Жаҳон | 15:27 / 10.05.2025
7062
5 дақиқада ўқилади

Тарихни қайта ёзаётган Трамп ва Ҳиндистон–Покистон ҳаво жанглари — геосиёсий ҳафта таҳлили

Тарихни қайта ёзаётган Трамп ва Ҳиндистон–Покистон ҳаво жанглари – геосиёсий ҳафта таҳлили.

Трамп 8 майни Ғалаба куни деб эълон қилди. У Канадани 51-штатга айлантириш орзусидан воз кечмаяпти. Кремл нефт нархи орқали бўладиган босимдан қўрқмаслигини билдирди. Покистон-Ҳиндистон ҳаво жангларидан сўнг Исломобод захира аскарларни шайликка чорлади. Ватиканда янги папа сайланди.

Жорий ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Кun.uzʼнинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида таҳлил қилинди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Покистон ва Ҳиндистон ўзаро ҳаво ҳудудига кирмасдан бир-бирига зарбалар берди. Бу янги уруш тенденциясими ёки томонлар катта урушни хоҳламаганмиди?

Сиёсатшунослар икки давлат асосан кучини намойиш қилиш учун ҳарбий ҳаракат бошлаганини ва бу уруш катта миқёсга чиқмаслигини айтди. Ҳақиқатан ҳам 10 май куни АҚШ воситачилигида сулҳга эришилди, бу хабарларни Покистон ва Ҳиндистон ҳам дарҳол тасдиқлади. 22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистонга тегишли ҳудудида сайёҳлар ҳужумга учрагач, расмий Деҳли 6 май куни “Синдур” операцияси ўтказилишини айтган ва Кашмирдаги Покистон ҳудудига зарбалар берган эди. Шундан сўнг Исломобод ҳам “Банян-ул-Марсус” номли ҳарбий операция ўтказишини билдириб, ҳаттоки захирадаги аскарлар ҳам чақирилишини айтган эди. Вашингтон воситачилигидаги келишувдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан тўхтатган сув келишувини қайта тиклайдими ёки йўқ, бу ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Сиёсатшунос Ойбек Сирожов икки ядровий давлатнинг зиддияти Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам хавотирли экани, чунки Тошкентнинг денгизларга чиқувчи бир қанча лойиҳалари айнан Исломобод ва Деҳли муносабатларига боғлиқлигини қайд этди.

Трамп 8 майни Ғалаба куни деб эълон қилди. Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг иштироки қандай бўлган?

Сиёсатшунос Хайрулла Умаровнинг таъкидлашича, Гарри Труман АҚШ президентлигига келишидан аввал “урушда ким ғолиб бўлса, ўша томонда бўламиз” деган фикрни илгари сурган, Америка иқтисодиёти айнан уруш даврида ўсган, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг СССРга тақдим этган “Ленд-лиз” дастури ҳам уруш тақдирига сезиларли таъсир кўрсатган. Бироқ Фазлиддин Мадиев урушдан кейин ғолиблар ўртасида тақсимланган ресурслар масаласида собиқ иттифоқ келишилгандан ҳам кўпроқ ўлжа олгани, ҳаттоки Россия ҳудудидаги айрим саноат корхоналарида немис техникалари ҳозир ҳам мавжудлигини қайд этди.

Таҳлилчи Шуҳрат Расул эса Умаровнинг фикрларини рад этиб, “Труман ғолиб тарафни қўллаймиз деган гапни давлат раҳбари бўлишдан аввал айтган ва бу АҚШ позициясини англатмаслиги”ни айтади.

“Лекин амалда бу уруш икки фашист империя – СССР ва Германия тўқнашуви эди. СССРнинг ҳам Ҳитлер Германиясидан фарқи йўқ эди”, дейди Шуҳрат Расул. Унинг фикрича, Ҳитлер ғояси этник устунликни илгари сурган бўлса, собиқ иттифоқ элитаси идеологияси ҳам синфий фашизм кабидир. СССР инсониятга қарши жиноятлар бўйича фашизмдан кам зарар етказмаган. Сталин сиёсати коммунизмни дунёга ёймоқчи эди, икки империянинг тўқнашуви вақт масаласи эди.

“Иккинчи жаҳон урушининг бошланишига СССР ҳам сабабчи бўлган, 1939 йил 23 августда СССР ва Германия ўртасида Молотов-Риббентроп пакти имзоланди, унинг махфий бандларига кўра, Шарқий Европа таъсир доираларига бўлинди. Ҳар икки давлат Полшага қизиқиш билдирган: СССР Ғарбий Украина, Ғарбий Беларус ва Бессарабияни қайтариб олмоқчи эди, Германия эса Болтиқбўйи давлатларига даъводан воз кечди. Шартномага мувофиқ, Германия ва СССР бир вақтда Полшага қўшин киритиши керак эди, аммо 1 сентябрда фақат Германия ҳужум қилди ва уруш бошланди. 17 сентябрда СССР ҳам Полшага бостириб кирди. Брестда совет ва олмон қўмондонлари иштирокидаги парадда Полша бўлиниши нишонланди.

Урушдан фойдаланиб СССР ўз ҳудудларини кенгайтира бошлади. 1939 йил ноябрдан 1940 йил мартгача у Финландия билан уруш олиб борди. Бу жараёнлар СССРнинг стратегик манфаатларига хизмат қилган”, дейди таҳлилчи.

Сиёсатшунос Ойбек Сирожов ҳам Иккинчи жаҳон урушида АҚШнинг роли беқиёс бўлгани ва ўша даврдаги мамлакат президенти Рузвелтнинг ғалабага, шунингдек, АҚШнинг улкан қудрат соҳибига айланишига ҳам самарали ҳисса қўшганини эътироф этди.

Шунингдек, суҳбат давомида Трампнинг Канада бош вазири билан мулоқоти, Москвага қарши нефт босими, Яқин Шарқдаги вазият, Римда сайланган папа ва шу каби ҳафтанинг муҳим воқеалари муҳокама қилинди.

Баҳсларга бой ўтган суҳбатни You Tube платформасида тўлиқ шаклда томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид