Жаҳон | 11:30 / 12.05.2025
3519
1 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти Қатардан «учар сарой» олади

АҚШ президенти маъмурияти Қатар қироллик оиласидан совға сифатида ҳашаматли Boeing 747-8 самолётини қабул қилишга тайёрланмоқда, деб хабар берди ABC News.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Қатар қироллик оиласидан ҳашаматли Boeing 747-8 самолётини совға сифатида қабул қилишга тайёрланмоқда. Совға Трамп томонидан Air Force One президентлик борти сифатида ишлатилиши кутилмоқда. Унинг муддати тугагунга қадар лайнерга эгалик ҳуқуқи Трамп президентлик кутубхонаси фондига ўтади. Бу ҳақда 11 май, якшанба куни ABC News ахборот хизмати манбаларга таяниб хабар берди.

Совға ҳақида келаси ҳафта Трамп Қатарга ташриф буюрганида эълон қилиниши кутилмоқда. Бироқ, топширишнинг ўзи ташриф давомида амалга оширилмайди.

Оқ уй раҳбари кўпинча «учар сарой» деб аталадиган самолётни февраль ойида Флоридадаги Уэст-Палм-Бич халқаро аэропортида қисқа муддатга қўнганида кўрган.

Оқ уй бош юристи Дэвид Уоррингтон ва Адлия вазирлиги экспертларининг фикрича, агар совға Мудофаа вазирлигида рўйхатдан ўтса ва муддати тугагунига қадар Трамп кутубхонасига ўтказилса, коррупцияга қарши қонунларни техник жиҳатдан бузмайди.

Мавзуга оид