзлаб қурбонлар ҳали ҳам вайроналар остида қолмоқда.

Anadolu нашрининг ёзишича, Исроил армияси Ғазодаги Индонезия касалхонаси директори доктор Марвон Султоннинг уйини нишонга олиб, уни оиласи билан бирга ўлдирган. Ҳамас бу ҳужумни «уруш жинояти» деб атади.

Ғазодаги «Аш-Шифа» касалхонасига БМТ ва халқаро ёрдам сўровларидан сўнг 3 000 литр ёнилғи етказилди, аммо бу атиги 2 кунлик эҳтиёжни қоплайди. Мутасаддилар доимий таъминотга чақирмоқда.

Бундан ташқари, Ғазода 40 дан ортиқ қабристон вайрон қилингани оқибатида кўплаб жасадлар кўмилмай ётибди. Баъзи оилалар эски қабрларни очиб, янги жасадларни шу ерга кўмишга мажбур бўлмоқда.

Исроил ва АҚШ тузган «Ғазо инсонпарварлик фонди» тугатилмоқда

Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган, ҳозирда Ғазода фаолият юритаётган баҳсли инсонпарварлик ташкилоти — Ғазо Инсонпарварлик Фонди (Gaza Humanitar Foundation) — расман тугатилмоқда. Бу ҳақда Швейцариянинг жамоат телерадиокомпанияси хабар берди.

Ушбу фонд жорий йил бошида Женевада ўз ваколатхонасини очган эди — бу Исроил томонидан Ғазодаги БМТ орқали тарқатиладиган ёрдам тизимини четлаб ўтиш мақсадида яратилган альтернатив механизм эди.

RTS маълумотларига кўра, Швейцария Федерал Фондлар назорати бошқармаси GHF'ни ёпиш тўғрисида қарор чиқарган. Сабаби фонд Швейцарияда энди на вакилга ва на расмий манзилга эга, бу муаммони бартараф этиш учун эса ҳеч қандай чора кўрмаган. Швейцария Ички ишлар вазирлиги бу қарорни тасдиқлади.

Июннинг бошида Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги GHF'нинг Женевадаги баҳсли бўлими «фаолсиз» ва «ҳуқуқий талабларга жавоб бермайди» дея берилган баҳони тасдиқлаган эди.

Шу можаро ортидан ташкилотнинг Швейцариядаги директори истеъфога чиқди. Trial International номли Швейцария ноҳукумат ташкилоти федерал ҳокимиятга иккита шикоят аризаси топширди ва фонд фаолиятининг шаффофлиги бўйича тергов талаб қилди. Ташкилот бу GHF фаолияти нафақат қонунга зид, балки «Швейцариянинг халқаро обрўйига хавф соладиган даражада хавфли бўлиши мумкин», дея таъкидлади.

Шунингдек, GHF'нинг Ғазода ёрдам тарқатиш модели — «инсонийликдан йироқ» экани ва уруш жиноятлари ҳамда инсониятга қарши жиноятларда ҳамкорлик сифатида баҳоланиши мумкинлигини огоҳлантирди.

GHF механизми халқаро ҳамжамият томонидан ҳам танқид остига олинган, БМТ томонидан кескин қораланган эди. Бу танқидларга сабаб — ёрдам тарқатиш пайтида содир бўлган тартибсизликлар ва юзлаб фаластинликларнинг ҳалок бўлиши бўлди. Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур Исроил бу ташкилот орқали «ёрдамни уруш қуролига айлантираётганини» айтган эди.

АҚШ Украинага ракета етказишни вақтинча тўхтатди

АҚШ ҳукумати Украина учун қурол-яроғ, жумладан Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар, Himars учун, танк ва дронга қарши юқори аниқликдаги ўқ-дорилар етказиб беришни вақтинча тўхтатди. Бунга Пентагон захиралари ҳаддан зиёд камайгани ҳақидаги хавотир сабаб бўлди. Politico манбаларига кўра, бу қарор АҚШ Мудофаа вазирлигининг сиёсий бўлими раҳбари Элбридж Колби ташаббуси билан, мавжуд захиралар кўриб чиқилгач қабул қилинган.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли бу маълумотни тасдиқлаган.

«Бу қарор Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйиш мақсадида қабул қилинди, Мудофаа вазирлиги глобал ҳарбий ёрдамни кўриб чиққач, шундай хулосага келинди», деган у AFP агентлигига.

Бош манбаларга кўра, АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет қурол захираларини текширишни буюрган ва шундан сўнг етказиб бериш тўхтатилган. Баҳолаш тугагунга қадар бу пауза давом этади. Агар захиралар етарли эмаслиги ёки бошқа минтақаларда зарурат мавжудлиги аниқланса, Украинага қурол юбориш муддати яна чўзилиши мумкин.

Европалик амалдорлар АҚШ томонидан ракеталар етказиб берилишини тўхтатиш қароридан «ҳайратга тушди». Украинанинг Европадаги иттифоқчилари Оқ уйдан ушбу қарорга ойдинлик киритишни сўрамоқда ва уларнинг айримлари Америка ўз позициясини юмшатишига умид қиляпти.

Трамп НАТО саммитида Володимир Зеленский билан ўтган «яхши» учрашувдан кейин Украинага Patriot тизимлари етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишини айтганди. АҚШ президентининг шу гапларидан кейин етказиб беришлар тўхтатилгани европаликларни кўпроқ ҳайрон қолдирган.

Европадаги жазирама инсонлар ўлимига олиб келмоқда

Европанинг катта қисмида давом этаётган эрта ёзги иссиқ тўлқини чоғида чоршанба куни Испанияда 4, Францияда 2 ва Италияда 2 киши ҳалок бўлди. Reuters нашрининг ёзишича, иссиқ тўлқин ўрмон ёнғинларига ва Швейцариядаги атом электр станциясида реакторнинг ёпилишига сабаб бўлди.

Испания расмийлари Каталонияда юз берган ўрмон ёнғинида икки киши ҳалок бўлганини, шунингдек, Кордовада ҳам иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар қайд этилганини билдирди. Франция энергетика вазири икки кишининг иссиқ туфайли вафот этганини ва 300 кишининг шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

Италия 18 та шаҳарда қизил даражадаги огоҳлантириш эълон қилди. Германияда эса айрим ҳудудларда ҳарорат 40°C га етиши прогноз қилиниб, бу йилнинг энг иссиқ куни бўлди. ANSA агентлиги хабарига кўра, Сардинияда пляжда икки нафар 60 ёшдан ошган эркак иссиқдан ҳалок бўлган. Meteo France маълумотига кўра, Франциянинг марказий ҳудудларида ҳамон қизил огоҳлантиришлар амал қилмоқда.

Туркияда ҳафтанинг бошида 50 мингга яқин одам эвакуация қилинишига сабаб бўлган ёнғинлар асосан бартараф этилган. Испаниянинг Каталония минтақасида сешанба кунги ёнғин 25 миля ҳудудга зарар етказиб, бир нечта фермаларни йўқ қилган.

Allians Research ҳисоботида айтилишича, ҳаддан ташқари иссиқлик минтақа иқтисодий ўсишини 2025 йилда ярим фоизга пасайтириши мумкин. Иссиқ 32°C дан ошган бир кунлик молиявий зарар «иш ташлашнинг ярим куни»га тенг деб баҳоланмоқда.

Олимлар бу йил иссиқ тўлқинлар олдинроқ бошланиб, баъзи ҳудудларда ҳароратни 10°C гача оширганини айтмоқда. Иссиқ океанлар Европа устида «иссиқлик гумбази» ҳосил қилиб, иссиқ ҳаво массасини ушлаб қолган.

Беларусда «Орешник» жойлаштирилади

Россиянинг «Орешник» энг янги гипертовушли баллистик ракета тизими жорий йил охиригача Беларусда жойлаштирилади. Бу ҳақда президент Александр Лукашенко республика Мустақиллик кунига бағишланган тадбирда маълум қилди.

«Волгоградда Путин билан келишиб олдик. «Орешник»нинг дастлабки позициялари Беларусда бўлади. «Орешник» қандай ишлашини кўрдингиз. Йил охирига қадар бу қурол Беларусда жойлаштирилади. «Орешник» Беларус тупроғида бўлади», — деди у.

Лукашенко бу қадамни мамлакат миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳаракатларининг бир қисми сифатида баҳолади. Унинг фикрича, бу суверенитетни ҳимоя қилиш ва ташқи таҳдидларнинг олдини олиш учун зарур.

«Орешник» — бир нечта жанговар каллакларга эга Россиянинг янги баллистик гипертовушли ракетаси. У ҳам ядровий, ҳам ядросиз вариантда жиҳозланиши мумкин. Ракетанинг учиш масофаси 5500 километрни ташкил қилади.

АҚШда «Тимсоҳли Алкатрас»

АҚШ президенти Доналд Трамп Флорида штатида, тимсоҳлар билан тўла ҳудудда янги қурилган иммиграция ҳибсхонасини кўздан кечирди. Бу марказ норасмий равишда «Тимсоҳли Алкатрас» (Alligator Alcatraz) деб номланади. USNews'нинг ёзишича, Трамп бу жойни депортация жараёнларини тезлаштиришга мўлжалланган бинолар учун намунавий лойиҳа сифатида мақтаган ва ҳаттоки, АҚШ фуқаролари ҳам депортация қилиниши мумкинлигини айтиб ўтди.

Марказга Трамп билан бирга Флорида губернатори Рон ДеСантис ва АҚШ Ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэм ҳам ташриф буюрди.

«Тимсоҳли Алкатрас» бутун мамлакат бўйлаб қурилиши мумкин бўлган қамоқхоналарга намуна бўла олади. Бу марказ Департаментга оммавий депортацияларни амалга ошириш учун етарли жой ва ётоқ ўринларини тақдим этади», дейилади расмий баёнотда.

Ушбу муассаса ДеСантис администрацияси томонидан саккиз кун ичида, 10 милга чўзилган ботқоқлик ҳудудида тезкорлик билан қурилган. У панжара тиканли симлар, кузатув камералар ва 400 нафар хавфсизлик ходими билан таъминланган. Тахминан 3 минг мигрантни сақлашга мўлжалланган.

Бу марказ қурилишига қарши АҚШ муҳожирларининг ҳуқуқ ҳимоячилари, экофаоллар ва аждодларининг юртини ҳимоя қилаётган маҳаллий америкаликлар аэропортга йиғилиб, норозилик билдирган.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди