Ўзбекистон | 19:09 / 12.05.2025
2349
1 дақиқада ўқилади

Камбағал оилаларнинг талаба қизларига махсус стипендия тўланади

Шунингдек, камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Фото: Getty images

«Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июндан «қизил» тоифага киритилган оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқиган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади.

2025 йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод этилади.

2026 йил 1 январдан камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилишини мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.

Мавзуга оид